Тадбиркорлик субъектларини ишончли ҳимоя қилиш- мамлакатни иқтисодий ривожлантиришнинг пойдевори

Президентимиз Ислом Каримов раҳнамолигида ишбилармонлик муҳитини янада яхшилаш, шу жумладан, янги иш бошлаётган тадбиркорларга ҳар томонлама қулайлик яратишга қаратилаётган эътибор мазкур соҳанинг изчил ривожланишига кенг йўл ҳамда имконият очиб бермоқда.

Қонунчилигимизда хусусий мулк устуворлиги мустаҳкамлаб қўйилганлиги ва унинг ишончли ҳуқуқий кафолатлари таъминланаётганлиги, ушбу соҳанинг муҳим аҳамият касб этишидан далолат беради. Хусусий секторга кенг эркинлик бериш, бюрократик ғовларни бартараф этишга оид бир қатор муҳим меъёрлар амалиётга татбиқ этилиши натижасида рухсат бериш тартиб-таомиллари тубдан қисқартирилди. Барча даражадаги давлат бошқаруви идоралари билан ўзаро муносабатларда тадбиркорлар ҳуқуқларининг устуворлиги принципи жорий қилинди.

2015 йил 21 августда кучга кирган “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига хусусий мулкни, тадбиркорлик субъектларини ишончли ҳимоя қилишни янада кучайтиришга, уларни жадал ривожлантириш йўлидаги тўсиқларни бартараф этишга қаратилган ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун бу борадаги навбатдаги муҳим қадам бўлди.

Юқоридаги Қонунда амалдаги 10 кодекс ва 33 қонунга тадбиркорликни жадал ривожлантириш йўлидаги тўсиқларни бартараф этиш, хусусий сектор фаолиятига ноқонуний аралашганлик учун мансабдор шахсларнинг жавобгарлигини кучайтириш, соҳага оид қонунчиликни янада либераллаштиришга қаратилган ўзгартиш ва қўшимчалар қамраб олинган.

Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 184-моддасига киритилган қўшимча Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2015 йил 15 майдаги “Хусусий мулк, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ишончли ҳимоя қилишни таъминлаш, уларни жадал ривожлантириш йўлидаги тўсиқларни бартараф этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармон билан тасдиқланган чора-тадбирлар Дастурининг9-банди ижросини таъминлаш мақсадида киритилган. Унда биринчи марта жиноят содир этган шахс, агар у солиқ текшируви материалларини кўриб чиқиш натижалари бўйича давлат солиқ хизмати органининг қарорини олган кундан эътиборан ўттиз кун ичида солиқлар ва бошқа мажбурий тўловлар, шу жумладан пенялар ва бошқа молиявий санкциялар тарзида давлатга етказилган зарарнинг ўрнини тўлиқ қопласа, жавобгарликдан озод қилиниши белгиланган.

Мазкур жиноят жиноий жавобгарлик (жарима: 150-600 экоиҳ, қамоққа олиш, 5 йилгача озодликдан маҳрум қилиш) ва солиқлар суммасини ундириш билан бир қаторда Солиқ кодексининг 114-моддасига мувофиқ молиявий жазога (товарлар реализациясидан олинган даромаднинг 20%) сабаб бўлиши, бу тадбиркорликнинг ривожланишига салбий таъсир кўрсатиши ҳамда судланган шахслар сони кўпайишига, шунингдек тергов-суд органлари ходимларининг иш хажми ошиши сабабини бартараф этиши билан алоҳида эътиборга молик.

Бундан ташқари, Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 176-моддасига киритилган қўшимча юқорида таъкидланган чора-тадбирлар Дастурининг 10-банди ижросини таъминлаш мақсадида киритилган.

Мазкур модданинг 4-қисмида ҳуқуқбузарликни биринчи марта содир этган шахс ноқонуний тадбиркорлик фаолиятидан олинган даромад давлатга ихтиёрий равишда тўланган, шунингдек, тадбиркорлик субъектини белгиланган тартибда давлат рўйхатидан ўтказиш амалга оширилган тақдирда ҳуқуқбузарлик ашёлари мусодара қилинмаган ҳолда жавобгарликдан озод қилиниши кўрсатилган. Бу биринчи марта хуқуқбузарликка йўл қўйган шахсларни ўз фаолиятини тегишли тартибла давлат рўйхатидан ўтказиб олиб боришига имкон беради,шунингдек, тадбиркорлик соҳасини кенг ривожланиши ва иқтисодни барқарорлигини таъминлашга асос бўлиб хизмат қилади.

Ушбу қонун билан Ўзбекистон Республикаси “Тадбиркорлик фаолияти эркинлигининг кафолатлари тўғрисида”ги Қонуннинг 5-моддаси 4-қисмига қўшимча киритилган бўлиб, ундакичик тадбиркорлик субъектлари учун қонун ҳужжатларида назарда тутилган имтиёз ва преференциялар, кафолатлар ва ҳуқуқлар ушбу модданинг биринчи қисмида кўрсатилган тадбиркорлик субъектлари томонидан ваколатли органларга ва ташкилотларга (давлат солиқ, божхона хизмати органларига, давлат статистика органларига, банкларга ва бошқаларга) ёзма равишдаги мурожаатларсиз қўлланилиши белгиланган.

Эндиликда, қонун ҳужжатлар билан тақдим этилган имтиёзлар ва преференцияларни қўллаш учун тадбиркорлик субъектларидан олинадиган маълумотларнинг ҳаққонийлиги ва ёзма мурожаат қилиш мажбурияти бекор қилиниб, ушбу имтиёзлар ва преференцияларни қўллаш вазифаси тегишли ваколатли орган зиммасига юклатилди.

Шу билан бирга,“Тадбиркорлик фаолияти эркинлигининг кафолатлари тўғрисида”ги Қонунига янги 301-моддаси (Тадбиркорлик фаолияти субъектларига берилган имтиёзлар ва преференцияларни қўллашнинг кафолатлари) киритилиб давлат органлари, уларнинг мансабдор шахслари қонун ҳужжатларида берилган имтиёзлар ва преференцияларни қўллаш тартибини ўз ваколатлари доирасида тушунтириш, шунингдек уларнинг қўлланилишини таъминлаши шартлиги ҳам белгиланиб олинди.

Мухтасар қилиб айтганда, бугунги кундаги тадбиркорлик соҳасини ишончли ҳимоя қилишни таъминлаш, уларни жадал ривожлантириш йўлидаги тўсиқларни бартараф этиш борасидаги ислоҳотлар замон ва бозор иқтисодиёти талабларига мос олиб борилаётганлиги ҳамда мазкур йўлда вужудга келадиган барча муаммоларни тегишли тартибда ҳал этиш ҳуқуқни муҳофаза қилувчи, назорат қилувчи ва бошқа ваколатли давлат органларининг асосий вазифалардан бири эканлиги барчамизга аёндир.

Ҳ.Хўжамқулов, Самарқанд вилоят адлия бошқармаси бошлиғининг биринчи ўринбосари  


Рўйҳатга қайтиш