Тадбиркорлар фаолиятининг қонуний кафолати

Президентимиз Ислом Каримовнинг ташаббуслари билан мамлакатимиз иқтисодиётини янада ислоҳ қилиш, таркибий ўзгартириш ва диверсификациялаш дастурини ҳаётга татбиқ этишда ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларининг роли ва масъулиятини оширишга алоҳида эътибор қаратилиб келинмоқда.

Жаҳон бозорида беқарорлик ҳамон сақланиб турган бугунги шароитда Ўзбекистонда миллий иқтисодиётимизнинг барча соҳалари изчил ривожланиб, кенг кўламли таркибий ўзгаришлар давом этмоқда, бозор механизмлари мустаҳкамланиб, экспорт салоҳияти юксалтирилмоқда ва хорижий инвестицияларни жалб этиш ҳажми ортиб бормоқда. Буларнинг барчаси ялпи 
ички маҳсулотнинг ўсиш суръатларида ва саноат маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳажмида ўз ифодасини топган. Сўнгги ўн бир йилда мамлакатимизда ялпи ички маҳсулот ўсиш кўрсаткичлари 8 фоиздан ошди.

Шу маънода Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2015 йил 15 майдаги “Хусусий мулк, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ишончли ҳимоя қилишни таъминлаш, уларни жадал ривожлантириш йўлидаги тўсиқларни бартараф этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПФ-4725-сонли Фармони алоҳида аҳамият касб этмоқда.

Давлатимиз раҳбарининг мазкур Фармонида тадбиркорлик фаолиятига ноқонуний аралашиш ва тўсқинлик қилиш, хусусий мулкдорлар ҳуқуқларини бузганлик учун давлат, ҳуқуқни муҳофаза қилиш ва назорат қилувчи органларнинг мансабдор шахслари жавобгарлигини жиноий жавобгарликка тортиш даражасигача оширишга алоҳида эътибор қаратилган.

Бундан ташқари, ҳужжатда хусусий мулкни ҳимоя қилиш кафолатларини кучайтириш, тадбиркорлик фаолиятини тартибга соладиган маъмурий ва жиноят қонунчилигини либераллаштириш жараёнини давом эттириш, барча турдаги рўйхатдан ўтказиш, рухсат бериш ва лицензиялаш, шунингдек, ташқи иқтисодий фаолиятни амалга ошириш билан боғлиқ тартиб-таомилларни янада соддалаштириш кўзда тутилган. Фармонда тадбиркорлик субъектларининг моддий ва кредит ресурсларидан фойдаланишини кенгайтириш, бизнес муҳитини янада яхшилашга алоҳида урғу берилган.

Белгилаб берилган барча вазифалар Ўзбекистон Республикасининг “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига хусусий мулкни, тадбиркорлик субъектларини ишончли ҳимоя қилишни янада кучайтиришга, уларни жадал ривожлантириш йўлидаги тўсиқларни бартараф этишга қаратилган ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги ЎРҚ-391-сон Қонунида ўз ифодасини топди. Қонунга биноан тадбиркорлик субъектлари фаолиятининг деярли барча жиҳатларига дахл қиладиган 40 дан ортиқ қонун ҳужжатига ўзгартиш ва қўшимчалар киритилди.

Янги қабул қилинган қонун ҳужжатларининг амалиётга татбиқ этилиши ишбилармонлик муҳитини янада яхшилаш, маҳаллий ва хорижий сармояларни кенг жалб этиш, янги иш ўринлари яратиш имконини беради.

Белгиланган вазифаларда ютуқларга эришиш мақсадида янги нормаларни қонуности ҳужжатларига, давлат, назорат қилувчи ва ҳуқуқни муҳофаза қилиш идоралари амалиётига жорий этишни жадаллаштириш, назорат қилувчи органлар фаолиятини ўзгартириш ва профилактика ишларига алоҳида эътибор қаратиш, бизнес субъектларининг ҳуқуқий маданиятини ошириш муҳим аҳамият касб этади.

Ушбу борада Самарқанд вилоят адлия бошқармаси томонидан жорий йилнинг ўтган даври мобайнида бир қатор амалий ишлар амалга оширилди.

Жумладан, аҳоли орасида тадбиркорликка оид қонун ҳужжатлари мазмун-моҳиятини тарғиб қилиш ҳамда жойларда аҳоли ҳуқуқий онгини ошириш мақсадида Самарқанд вилоят адлия бошқармаси томонидан вилоятнинг туман (шаҳар)ларида 2015 йил давомида ўтказиладиган “Очиқ эшиклар куни” тарғибот тадбирлари режаси ишлаб чиқилди ҳамда тегишли вилоят ташкилотлари билан келишилиб, тасдиқланди.

Ушбу режага асосан 2015 йилнинг ўтган даври мобайнида вилоят адлия бошқармаси, тегишли вилоят ташкилотлари ҳамда туман (шаҳар) ҳокимликлари билан ҳамкорликда вилоятнинг Самарқанд, Каттақўрғон шаҳарлари, Жомбой, Пастдарғом, Ургут, Каттақўрғон, Нарпай, Оқдарё, Нуробод ва Иштихон туманларида “Очиқ эшиклар куни” тарғибот тадбирлари ўтказилиб, мазкур тадбирларда тадбир иштирокчиларига Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2015 йил 15 майдаги ПФ-4725-сонли Фармони, Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига хусусий мулкни, тадбиркорлик субъектларини ишончли ҳимоя қилишни янада кучайтиришга, уларни жадал ривожлантириш йўлидаги тўсиқларни бартараф этишга қаратилган ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги ЎРҚ-391-сон Қонуни ҳамда тадбиркорликка оид бошқа Қонун ҳужжатлари мазмун-моҳияти тўғрисида батафсил ҳуқуқий тушунтиришлар берилиб, тадбир иштирокчилари ўзларини қизиқтирган саволларга ижобий жавоблар олишди.

Бундан ташқари, бошқарма томонидан 2015 йилнинг ўтган даври мобайнида тадбиркорларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш мақсадида ўтказилган 129 та ўрганиш натижаларида ҳокимлик, солиқ идоралари, тижорат банклари, назорат қилувчи ва бошқа идоралар томонидан 1296 тақонунбузилиш ҳолатларига йўл қўйилганлиги аниқланди.

Бошқарма томонидан тадбиркорлик субъектлари фаолиятига асоссиз аралашиш, уларнинг фаолиятига тўсқинлик қилиш ва улар фаолиятини асоссиз равишда тўхтатиб қўйиш ва бошқа ҳолатларни бартараф қилиш юзасидан 139 та тақдимнома ва 45 та огоҳномалар киритилди. Ушбу таъсир чоралари натижасида 101 нафар мансабдор шахслар интизомий жавобгарликка тортилди, шундан 3 нафар мансабдор шахс эгаллаб турган лавозимидан озод этилди.

Шунингдек, тадбиркорларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини чеклаб қўйган давлат бошқарув идораларининг 18 та ноқонуний қарорлари бекор қилинди ва 10 та ноқонуний қарорларнинг ижроси тўхтатилди.

Жумладан, Пастдарғом тумани, Галатут маҳалласида жойлашган “Сифат газ инвест” МЧЖ раҳбари Ғ.Хўжамбердиевнинг Пастдарғом туман электр таъминоти корхонаси раҳбари Жамшид Шоназаровнинг хатти-ҳаракатларидан норози бўлиб, ёзган шикояти ўрганиб чиқилди.

Ўрганишда, Пастдарғом туман электр тармоғи раҳбари Ж.Шоназаровнинг топшириғига асосан 2015 йил 03 июл куни “Сифат газ инвест” МЧЖ, жамият томонидан барча тўловлар вақтида амалга оширилганлигига қарамасдан, ҳеч қандай огоҳлантиришларсиз асоссиз электр тармоқларидан узилганлиги маълум бўлди.

Ушбу ҳолатга аниқлик киритиш мақсадида Пастдарғом туман электр таъминоти корхонаси раҳбари Ж.Шоназаровдан тушунтириш олинганда, тадбиркорлик субъекти жойлашган ҳудудда сув қувурларини алмаштирмаганлиги учун электр тармоғидан вақтинча узиб қўйилганлигини ва ҳозирда корхонага тўлиқ электр таъминоти тикланганлигини билдирди.

Ваҳоланки, “Тадбиркорлик фаолияти эркинлигининг кафолатлари тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 34-моддаси 1-қисмига кўра, давлат органлари, бошқа ташкилотлар ҳамда уларнинг мансабдор шахслари тадбиркорлик фаолияти субъектларининг қонун ҳужжатларига мувофиқ амалга ошираётган фаолиятига аралашишга ҳақли эмаслиги белгиланган.

Аниқланган қонунбузиши ҳолатлари юзасидан “Самарқанд вилоят электр тармоқлари” АЖ раҳбари номига тақдимнома киритилиб, АЖ раҳбари Ғ.Примовнинг 2015 йил 29 августдаги 601-сонли буйруғига асосан қонунбузилиши ҳолатини содир этган Пастдарғом туман электр таъминоти корхонаси раҳбари Жамшид Шоназаров эгаллаб турган лавозимидан озод қилинди.

Шунингдек, жорий йилнинг 9 ойи давомида тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини қўпол равишда бузган мансабдор шахсларни суд тартибида жавобгарликка тортиш мақсадида жами 17 та маъмурий баённомалар ҳамда таклифлар расмийлаштирилиб, тегишли ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идораларга юборилди. Мазкур ҳужжатларни кўриб чиқиш натижасида 15 нафар айбдор шахслар суд қарорларига асосан маъмурий жавобгарликка тортилиши таъминланди.

Хусусан, Самарқанд шаҳар, Спитаменшоҳ кўчаси, 157-уйда жойлашган “Сам феникс строй” МЧЖ раҳбари О.Раҳимовнинг тош майдалаш цехи қуриш учун 10 гектар ер майдони ажратиш тўғрисидаги аризаси Булунғур туман ҳокимлиги томонидан мазмунан ҳал этилмаётганлигидан норози бўлиб ёзган аризаси ўрганиб чиқилди.

Ўрганишда, Булунғур туман ҳокимлиги мансабдор шахслари ҳаракатида жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатларини кўриб чиқиш тартиби ва муддатлари узрли сабабларсиз бузилганлиги, фуқаронинг мурожаатига жавоб берилмаганлиги, яъни Ўзбекистон Республикаси Маъмурий Жавобгарлик тўғрисидаги Кодексининг 43-моддасида назарда тутилган ҳуқуқбузарлик содир этилганлиги аломатлари мавжудлиги боис, тўпланган ҳужжатлар айбдор шахсларнинг маъмурий жавобгарлик масаласини кўриб чиқиш учун Самарқанд вилоят прокуратурасига юборилди. Ўз навбатида вилоят прокуратураси томонидан маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисида иш қўзғатилиб, тўпланган маъмурий материаллар кўриб чиқишлик учун ЖИБ Булунғур туман судига юборилган.

ЖИБ Булунғур туман судининг қарори билан ҳуқуқбузар Булунғур туман бош архитектори Хатамов Камолжон Раббимқуловичга нисбатан Ўзбекистон Республикаси МЖтКнинг 43-моддаси билан 236 800 сўм миқдорида жарима қўлланилган.

2015 йилнинг 9 ойида бўлим ходимлари томонидан жойларда ўтказилган ўрганишлар жараёнида назорат қилувчи идоралар томонидан 17 та ҳолатда ноқонуний текшириш ўтказиш ва тадбиркорлик субъектлари фаолиятига асоссиз аралашиш ҳолатига йўл қўйилганлиги аниқланди.

Тадбиркорлик субъектлари фаолиятида ноқонуний текшириш ўтказиш ва фаолиятига асоссиз аралашишларнинг 16 таси Пахтачи туман ер ресурслари ва давлат кадастри бўлими бошлиғи В.Исломов ва 1 таси Самарқанд Тармоқ ИИБ ЁХГ ходими кичик сержант Ў.Саидов томонидан ўтказилганлиги маълум бўлди.

Жумладан, Пахтачи туман ер ресурслари ва давлат кадастри бўлими бошлиғи В.Исломов томонидан Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигида 2006 йил 06 майда 1573-рақам билан рўйхатга олинган “Назорат қилувчи органлар томонидан юридик шахслар фаолиятини мувофиқлаштириш тартиби тўғрисида”ги Низом талабларига зид равишда Пахтачи туманидаги 16 та фермер хўжаликларида ваколатли орган рухсатисиз текширишлар ўтказилганлиги аниқланди.

Жумладан, 2014 йил 26 апрель куни туманидаги “Карвон зарчашмаси даласи” фермер хўжалигида бўлим бошлиғи В.Исломов ва ер тузучи Ю.Файзиевлар томонидан ваколатли орган рухсатисиз текшириш ўтказилган.

Ўтказилган текшириш натижаларига кўра, 2014 йил 28 май куни Ўзбекистон Республикаси ер ва ундан фойдаланиш қонунчилиги талабларини бузганлиги ҳақида Пахтачи туман ер ресурслари ва давлат кадастри бўлими бошлиғи В.Исломов томонидан фермер хўжалиги раиси Ф.Санақуловага нисбатан 000214-сонли маъмурий жавобгарликка тортиш тўғрисида қарор билан МЖтКнинг 65-моддаси 1-қисмига асосан 288.315 сўм миқдорида маъмурий жаримага тортилган.

Аниқланган қонунбузилиши ҳолатлари юзасидан тегишли идораларга 2 та тақдимнома киритилди ва натижасига кўра 1 нафар айбдор шахс интизомий жавобгарликка тортилиб, эгаллаб турган лавозимидан этилди. 16 та ноқонуний қарорлар бекор қилинди, тадбиркорларга етказилган 3 млн. 200 минг сўм маънавий зарарларни ундириш тўғрисида ФИБ Каттақўрғон туманлараро судига 16 та даъво аризалари киритилди ва барчаси қаноатлантирилди.

Ҳозирги кунда бошқармага юклатилган вазифа ва функцияларни тўлақонли бажариш, тадбиркорлар ҳуқуқларини ҳимоя қилишда амалий ишлар давом эттирилмоқда.

Д.Тайлаков, Самарқанд вилоят адлия бошқармаси бош маслаҳатчиси 


Рўйҳатга қайтиш