ТАДБИРКОР – БЕЛИДА БЕЛБОҒИ БОР...

Халқимиз ҳамма вақт ҳиммати баланд инсонларнинг қадр-қимматини юксак қадрлаган. Сабаби, тадбирли кишилар энг мураккаб масалалар қаршисида ҳам мужмалланиб қолмаганлар, тадбир қўллаб ҳар қандай вазиятдан йўл топа олишлари билан ажралиб турганлар. Уларни белида белбоғи борлар ёки қўли қўлтиғига сиғмайдиган одамлар, деб ҳам олқашади. Бинобарин, кўзнинг қўрқоқлигини қўл аритади, ҳиммат камарини боғлаб белини мустаҳкам қилган кишилардан бирор-бир юмуш юмшамай қолмайди.

Умуман олганда белни боғлашда ҳикмат кўп: масалан сувнинг белини боғлаб саҳроларни суғорганмиз; қамишнинг белини боғлаб бўйро қилганмиз – фойдаси бисёр бўлган. Одамларнинг ҳам бирор-бир ишга киришиш олдидан белларини маҳкам боғлашлари шундан – камарбасталикнинг хосиятли эканидан.

Шунинг учун ҳам Соҳибқирон Амир Темур ҳазратлари ўз тузукларида: "Тажрибамда кўрилганким, ишбилармон, мардлик ва шижоат соҳиби, азми қатъий, тадбиркор ва ҳушёр бир киши минг-минглаб тадбирсиз, лоқайд кишилардан яхшидир", деб ёзган эдилар.

Мана шу жиҳатдан олиб қараганда, юртимизда мустақиллик йиллари тадбиркорлик фаолиятини ривожлантириш, жумладан, хусусий мулк, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш ва рағбатлантиришга алоҳида эътибор қаратилиб келинаётгани бежизга эмаслиги, бинобарин собиқ шўролар тузуми халқимизни бир умр қуллик ва мутелик исканжасида тутиш учун атай мана шу каби хайрли ишларга йўл бермай келгани рўй-рост намоён бўлади. Буни чуқур англаган Юртбошимиз истиқлолнинг дастлабки кунлариданоқ тадбиркорликка кенг йўл очиб бердилар. Мамлакатимизда уларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича аввало мустаҳкам ҳуқуқий асос яратилди. Молиявий кўмак кўрсатилди, моддий-техника базасини мустаҳкамлашга қаратилган чора-тадбирлар белгиланди.

Лекин, тан олиб айтиш керакки, салкам бир юзу эллик йил мобайнида тутқунликда яшаб, эскича иш услублари қон-қонимизга сингиб кетгани боис жамиятда томир ёйган айрим иллатлардан халос бўлишимиз осон кечмаяпти. Янгиликнинг йўлига ғов бўлиш, пешқадамлар йўлига сунъий тўсиқлар қўйиш каби нохуш ҳолатлар учраб турибди. Тўрачилик кайфияти, кераксиз сансалорликлар ортиқча сарф-харажат ва овворагарчиликларга сабаб бўлмоқда. Шунинг учун ҳам давлатимиз тадбиркорларни ҳар жиҳатдан қўллаб-қувватлашга, ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилишга доимий эътибор қаратиб келмоқда. Бу борада сўнгги йилларда қабул қилинган айрим қонунлар ва Президент фармонлари соҳада таркибий ўзгаришлар, хусусий мулк, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни жадал ривожлантириш, қулай ишбилармонлик муҳитини яратиш учун кенг йўл очиб берадиган қонунчилик базасини янада мустаҳкамлашда муҳим аҳамият касб этяпти.

Давлатимиз раҳбари жамиятни эркинлаштириш, бизнес юритиш учун ҳуқуқий ва қонунчилик базаси ҳамда зарур шароитларни мунтазам равишда такомиллаштириб бориш муҳим ҳаётий зарурат эканини таъкидлаб, “... соҳа ривожи учун ғоят қулай ва устувор шароитларни яратиб берар эканмиз, аввало, шуларнинг ҳисобидан иқтисодиётимизнинг ўсиш суръатларини тезлаштириш, аҳолимизнинг иш билан банд бўлиши ва даромад топиши билан бир қаторда, биз учун янги бўлган, демократик ислоҳотларнинг асосий таянчи ва ҳаракатлантирувчи кучи – ўрта синфни шакллантиришни кўзда тутамиз” деб изоҳ берадилар. Демакки, тадбиркорнинг камолида юрт жамоли, тадбиркорликнинг равнақида эл маъмурлиги акс этади – агар чуқурроқ ўйлаб кўрсак, бундан барча-барчамизга фақат манфаат бор. Башарти, Президентимизнинг 2015 йил 15 майдаги “Хусусий мулк, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ишончли ҳимоя қилишни таъминлаш, уларни жадал ривожлантириш йўлидаги тўсиқларни бартараф этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони мана шу йўлдаги яна бир хайрли одим бўлди дейишга тўла асосимиз бор. Зотан, тўрт йўналишда ўттиз уч банддан иборат чора-тадбирлар комплекси тасдиқланган мазкур дастурда, тадбиркорлик субъектларини ташкил этиш, жадал ривожлантириш, фаолиятини йўлга қўйиш тартибларини соддалаштириш, маъмурий ва жиноят қонунчилигини либераллаштириш ҳисобидан тадбиркорликка янада кенг эркинлик беришга алоҳида эътибор қаратилган.

Сир эмас, муқаддам тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланишга бел боғлаган кишилар бир қатор бюрократик тўсиқларни ошиб ўтишига тўғри келарди: иш бошлаш арафасида бир қатор идораларга учрашиб, бир талай ҳужжатларни тўлдириши – имзо тўплаши шарт эди. Ҳали у-ҳали бу дарчага бош суқиб, куч-қувватини ва қимматли вақтини мана шу каби ортиқча юмушларга сарф қилиб қўярди.

Мазкур Фармонда давлат хизматларидан фойдаланишда бюрократик тўсиқларни бартараф этиш, очиқлик ва шаффофликни таъминлаш, тадбиркорларнинг хизмат кўрсатувчи мансабдор шахслар билан бевосита алоқасини истисно қилиш мақсадида туман (шаҳар) ҳокимликлари ҳузуридаги тадбиркорлик субъектларини рўйхатга олиш инспекциялари негизида “Ягона дарча” тамойили асосида тадбиркорлик субъектларига давлат хизматлари кўрсатиш марказлари ташкил этилиши белгиланган бўлиб, ушбу Фармоннинг ижросини таъминлаш бўйича Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2015 йил 28 сентябрда қабул қилган Қарори дастурнинг амалий кучга кирганини тасдиқлади.

Мазкур Қарорга асосан “Ягона дарча” тамойили бўйича давлат хизматлари кўрсатиш, тадбиркорлик субъектларини рўйхатдан ўтказиш, рухсат бериш ва лицензиялаш тартиб-таомилларидан ўтишда шаффофликни таъминлаш, бу борада бюрократик тўсиқ ва ғовларга йўл қўймасдан давлат хизматлари кўрсатаётган давлат органлари ва бошқа ташкилотлар билан яқин ҳамкорлик ўрнатиш ҳамда аризачиларга ахборот олишда ёрдам кўрсатиш, шунингдек давлат хизматларини кўрсатиш тартиби ва муддатлари тўғрисида бепул маълумот ва тавсиялар бериш белгиланган.

Шунингдек, 2016 йил 1 январдан бошлаб 16 турдаги давлат хизматлари фақат “Ягона дарча” тамойили бўйича давлат хизматлари кўрсатиш марказлари орқали амалга оширилиши ҳамда ушбу хизматлар рўйхатига босқичма-босқич қўшимчалар киритиб борилиши назарда тутилган. Шу билан бирга адлия вазирлиги ва унинг ҳудудий бўлинмалари зиммасига барча давлат ва хўжалик бошқаруви органлари томонидан давлат хизматлари кўрсатиш жараёнини назорат қилиб бориш вазифаси юклатилди.

Шунингдек, Вазирлар Маҳкамасининг “Тадбиркорлик субъектларига “Ягона дарча” тамойили бўйича давлат хизматлари кўрсатадиган марказларнинг моддий-техника базасини мустаҳкамлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 2015 йил 23 ноябрь, ҳамда Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2015 йил 28 сентябрдаги ПҚ-2412-сон қарорини амалга ошириш бўйича 2015 йил 14 декабрь Қарори қабул қилинди. Унда “Ягона дарча” марказларини қўшимча жиҳозлаш учун ташкилий, замонавий техника ва компьютер ускунаси харид қилиш, бу борада молиялаштириш манбаларига мувофиқ маблағлар ажратиш масалаларини ҳал этиш кўзда тутилган. Шу асосда “Тадбиркорлик субъектларига “Ягона дарча” тамойили бўйича давлат хизматлари кўрсатиш марказлари фаолиятини ташкил этиш тартиби тўғрисида”ги Низом ишлаб чиқилди ҳамда мазкур марказлар орқали кўрсатиладиган давлат хизматларининг намунавий паспорти тасдиқланди. Бинобарин, Қарорда “Ягона дарча” марказлари тадбиркорлик субъектларига давлат хизматлари кўрсатишда қонун хужжатларида назарда тутилмаган тўловларни белгилашга ҳақли эмаслиги қайд этилган. Хозирда ушбу “Ягона дарча” марказлари тадбиркорлар учун қулай бўлган жойларга жойлаштирилиб, улар тўлиқ интернет тармоғига уланди, замонавий мебель, компьютер, алоқа воситалари ва бошқа зарур жиҳозлар билан таъминланди.

Адлия, Иқтисодиёт, Молия, Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирликлари ҳамда Савдо саноат палатаси вилоят ва туман (шаҳар) хокимликлари ходимлари билан биргаликда марказларнинг штат бирликлари аниқланиб, уларни малакали кадрлар билан тўлдириш чоралари кўрилди.

Жумладан, Самарқанд вилояти аҳолиси ҳамда шаҳар ва туманлардаги тадбиркорлар сонидан келиб чиқиб зарур штат бирлиги сони 143 нафар этиб белгиланган. Ҳамда “Ягона дарча” марказлари томонидан жорий йилнинг 1-чорагида вилоят бўйича тадбиркорлик субъектларига 1316 та давлат хизматлари кўрсатилган. Янгидан ташкил этилган 1576 та тадбиркорлик субъекти юридик шахс сифатида, 3610 нафари якка тадбиркор сифатида давлат рўйхатидан ўтказилган. Шунингдек фаолият кўрсатиб келаётган 820 та тадбиркорлик субъектларининг таъсис хужжатларига киритилган ўзгартиш ва қўшимчалар қайта давлат руйхатидан ўтказилган.

Бевосита тадбиркорлик субъектларининг қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш борасида вилоят адлия бошқармаси томонидан амалга оширилаётган ишлар ҳақида тўхталадиган бўлсак, 2015 йил давомида тадбиркорлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш борасида ўтказилган 151та ўрганиш ва мониторинглар натижасида маҳаллий ҳокимлик, солиқ идоралари, тижорат банклари, назорат қилувчи ва бошқа идоралар томонидан 1488 тақонунбузилиш ҳолатларига йўл қўйилганлиги, 231 та ҳолатда текширишлар тартиби бузилганлиги аниқланди.

Бошқарма ходимлари томонидан тадбиркорлик субъектлари фаолиятига асоссиз аралашиш, уларнинг фаолиятига тўсқинлик қилиш ва улар фаолиятини асоссиз равишда тўхтатиб қўйиш ва бошқа ноқонуний ҳолатларни бартараф қилиш бўйича юқоридаги идоралар раҳбарларига 161 та тақдимнома ва 53 та огоҳномалар киритилди.

Жумладан, ходимларимиз томонидан Самарқанд вилоят ўсимликлар карантини давлат инспекцияси томонидан сертификатлаш, рухсат бериш билан боғлиқ қонун ҳужжатларига риоя этилиши аҳволи ўрганиб чиқилди.

Ўрганиш натижаларига кўра, аниқланган қонун ҳужжатлари бузилишини, унинг сабаблари ҳамда унга кўмаклашувчи шарт-шароитларни бартараф этиш тўғрисида 2015 йил 14 декабрь куни Самарқанд вилоят ўсимликлар карантини давлат инспекцияси бошлиғи номига тақдимнома киритилди.

Инспекция томонидан тақдимнома ижроси таъминланиб қонунбузилиши ҳолатларига йўл қўйган давлат инспекторлари К.Ибрагимов ва А.Холмирзаевларга “Ҳайфсан” интизомий жазо чораси қўлланилди.

Шунингдек, тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини қўпол равишда бузган мансабдор шахсларни суд тартибида жавобгарликка тортиш мақсадида 22 та маъмурий баённомалар расмийлаштирилиб, судларга юборилди ҳамда 16 нафар айбдор мансабдор шахсларнинг суд қарорлари асосида маъмурий жавобгарликка тортилиши таъминланди.

Мухтасар қилиб айтганда жорий йилнинг 1 январидан бошлаб ўз фаолиятини бошлаган “Ягона дарча” марказлари давлатимизда тадбиркорликнинг кенг қулоч ёзиши, уларнинг ишончли ҳимояси ва фаолиятини йўлга қўйишлари, самарали меҳнат қилишлари учун муҳим таянч марказлари бўлиб хизмат қилади. Эл-юрт манфаати учун камарбаста инсонларнинг кўпайишида аҳамият касб этади. Бу йўлда сунъий тўсиқлар бўлмаслигини таъминлайди. Ҳиммати баланд, тадбир-шижоатли юртдошларимизга ўз ҳалол бизнесларини юритишлари учун қулай имкониятлар яратади. Бир сўз билан айтганда, энди тадбиркорлар белни яна ҳам маҳкам боғлаб эркин рақобат майдонига тушишдан чўчимасалар ҳам бўлади, зеро тадбиркорлик юрт равнақи, эл маъмурчилиги, аҳолини фойдали меҳнатга банд қилишнинг асосий шартларидан бири сифатида давлатимизнинг доимий ҳимоясидадир.

Худоёр Маматов, Самарқанд вилоят адлия бошқармаси бошлиғи 


Рўйҳатга қайтиш