Кичик бизнес субъектлари фаолиятини кенг ривожлантиришнинг ҳуқуқий асослари

Бугунги кунда мамлакатимизда кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ривожлантиришга кенг иқтисодий эркинлик берилмоқда.

Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Хусусий мулк, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ишончли ҳимоя қилишни таъминлаш, уларни жадал ривожлантириш йўлидаги тўсиқларни бартараф этиш чора-тадбирлари тўғрисида” 2015 йил 15 майдаги ПФ-4725-сонли Фармонининг ижросини таъминлаш ва тадбиркорлик тузилмаларига замонавий ахборот-коммуникация технологияларидан кенг фойдаланган ҳолда давлат хизматларини кўрсатиш сифати ҳамда улардан фойдаланиш имкониятларини тубдан ошириш бўйича 2015 йил 28 сентябрдаги “Тадбиркорлик субъектларига “Ягона дарча” тамойили бўйича давлат хизматлари кўрсатиш тартибини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори қабул қилинди.

Ушбу қарор ижроси юзасидан Вазирлар Маҳкамасининг 2015 йил 14 декабрда қарори билан “Тадбиркорлик субъектларига “ягона дарча” тамойили бўйича давлат хизматлари кўрсатиш ягона марказлари фаолиятини ташкил этиш тартиби тўғрисида”ги Низом тасдиқланди.

Юқорида кўрсатиб ўтилган қарорларга мувофиқ 2016 йилнинг 1 январидан “Ягона дарча” марказлари томонидан кўрсатилаётган хизматлар учун бошқа давлат ва хўжалик бошқаруви органларига тадбиркорлардан бевосита ҳужжатлар қабул қилиш тақиқланди ва 2016 йил 1 январдан бошлаб 16 та турдаги давлат хизматлари фақат “Ягона дарча” марказлари орқали амалга оширилиши белгиланди ва хизматлар рўйхати тасдиқланди.

Бугунги кунда Самарқанд вилоятида 16 туман ва шаҳарларда “Ягона дарча” марказлари ташкил қилиниб уларнинг биноси тадбиркорлар учун қулай бўлган жойларга жойлаштирилди, 372 та замонавий компьютер ва бошқа зарур жиҳозлар билан таъминланди ҳамда марказлардаги бўш вакант лавозимлар учун етарли билим ва замонавий дунёқарашли, ахборот технологиялардан хабардор шахслар тегишли лавозимларга тайинланди.

Ҳозирда туман (шаҳар) “ягона дарча” марказларида 130 та ходимлар ишлаб келмоқдалар. Улардан 4,0 фоизи ҳуқуқшунослик мутахассислигига, 32 фоизи иқдисодчи мутахассислигига ва 64,0 фоизи эса молия, солиқ ва бошқа мутахассисликларга эга ходимларни ташкил этади.

Юқоридаги ВМнинг 358-сонли қарорнинг яна бир муҳим жиҳати шундаки “Ягона дарча” марказларининг ва ваколатли органларининг раҳбарларига давлат хизматлари кўрсатиш, шунингдек лицензиялар ва бошқа рухсат бериш тусидаги ҳужжатларни беришнинг белгиланган тартиби ва муддатлари бузилганлиги учун қонун ҳужжатларида назарда тутилган жиноий жавобгарликкача бўлган жавобгарлик чоралари тўғрисида қатъий огоҳлантирилган.

Бу борада 2015 йилнинг 20 августда қабул қилинган Ўзбекистон Республикасининг “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига хусусий мулкни, тадбиркорлик субъектларини ишончли ҳимоя қилишни янада кучайтиришга, уларни жадал ривожлантириш йўлидаги тўсиқларни бартараф этишга қаратилган ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Қонунини қайд этиш жоиз.

Қонун билан Ўзбекистон Республикасининг 10 та кодексларига ҳамда 33 та қонунларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди.

Қонунга мувофиқ энг муҳим ўзгартириш ва қўшимчалардан бири бу Жиноят ва Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексларга киритилган ўзгартишлардир.

Мазкур қонуннинг энг муҳим жиҳати шундаки, унда тадбиркорлик фаолияти соҳасидаги қонун ҳужжатларини либераллаштириш билан бир пайтда давлат органлари, назорат қилувчи ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларнинг хусусий мулк ва тадбиркорлар ҳуқуқларини бузганлиги учун жавобгарлиги кучайтирилди.

Масалан, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга Давлат хизмати кўрсатиш тартибини бузиш учун жавобгарликни белгиловчи алоҳида (Ўз.Р. МЖТКнинг 2419-моддаси) модда киритилди.

Унга кўра, тадбиркорлик субъектларига давлат хизмати кўрсатишнинг қонун ҳужжатларида белгиланган тартиби ва муддатларини бузиш, худди шунингдек давлат хизмати кўрсатишни ғайриқонуний равишда рад этиш ёхуд уни кўрсатишдан бўйин товлаш учун жавобгарлик назарда тутилди.

Унинг санкциясига эътибор берадиган бўлсак, давлат хизматлари кўрсатишнинг, давлат рўйхатидан ўтказиш тартиби ва муддатларини бузиш ва давлат хизмати кўрсатишни ғайриқонуний равишда рад этиш ёҳуд уни кўрсатишдан бўйин товлаш мансабдор шахслар ва хизматчиларга энг кам ойлик иш ҳақининг 10 бараваридан 20 бараваригача миқдорида жарима солишга сабаб бўлади.

Худди шундай ҳуқуқбузарлик маъмурий жазо чораси қўлланилганидан кейин бир йил давомида такрор содир этилган бўлса, мансабдор шахслар ва хизматчиларга энг кам ойлик иш ҳақининг 20 бараваридан 30 бараваригача миқдорида жарима солишга сабаб бўлиши қатъий белгилаб берилди.

Бу эса, “Ягона дарча” марказлари ва давлат хизматларини кўрсатувчи идоралар ходимларни амалдаги норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар асосида ишлашларини ва янада масъулият билан ёндошишларини талаб этади.

Таъкидлаш жоизки, бугунги кунига қадар тадбиркорлик субъектларига давлат хизматларини кўрсатувчи идоралар томонидан 2500 тадан ортиқ давлат хизматлари айнан “ягона дарча” марказлари орқали амалга оширилмоқда.

Ушбу хизматларни жорий қилиниши бўйича Адлия органлари томонидан доимий равишда мониторинги олиб борилмоқда.

Мониторинглар натижаси шуни кўрсатмоқдаки, айрим ваколатли органлар томонидан давлат хизматларини кўрсатиш тартиблари жиддий равишда бузилмоқда.

Масалан, жорий йилда “ягона дарча” марказларига 1915 та мурожаатлар келиб тушган, шундан 34 таси рад этилган, 73 тасининг кўриб чиқиш муддати бузилган.

Жумладан, Самарқанд шаҳри (38 та), Жомбой (9 та), Оқдарё (10 та), Тайлоқ (4 та), Ургут (4 та), Иштихон (1 та) ва Каттақўрғон туманларида (7 та) келиб тушган мурожаатлар “ягона дарча” марказлари томонидан белгиланган вақтда тегишли хизмат кўрсатувчи идораларга юборилган бўлсада, улар томонидан мурожаатларнинг кўриб чиқиш муддатларига риоя қилмаган.

Мазкур ҳолатлар юзасидан адлия бошқармаси томонидан 41 та идораларга қонун ҳужжатлари талаблари бузилиши мумкин эмаслиги тўғрисида огоҳномалар, туман, шаҳар ҳокимликлари ва хизмат кўрсатувчи ташкилотларга аниқланган конкнбузилиш ҳолатларини бартараф этиш хусусида 4 та тақдимнома ҳамда айбдор шахсларнинг маъмурий жавобгарлиги масаласини кўриб чиқиш юзасидан вилоят прокуратурасига таклиф киритилди.

Ш.Азизов, Самарқанд вилоят адлия бошқармаси бўлими бошлиғи  


Рўйҳатга қайтиш