Мамлакатимизда давлат, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ва назорат органлари билан ўзаро муносабатларда тадбиркорлар ҳуқуқларининг устуворлиги тамойили

Мамлакатимизда хусусий мулк ва тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлаш ҳамда ҳуқуқий ҳимоя қилишга оид амалий тадбирлар, шу жумладан қонунчилик базасини такомиллаштириш жараёни изчил давом этмоқда. Сўнгги йилларда қабул қилинаётган қонун ҳужжатлари яъни, "Хусусий мулк, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ишончли ҳимоя қилишни таъминлаш, уларни жадал ривожлантириш йўлидаги тўсиқларни бартараф этиш чора-тадбирлари тўғрисида"ги Фармони бу борада яна бир муҳим қадам бўлди. Мустақиллик йилларида қабул қилинган қонунлар, фармонлар ва қарорлар асосида тадбиркорлик субъектларини рўйхатга олишнинг соддалаштирилган тартиби жорий этилди, тадбиркорлик субъектларига нисбатан барча санкцияларнинг суд қарорига асосан қўлланилиши белгиланди, шунингдек, ҳисобот тақдим этишнинг шакл ва турлари, тадбиркорлик фаолиятига асоссиз ва ноқонуний аралашувлар, уларнинг молия-хўжалик фаолиятида ўтказиладиган текширишлар сони кескин қисқартирилди. Бугун мамлакатимизда тадбиркорликни ривожлантириш ва унинг ҳуқуқий ҳимоясини таъминлаш иқтисодий ислоҳотларнинг энг асосий йўналишларидан бирига айланди. Шу боисдан Президентимизнинг бевосита раҳбарлигида тадбиркорликни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, уларга кенг имкониятлар яратиш мақсадида ислоҳотлар изчиллик билан амалга ошириб келинмоқда.

Шунингдек, қонунда савдо қоидалари, савдо ва воситачилик фаолияти соҳасида қилинган ҳуқуқбузарликлар, жуда кўп миқдордаги ҳуқуқбузарликлар бундан мустасно тарзда, жиноий юрисдикциядан маъмурий юрисдикцияга ўтказилди. Ундаги яна бир янгилик шуки, солиқ тўлашдан биринчи марта бўйин товлаган шахсга нисбатан, агар у ўттиз кун ичида солиқ ва бошқа тўловлар, жумладан, пеня ва бошқа молиявий санкциялар кўринишида давлатга етказилган зарарни қоплаган тақдирда, жиноят иши қўзғатилмаслиги ва жавобгарликдан озод этилиши белгилаб қўйилди.

Тадбиркорлик субъектлари учун тақдим этилган имтиёз ва преференцияларни амалга оширишнинг ягона механизмини яратиш мақсадида қонун асосида давлат органлари, уларнинг мансабдор шахсларига ана шу имтиёзлар ва преференциялари қўллаш тартибини тушунтириш мажбурияти юклатилмоқда.

Бу, ўз навбатида, юқоридаги енгилликларни қўллашдаги ортиқча тартиб-таомилларни қисқартириш, шунингдек, бизнес юритишда яратилаётган қулайликлар бўйича тадбиркорларнинг хабардорлигини оширишда қўл келади. Мамлакатимизда мустақилликнинг дастлабки йиллариданоқ тараққиётнинг “ўзбек модели” асосида бозор муносабатларининг босқичма-босқич жорий қилиниши бугунги кунга келиб ўзининг ижобий самараларини кўрсатмоқда. Айниқса, миллий қонунчилигимизда иқтисодиётнинг ҳаракатлантирувчи кучи бўлган кичик бизнес вакиллари ва хусусий тадбиркорлар ҳуқуқларининг кафолатлангани, уларнинг фаолиятини қўллаб-қувватлаш ҳамда эркинлаштиришга қаратилган чора-тадбирлар кўрилгани натижасида юртимизда мулкдорларнинг замонавий қатлами шаклланди.

Ҳозир ушбу субъектлар ялпи ички маҳсулотни ва бюджет тушумларини кўпайтиришда, аҳоли бандлигини таъминлашда катта аҳамият касб этмоқда. Хусусий тадбиркорларга давлат ва назорат органлари билан муносабатларда устуворлик тамойили жорий қилинаётгани, уларнинг фаолиятига ҳар қандай тўсиқ ва ноқонуний аралашишларни бартараф этишга қаратилган комплекс чора-тадбирлар рўёбга чиқарилаётгани, чунончи, “ягона дарча” тартибининг татбиқ этилаётгани ушбу соҳа ривожини таъминлашда муҳим омил бўлмоқда.

Энг эътиборлиси, мустақилликка қадар мамлакатимизда умуман мавжуд бўлмаган кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик бугунги кунда ялпи ички маҳсулотнинг 56 фоиздан ортиғини ишлаб чиқараяпти. Мазкур соҳада жами иш билан банд аҳолининг 75-77 фоизи меҳнат қилмоқда.

Бу ҳали-ҳануз оқибатлари бартараф этилмаган жаҳон молиявий-иқтисодий инқирози шароитида кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектларининг ўз самарадорлигини, турли шарт-шароитларга мослашувчанлиги ва ҳозиржавоблигини намойиш этишга қодир эканлигига яққол далил бўла олади. Айни пайтда ушбу секторнинг аҳоли, айниқса, ёшларни иш билан таъминлаш, одамларнинг даромадларини юксалтириш, ҳудудлар ва мамлакат ижтимоий-иқтисодий ривожидаги ролини янада ошириш зарурлигини даврнинг ўзи кўрсатмоқда.

Масалан, кодексда акс эттирилган янги нормада назорат қилувчи, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ҳамда бошқа давлат органининг ва давлат ташкилотининг мансабдор шахси ёки хизматчиси томонидан тадбиркорлик субъектларини пул маблағларини ҳамда бошқа моддий қимматликларни ажратиш билан боғлиқ ҳомийликка ва бошқа тадбирларга мажбурий жалб этиш, шундай ҳаракатлар учун маъмурий жазо қўлланилганидан кейин содир этилган тақдирда тегишли равишда жазога тортилиши кўрсатиб ўтилди.

Шунингдек, лицензиялаш тўғрисидаги қонун ҳужжатларини ва рухсат бериш тартиб-таомиллари тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бузиш, Имтиёзлар ва преференцияларни қўллашни ғайриқонуний равишда рад этиш, қўлламаслик ёки қўллашга тўсқинлик қилиш, тадбиркорлик субъектларининг ҳисобварақларида пул маблағлари мавжудлиги тўғрисидаги ахборотни қонунга хилоф равишда талаб қилиб олиш каби ҳолатларда жазо чоралари қўлланиладиган бўлди.

Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга қўшилган нормалардан бирига кўра,олиб қўйилаётган ер участкасидаги тадбиркорлик субъектларига тегишли биноларни, бошқа иморатларни, иншоотларни ёки дов-дарахтларни зарарнинг ўрнини мазкур мол-мулкнинг бозор қиймати бўйича олдиндан ва тўлиқ қопламаган ҳолда бузиб ташлаш мансабдор шахсларга 
энг кам иш ҳақининг йигирма беш бараваридан эллик бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади. Худди шундай ҳуқуқбузарлик маъмурий жазо чораси қўлланилганидан кейин бир йил давомида такрор содир этилган бўлса, мансабдор шахсларга энг кам иш ҳақининг эллик бараваридан юз бараваригача миқдорда жарима солинади.

Жиноят кодексида акс эттирилган янги нормага биноан, эндиликда тадбиркорлик субъектлари солиқ ва божхона қонунчилигини бузганлиги муносабати билан уларнинг мулкини мусодара қилиш, тўловчи томонидан эътироз бўлганда, қўшимча ҳисобланган божхона тўловларини ундириш фақат суд қарори билан амалга оширилади. Хўжалик судларига назорат қилувчи органнинг шикоят қилинаётган ҳаракати (қарори) ижросини тўхтатиб туриш ҳуқуқи берилди, хўжалик судлари томонидан даъво аризасини кўриб чиқишга қабул қилиш ва ишни суд муҳокамасига тайёрлаш тўғрисидаги ажрим чиқариш муддати 10 кундан 5 кунгача қисқартирилди.

Қўзғатилган жиноят ишлари доирасида назорат қилувчи органлар томонидан хўжалик юритувчи субъектлар фаолиятининг текширувлари хўжалик юритувчи субъектлар томонидан жалб этилган адвокатлар иштирокида амалга оширилишини назарда тутувчи тартиб жорий этилади (хўжалик юритувчи субъект ёзма равишда мазкур ҳуқуқни рад этган ҳоллар бундан мустасно).

Шу билан бирга, тадбиркорлик субъектлари томонидан зарур ҳужжатларни тақдим этиш асосида давлат архитектура-қурилиш назорати ҳудудий инспекциялари томонидан қурилиш объектларини рўйхатга олиш ва қурилиш-монтаж ишларига рухсат беришнинг билдириш тартиби жорий қилинди.

Ер майдонларини танлаш ва ажратиш бўйича материалларни тайёрлаш, келишиш ва тасдиқлаш ишлари ва муддатларини оптималлаштириш орқали тадбиркорлик субъектларига ер майдонларини тақдим этиш билан боғлиқ таомиллар янада соддалаштирилди.

Бундан ташқари, “Тадбиркорлик фаолияти эркинлигининг кафолатлари” тўғрисидаги қонундан тадбиркорлик субъектлари қонун ҳужжатларида назарда тутилган имтиёзлар ва преференцияларни қўллаш учун давлат органларига мурожаат қилиш мажбуриятига оид қоида чиқарилди.

Шуни айтиш жоизки, солиқ кодексининг 176 ва 179-моддаларига киритилган ўзгартиришлардир. Унга асосан солиқлар ва бошқа мажбурий тўловлар тўлаганидан кейин оилавий корхона иштирокчиси ихтиёрида қоладиган фойда суммаси жисмоний шахсларнинг мулкий даромадлари таркибига киритилиши ва жисмоний шахсларнинг даромади сифатида солиққа тортилмаслиги белгилаб қўйилди.

356-моддага киритилган ўзгартиришга кўра, ягона солиқ тўлови бўйича солиқ солинадиган база янги технологик асбоб-ускуналар олишга, сифатни бошқариш тизимларини жорий этишга, маҳсулотларнинг халқаро стандартларга мувофиқлигини сертификатлаштиришдан ўтказишга, лаборатория тестлари ва синовларини ўтказиш учун комплекслар олишга йўналтирилган маблағлар суммасига, бироқ солиқ солинадиган базанинг кўпи билан 25 фоизига камайтирилиши белгиланди.

Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Ягона интерактив давлат хизматлари порталида тадбиркорлик субъектлари учун имтиёзлар ва преференцияларнинг ягона реестри яратилади.

Бу эса уларнинг бизнесни юритиш учун тақдим этиб бориладиган қулайликлар ва янгиликлардан хабардорлигини оширади. Миллий қонунчилигимиздан хусусий мулк, кичик бизнес ва хусусий мулкдорлар фаолиятининг кафолатларини кучайтириш, уларга қўшимча имтиёз ва преференциялар бериш, бу борада мансабдор шахсларнинг жавобгарлиги оширилиши билан бир қаторда, хўжалик юритувчи субъектлар фаолиятини текширишни янада тартибга солишга оид қоидалар ўрин олганлигини алоҳида таъкидлаш жоиз.

Хусусан, Солиқ кодексига якка тартибдаги тадбиркорларга фаолият туридан келиб чиқиб, бир нафардан уч нафаргача ходимларни ёллаш ҳуқуқи берилганлигидан келиб чиқиб тегишли ўзгартириш ва қўшимча киритилди.

Янги тартибга кўра, микрофирмалар, кичик корхоналар ва фермер хўжаликлари фаолияти бўйича барча текширувлар режали асосда тўрт йилда бир мартадан кўп бўлмаган, бошқа хўжалик субъектларини текшириш уч йилда бир мартадан кўп бўлмаган ва фақат Назорат қилувчи органлар фаолиятини мувофиқлаштирувчи республика кенгаши қарори билан амалга оширилади.

Айни пайтда молиявий-хўжалик фаолияти билан боғлиқ бўлмаган режали текширувларни амалга ошириш муддати 30 календарь кунидан 10 кунгача қисқартирилди.

Тадбиркорлик фаолияти субъектларининг молиявий-хўжалик фаолияти бўйича режали текширувлар фақат охирги режали текширув давридан кейинги муддатни қамраб олиши шарт.

Мазкур субъектларга йўл қўйилган хатоларни текширув давом этаётган даврнинг ўзида тўғрилаш, шу орқали фаолиятининг тўхтатиб қўйилиши ва тугатилишининг олдини олиш имконияти яратилмоқда.

Умуман, “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига хусусий мулкни, тадбиркорлик субъектларини ишончли ҳимоя қилишни янада кучайтиришга, уларни жадал ривожлантириш йўлидаги тўсиқларни бартараф этишга қаратилган ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун суд ва прокуратура органларининг тадбиркорлик субъектлари ҳуқуқ-манфаатларини ҳимоя қилишдаги ролини ошириш, ишбилармонларга берилган имтиёз ва преференцияларнинг рўёбга чиқарилиши устидан назорат механизмларини такомиллаштириш, давлат, ҳуқуқ-тартибот ва назорат органлари мансабдор шахсларининг тадбиркорлик субъектлари хўжалик ва молиявий фаолиятига ноқонуний аралашганлик учун жавобгарлигини кучайтиришда муҳим аҳамият касб этади.

Шунингдек, мамлакатимизда барқарор иқтисодий ўсиш суръатларини таъминлаш, ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, аҳоли фаровонлигини юксалтиришда муҳим аҳамиятга эга ҳужжат ҳисобланади.

М.Қурбонов, Самарқанд вилояти Адлия бошқармаси бўлим бошлиғи


Рўйҳатга қайтиш