Юртимизда тадбиркорлар учун янги давр

Мамалакатимизда истиқлол йилларида хусусий мулк даҳлсизлигини ҳимоялаш, иқтисодиётда унинг ўрнини мустаҳкамлаш, ишбилармонлик муҳитини ва бизнес шароитини янада яхшилашга доир ислоҳатлар изчиллик билан босқичма босқич амалга оширилиб келинмоқда. Ўзбекистон Республикасининг биринчи Президенти И.А.Каримов раҳнамолигида хусусий мулкка кенг йўл очиб берилганлиги натижасида кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликнинг ялпи ички маҳсулотимиздаги улуши 2000 йилдаги 31 фоиздан бугунги кунда 56,7 фоизга етгани ёки 1,8 баробар ошганини алоҳида таъкидлаш лозим. Охирги 4 йил давомида ялпи ички махсулотнинг ўсиш суръатлари 8 фоизни ташкил этмоқда. Шуни таъкидлаш жоизки, Ўзбекистон Республикасининг биринчи Президенти И.А.Каримов раҳнамолигида мамлакатимизда ишбилармонлик муҳитини яхшилаш борасида олиб борилган ишлари халқаро иқтисодий ташкилотларнинг рейтингларида ўзининг ижобий ифодасини топмоқда. 2015 йилнинг октябрь ойида Жаҳон банки “Бизнес юритиш” рейтингини эълон қилди. Ана шу рейтингда Ўзбекистон фақат бир йилнинг ўзида 16 поғонага кўтарилиб, 87-ўринни эгаллади. Шунингдек, жаҳон банкининг маърузасида Ўзбекистон кейинги йилларда тадбиркорлик фаолияти учун ишбилармонлик муҳитини яхшилаш соҳасида энг яхши натижаларга эришган дунёдаги 10 та давлат қаторидан жой олгани қайд этилган.

Хусусий секторга кенг эркинлик бериш, бюрократик ғовларни бартараф этишга оид бир қатор муҳим меъёрлар амалиётга татбиқ этилгани натижасида рухсат бериш тартиб-таомиллари тубдан қисқартирилди. Тадбиркорлик субъектларини ташкил қилишни соддалаштириш ва уларнинг фаолият юритишини енгиллаштириш билан боғлиқ қонунчилигимизнинг 40 дан ортиқ меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритилди. Хусусан, “Тадбиркорлик фаолияти эркинлигининг кафолатлари тўғрисида”ги Қонуннинг янги тахририда қабул қилиниши тадбиркорлик субъектларига янада қулайлик яратди десак муболаға бўлмайди. Бундан ташқари, “Оилавий тадбиркорлик тўғрисида”ги Қонун эса оилавий тадбиркорлик билан шуғулланаётган тадбиркорларга асосий таянч бўлиб ҳизмат қилмоқда. Ўзбекистон Республикаси Биринчи Президентининг 2015 йил 15 майдаги “Хусусий мулк, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ишончли ҳимоя қилишни таъминлаш, уларни жадал ривожлантириш йўлидаги тўсиқларни бартараф этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони, Ўзбекистон Республикасининг 2015 йил 20 августдаги “ Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига хусусий мулкни, тадбиркорлик субъектларини ишончли ҳимоя қилишни янада кучайтиришга, уларни жадал ривожлантириш йўлидаги тўсиқларни бартараф этишга қаратилган ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Қонуни ҳамда уларга асосан амалдаги қонун ҳужжатларга киритилган ўзгартиришлар бунга мисол бўлади. Ушбу қонуннинг қабул қилиниши муносабати билан амалдаги 10 кодекс ва 33 қонунга тадбиркорликни жадал ривожлантириш йўлидаги тўсиқларни бартараф этиш, хусусий сектор фаолиятига ноқонуний аралашганлик учун мансабдор шахсларнинг жавобгарлигини кучайтириш, соҳага оид қонунчиликни янада либераллаштиришга қаратилган ўзгартиш ва қўшимчалар киритилди.

Ўзбекистон Республикаси Президенти вазифасини бажарувчи Ш.Мирзиёевнинг 2016 йил 5 октябрдаги “Тадбиркорлик фаолиятининг жадал ривожланишини таъминлашга, хусусий мулкни ҳар томонлама ҳимоя қилишга ва ишбилармонлик муҳитини сифат жиҳатидан яхшилашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПФ-4848-сонли Фармони навбатдаги катта қадам бўлди.

Ушбу Фармоннинг қабул қилиниши тадбиркорлик субъектлари фаолиятига асоссиз аралашишдан ишончли ҳимоянинг янги бир механизмларини жорий этилишига олиб келди. Ушбу норма давлат органларига айбдор ходимларга нисбатан нафақат интизомий, маъмурий ёки жиноий жавобгарликнинг энг қатъий чораларини қўллаш мажбуриятини, балки тадбиркорлик субъектларига етказилган зарарнинг бевосита ушбу ходимлардан ундирилишини таъминлашни ҳам юкламоқда.

Ушбу Фармонга мувофиқ 2017 йилнинг 1 январидан бошлаб тадбиркорлик субъектлари фаолиятини режадан ташқари текширишларнинг барча турлари бекор қилиниши ва тадбиркорлик субъектлари фаолиятини, шу жумладан, жиноят ишлари доирасидаги муқобил текширишларнинг барча турлари бекор қилиниши, молия-хўжалик фаолиятини амалга оширишда биринчи марта ҳуқуқбузарликлар содир этган тадбиркорлик субъектлари ва уларнинг ходимлари томонидан йўл қўйилган қонунбузарликларни қонун ҳужжатларида белгиланган муддатларда ихтиёрий равишда бартараф этган ва етказилган моддий зарарни қоплаган тақдирда маъмурий ва жиноий жавобгарликдан, жарималар ва молиявий санкциялар (пенядан ташқари) қўлланилишидан озод этилиши белгилаб қўйилди.

Бундан ташқари, тадбиркорлик субъектларига нисбатан тадбиркорлик фаолиятини амалга ошириш ҳуқуқидан маҳрум қилиш тарзидаги жиноий жазо қўллаш тақиқланмоқда.

Республиканинг инвестициявий жозибадорлигини ошириш учун хорижий инвестициялар иштирокидаги янгидан ташкил этилган ишлаб чиқариш корхоналарига беш йил мобайнида улар рўйхатдан ўтказилган санада амалда бўлган солиқ ставкалари ва бошқа мажбурий тўловларни қўллаш каби имтиёзлар берилмоқда. Шуни қайд этиш зарурки, ушбу имтиёз инвестиция сифатида киритилган маблағлар миқдоридан қатъи назар, хорижий инвестициялар иштирокидаги барча корхоналарга татбиқ этилиши фармон билан мустаҳкамланмоқда.

Хорижий тажриба шуни кўрсатмоқдаки, тадбиркорлик субъектларини ҳуқуқий ҳимоя қилишни таъминлаш, давлат тузилмалари билан муносабатларда уларнинг манфаатларини ифодалашда вакиллик институтлари муҳим ўрин тутмоқда. Шу мақсадида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ҳузурида Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакил институтини ташкил этиш режалаштирилган. Шунингдек, тадбиркорлик субъектлари ҳакамлик судининг ҳал қилув қарорини мажбурий ижро этиш учун ижро варақаси бериш тўғрисида ариза берган тақдирда давлат божи тўлашдан озод этилиши белгиланиб қуйилди.

Амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар ва мамлакат иқтисодиётини барқарор ривожлантиришнинг асосий омили сифатида тадбиркорлик фаолиятини ривожлантириш йўлидаги маъмурий ғовлар ва сунъий тўсиқларни бартараф этиш юзасидан Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти томонидан белгиланган йўлнинг узвийлиги ва изчиллигини таъминлаш имконини беради.

Ш.Азимов, Самарқанд вилоят адлия бошқармаси  масъул ходими   


Рўйҳатга қайтиш