Тадбиркорга давлат мададкор

Фикрнинг моддиятга дахлдорлик жойи бор, сабаби у охир-оқибат моддий бир нарсага айланади. Масалан, тошдан ҳайкал йўнса бўлади, деган мантиқли фикрни рўёбга чиқариш учун ҳайкалтарош тадбир қўллаши керак бўлади: аввало иш жойи, меҳнат қуролини ҳозирлайди. Кейин тошни олиб келиш учун улов топади ва ҳоказо тадбирларни амалга оширади. Шу ўринда айтиш жоизки, агар у фақатгина сангтарош бўлса ҳаминқадар бир асар вужудга келади. Мабодо, у бу ишни маҳорат билан қилса – ҳақиқий санъат асари яратади. Демакки тадбир – номоддий нарсани моддийга айлантиришнинг муҳим воситаси, тадбирнинг таянчи эса маҳоратдир!

Мана шу нуқтада Бухоро темир йўли қурилишига оид бир воқеани эслашнинг ўзи кифоя. Ўша кез оқ подшо тасдиқлаган лойиҳага кўра, темир йўл Бухоро шаҳрининг қоқ ўртасидан кесиб ўтиши лозим бўлган экан. Маҳаллий амалдорлар, уламолар, шаҳар аҳли бунга кескин қарши чиққан: поездлар қатнови Бухоронинг осори атиқаларига жиддий путур етказади, деган фикрда бўлганлар. Шу важдан, темир йўлни шаҳарнинг чеккасидан ўтказишни талаб қилишган. Аммо, қурувчи-муҳандислар бу борада мустақил қарор қабул қила олмсликларини, бу иш фақатгина императорнинг рухсати билан қилиниши мумкинлигини айтиб, лойиҳага ўзгартириш киритишга унамаганлар. Шунда амирлик Петербургга – император саройига вакил жўнатишга қарор қилган. Гуруҳга Аҳмад Дониш бош бўлиб борган.

Муаммони ҳал этиш учун Аҳмад Дониш бир тадбир қўллаган: у туяларнинг бошини сарой деворига тақаб, уни бузиб ичкарига киритишларини талаб қилган. Ҳамма ҳайрон, ичкарига кириш учун махсус жойлар борлигини ҳар қанча уқдирмасинлар, Аҳмад Дониш ўз сўзида муқим тураверган. Ахийри, бухоролик олиймақом меҳмоннинг ҳузурига императорнинг ўзи чиққан, дейишади.

– Муҳтарам Дониш, қаранг бу шунчаки девор эмас, санъат асари-ку! Уни бузишга кўз қиядими! Қолаверса, ичкарига кириш учун улкан-улкан дарвозааримиз бор – бунинг учун яна бир оз юриб, қалъани айланиб ўтсангиз бас! – дейди император эҳтиром билан, ҳали ҳам Донишнинг саркашлиги сабабини англамай.

– Мен ҳам баайни шу масалада келдим! – дейди Дониш гапнинг хонаси келганини фаҳмлаб. – Бухоронинг қадимий бинолари ҳам улкан санъат асари. Уларга заҳм етса кўнгил ранжийди. Бироқ, сиз юборган карвон ҳам бир оз юриб, шаҳарни айланиб ўтиши мумкин бўлгани ҳолда, бунга унамаяпти – шаҳарнинг қоқ ўртасидан темир йўл ўтказишмоқчи!

Император мана шу тадбир туфайли Донишнинг донолигига қойил қолган, темир йўл лойиҳасига ўзгартириш киритган экан...

Бу воқеани мисол тариқасида бежизга келтирмадик. Зотан, тадбиркорлик халқимизнинг азалий фазилатларидан. Фақат, ўтган шўро тузуми даврида инсоннинг эрки, инон-ихтиёри ҳар томонлама чеклаб қўйилгани боис, у тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланиш, мулкдор бўлиш, бисотини бойитиш, иқтисодий имкониятлари-ю, ижодкорлик иқтидорини намоён этиш ҳуқуқидан мосуво эди. Иқтисодиётда ишлаб чиқаришнинг бир укладли тарзи амал қилгани боис, жамиятда бир хиллик урчиб кетганди. Ўхшаш бинолар, деярли бир бир хил фасондаги либослар... Аҳоли учун ишлаб чиқариладиган эҳтиёж моллари сони бор, салмоғи йўқ сифатсиз маҳсулотлардан иборат бўлиб қолганди. Ишлаб чиқарилаётган маҳсулотларнинг рақобатбардошлиги, харидоргирлигини ошириш, экспорт салоҳиятини юксалтириш ҳақида ўйлаб ҳам кўрилмас – ишга ижодий ёндошув сезилмасди. Бир сўз билан айтганда, улкан бир мамлакат ҳарбий казарма тусини олганди.

Оқибатда, боши берк кўчага кириб қолдик. Деярли ҳар куни нечоғли улкан мамлакатнинг фуқаролари эканимиздан фахрланардик, умумхалқ байрамларда буни кўтаринки руҳда намойиш этардигу, аммо хорижликларнинг ҳаётига суқ билан боқардик. Капиталистик дунёни бўралаб сўкардигу, аммо контрабанда йўли билан олиб келинган товарлари устида талашардик. Озиб-ёзиб чет элга чиққан одам у ердаги шинам ва қулайлик, олиймақом сервис хизматини кўриб эртакдаги ҳаётга тушиб қолгандек ҳис қиларди ўзини. Аммо, бизга у тўкин-сочин ҳаётни кўргазма – империализмнинг афишаси, деб уқдиришарди. Четда кўрганларимиз – чўпчак, реал ҳаёт, бу – бизнинг ҳаёт, деган тушунча қон-қонимизга сингиб кетганди. Ҳовуздаги тилла балиқча монанд, ўзимиз яшаб турган тор ва биқиқ кўлмакни дунё, деб ўйлардик...

Мамлакатимиз ўз мустақиллигини қўлга киритгач тадбиркорликка кенг йўл очилди. Мустамлакачиликка асосланган муқаддам мавжуд мезонларга барҳам берилди. Маъмурий-буйруқбозлик усулларидан воз кечилди. Бозор иқтисодиётига қадам ташланди. Истеъмолчи энди ишлаб чиқаришнинг оддий бир бўғини эмас, балки уни ҳаракатга келтирувчи куч сифатида майдонга чиқди. Халқ истеъмоли моллари ишлаб чиқаришда аҳолининг талаб ва таклифлари, кўпдан-кўп эҳтиёжларига асосий омил сифатида қараш кўникмаси пайдо бўлди. Мулкни давлат тасарруфидан чиқариб, ўрта ва кичик бизнесни ривожлантиришга эътибор қаратилди. Фермерлик ҳаракати кенг қулоч ёйди. Истиқлолнинг дастлабки дамларидан тадбиркорликни ривожлантириш, хусусий мулк манфаатларини ҳимоя қилиш ва тадбиркорликда ташаббускорликни рағбатлантиришга қаратилган қатор Фармон ва қарорлар ҳаётга тадбиқ этилди. Жамиятда мана шу тадбирларни амалга оширишнинг моддий ва ҳуқуқий асослари яратилди.

Бироқ, бу масаланинг бир жиҳати эди холос. Энг асосийси кенг халқ оммасини ислоҳотларга ишонтириш, мана шу жараёнларга жалб этиш талаб этиларди. Ўтган тузумдан мерос бўлиб қолган иллатлардан бири, бу боқимандалик кайфияти эди. Одамлар ҳар қандай даъватларга ишонмай қўйган, оммавий ташаббусларга мавсумий деб қарашга одатланишганди. Баландпарвоз шиорлар уларнинг энсасини қотирарди. Чақириқларга “лаббай” деб жавоб беришдан юрак олдиришган, биринчи бўламан, деб бадарға бўлишдан чўчиб қолишганди. Биров бел боғлаб майдонга тушмоқчи бўлса, “белинг чиқиб майиб бўлмагин тағин”, деб бир-бировни тийиш одат тусини олиб улгурганди. Мана шундай шароитда одамларни улуғ бир мақсад сари камарбаста қилиш, уларни мустақил фикрлашга, ишлашга ундаш осон эмасди. Шунинг учун ҳам мамлакатимизнинг биринчи Президенти Ислом Каримов томонидан ишлаб чиқилган бозор иқтисодиётига ўтишнинг бешта асосий тамойили узоқни кўзлаб, пухта ўйланган дастур экани билан ғоят аҳамиятлидир. Зотан, мустабид тузумдан мерос бўлиб қолган айрим иллатларнинг инерциясини инкор қила олмаймиз. Ўзини янгилик тарафдори қилиб кўрсатиб, амалда эса консерватив фикрлаш қобиғини тарк этмаган унсурлар ҳали батамом униқиб кетмагани боис ҳам давлат бош ислоҳотчилик функциясини ўзида сақлаб қолди. Бинобарин, ислоҳотлар жараёнида иқтисодиётнинг сиёсатдан устунлиги, қонун устуворлиги, кучли ижтимоий ҳимоя ва бозор иқтисодиётига босқичма-босқич ўтиш тамойилларининг тўла-тўкис амал қилишида давлат назорати зарур.

Фалсафада инкорни инкор қонуни ҳам мавжуд. У баайни жамият тараққиёти тамойилларидан олинган. Яъни ҳар қандай эскилик янгилик учун жой бўшатиб беради – унинг дунёга келиши учун шарт-шароит ҳозирлайди. Аммо у ўз мавқеини осонлик билан бериб қўймайди – йиллар мобайнида таркиб топган турмуш тарзи, фаолият тизгинини янгилик тарафдорларининг қўлига қўш қўллаб топшириб қўймайди. Яшаб қолишга, янги шароитга мослашишга уринади. Худди мана шундай ҳолат, муқаддам мавжуд бир укладли ижтимоий ишлаб чиқариш усулларидан воз кечилиб, кўп укладли иқтисодиётга ўтиш жараёнларида ҳам кузатилади. Зотан, ишлаб чиқариш воситалари ва ишлаб чиқариш кучлари устидан давлат монополиясининг ўрнатилиши, истеъмол товарлари ишлаб чиқаришда истеъмолчининг талаб ва эҳтиёжларига эътибор бермаслик, маъмурий-буйруқбозлик усуллари охир-оқибат мамлакат иқтисодиётини ҳасса таянтирди, аҳолининг турмуш тарзи ёмонлашувига сабаб бўлди. Ҳаёт жамиятни тубдан янгилаш талабини кун тартибига қўйди – чуқур ислоҳотлар зарурати туғилди.

Шундан, мамлакатимизнинг биринчи Президенти Ислом Каримовнинг “...энди ортга қайтиш йўқ, танлаган йўлимиздан собитқадамлик билан олдга интилибгина кўзлаган марраларимизга етамиз”, деб бот-бот такрорлаган сўзлари замирида, эскича фикрлаб, эскича ишлаб бўлмаслигига таъкид, меҳнатга ижодий ёндошувга ундов, боқимандалик кайфиятида халос бўлишга чақириқ бор эди. Юртимизда зироатчилик, чорва, ҳунармандчилик ва бошқа барча касбу корларнинг қадим тажриба мактаблари қайта тикланиб, уни янги замон технологиялари асосида қайта қуришга киришилгани ҳам шундан ­– тарихий такомил ва бугунги имкониятларни уйғунлаштириб кўркам келажакни барпо этиш илинжидан эди.

Мана шу ўринда халқимизнинг “Ҳар қандай янгилик унитилган эскиликдир”, деган ҳикмати ёдга тушади. Ҳақиқатдан ҳам, кичик ва ўрта бизнес деган атамалар биз учун янгилик бўлиб туюлиши мумкин, аммо уларнинг замиридаги маъно ва моҳият янгилик эмас. Халқимиз қадим-қадимдан тадбиркорликни, ишбилармон инсонларни ғоят қадрлаб келади. Салтанат соҳиблари ҳам энг муҳим вазифаларни ҳал этишда уларнинг билим ва тажрибасига таянган. Масалан, улуғ соҳибқирон бобомиз Амир Темур ўз тузукларида, ҳар бир ишни тадбир ва кенгаш асосида амалга оширганларини қайд этиб, башарти, битта тадбирли инсон юзта дангаса, лаёқатсиз одамдан авло эканини таъкидлаганлар.

Хуллас, мамлактимиз ўз мустақиллигини қўлга киритгач, мулкни давлат тасарруфидан чиқариш, хусусий мулк манфаатларини ҳимоя қилишга катта эътибор қаратди. Чунки умумий мулк – эгасиз мулк, унинг камолидан кўра заволи муқаррар эканини ҳаётнинг ўзи исботлади. Ўрта ва кичик бизнесни ривожлантириш учун аввало унинг ташкилий-ҳуқуқий асослари яратилди. Соҳани ҳар жиҳатдан қўллаб-қувватлаш, тадбиркорлик субъектларини имтиёзли фоизларда банк-кредит ажратмалари билан таъминлаш, ишлаб чиқарган маҳсулотларини эркин сотувга чиқаришлари учун қулай шарт-шароит яратиш доимий эътиборда бўлиб келмоқда. Бироқ, бу йўлда ташланган биринчи қадамлар оғир кечгани сир эмас. Дастлабки пайтлари тадбиркорлик фаолиятини йўлга қўймоқчи бўлган фуқароларимиз, сон-саноқсиз бюрократик тўсиқларни ошиб ўтиш учун бор куч ва имкониятларини сарфлаб қўйган ҳолар ҳам кузатилди. Катта йўл муаммосиз бўлмайди, шунинг учун ҳам беайб парвардигор, дейишган. Башарти, арзимас сабаблар билан тадбиркорлик фаолияти тўхтатиб қўйилган ҳолатлар ҳам кўп учради. Давлат эса бош ислоҳотчи ­– бош тадбиркор сифатида мана шу механизмни такомиллаштириш устида бош қотириб келмоқда. Шаҳар ва туман ҳокимиятлари қошида тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланишга бел боғлаган фуқароларимизнинг ҳужжатларини расмийлаштиришга кўмак кўрсатувчи махсус бўлимлар ташкил этилгани, кейинчалик у “ягона дарча” тизими тарзида шакллантирилгани шунинг исботидир. Бугун бу масалада деярли муаммо йўқ десак янглишмаган бўламиз. Бироқ...

Ҳа, гап бориб “аммо, лекин, бироқ”қа тақалдими, демак бу йўлда ҳали ўз ечимини кутаётган масалалар мавжуд ­– муаммолар бор. Уларни бартараф этмай туриб, соҳанинг тараққиётига эришиб бўлмайди. Хусусан, тадбиркорлик фаолиятига асоссиз аралашувлар, унинг молиявий ҳужжатлари устидан ноқунуний текширув ташкил этиш каби ҳолатлар ҳали батамом бартараф бўлгани йўқ. Асоссиз аралашув ­– атай уюштирилишини айтишга ҳожат бўлмаса керак. Бундай аралашувга ғараз аралашган бўлади. Масалан, омадли бизнесменнинг парвози жуда юқорилаб кетаётгани кимнингдир ғашига теккан бўлиши мумкин: қанотини бир оз қайчилаб қўйиш мақсадида ундан айб – тирноқ остидан кир ахтариш мақсади ётади. Ёки манфаат нуқтаи назаридан ­– мўмай дарормад топиш илинжида тадбиркорнинг йўлига тўғаноқ бўлинади. Унинг ҳузурига қонунни пеш қилиб дағдаға билан борган тафтишчи, аслида даромадига кўз олайтириб боради: унинг ҳисобидан қорнини меш, унинг ҳиссасига киссасини эш қилиш пайида бўлади...

Бунинг каби тафтиш ва текширувлар тадбиркорларни беҳуда вақт сарфлашига ёки чиқимдор бўлишига, айрим ҳолатларда эса мулкидан мосуво бўлиб, катта миқдордаги жаримага тортилиш даражасига бормоқда эди.

Шу муносабат билан, “Тадбиркорлик фаолиятининг жадал ривожланишини таъминлашга, хусусий мулкни ҳар томонлама ҳимоя қилишга ва ишбилармонлик муҳитини сифат жиҳатидан яхшилашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2016 йил 5 октябрь Фармони, тизимда олиб борилаётган ислоҳотларнинг мантиқий давоми бўлиши баробарида, хусусий мулк манфаатларини ҳимоялаш, дахлсизлигини таъминлаш ва самарадорлигини оширишга қаратилган яна бир янги қадам бўлди, дейишга асосимиз бор. Жумладан, унда кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликка янада кенг эркинлик бериш, уларнинг фаолиятига аралашувни тубдан қисқартириш, ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олди олинишини таъминлаш, уларнинг профилактикаси самарадорлигини ошириш ва ҳуқуқбузарликларга йўл қўймаслик – энг муҳим устувор йўналиш ва давлат органларининг биринчи даражали вазифаси этиб белгиланди.

Шу ўринда айтиш жоизки қадим давлатчилик тарихимизда ҳам ҳуқуқ ва тартибот учун масъул бўлган ваколатли шахсларга ҳамиша қатъий талаблар қўйилганини, уларнинг ўзлари ҳимоя қилаётган қонунларга хилоф ҳатти-ҳаракатдан тийиб турилганини кузатишимиз мумкин. Масалан, Давлатшоҳ Самарқандийнинг “Чаҳор мақола” номли асарида келтирилган бир ҳикоятда шикорга чиққан подшо тузга зарурат бўлиб қолганида, пул бериб бир навкарини яқин қишлоққа жўнатади. Шунда ёнидаги аъёнлардан бири, ўзи туз экан-ку, шунга ҳам пул бериш шартми, деб луқма ташлайди. “Шарт! – деб жавоб қилади ҳукмдор. ­ Зеро, агар мен фуқаронинг боғидан текинга битта олма узсам, мулозимларим юз дарахтни илдизи билан қўпаради, битта тухум олсам, беш юзта товуқни сихга тортади!” – деб қонун ҳамма учун баробар эканини таъкидлайди ҳукмдор.

Худди шундай мисолни соҳибқирон Амир Темурнинг “Қиссаи Темур” асарида ҳам учратамиз. “Менгача бўлган даврда миршаблар одамларнинг уйларига кириб текинга овқатланиб кетаверишган. Рухсат сўрамай тунаб қолишган. Мен бунга барҳам бергувчи қонунларни жорий этдим. Мабодо кимдир, қонунни четлаб, шу ишни қилса нафақат бош кийимидан, балки бошидан жудо бўлиши ҳақида жазо белгиладим”, деб марҳамат қилган улуғ бобомиз.

Бинобарин, мазкур фармонда давлат органларига, энг аввало, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ва назорат қилувчи тузилмаларга ўз фаолиятида белгиланган талаблар ҳамда тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқ ва қонуний манфаатлари устуворлиги тамойилининг сўзсиз амалга оширилишини таъминлаш, шу муносабат билан ўз ваколатларини танқидий қайта кўриб чиқиш вазифаси қўйилгани, қадим қадриятларимизнинг қайта тикланиши ва жамиятда қонун устуворлигини таъминлашга хизмат қилади. Бунда, тадбиркорлик фаолиятига қонунга хилоф равишда аралашган ва тўсқинлик қилган, уларнинг фаолиятини асоссиз тўхтатиб қўйган мансабдор шахсларнинг жавобгарлиги оширилади, шунингдек, тадбиркорлик субъектларига етказилган зарарни бевосита айбдорлардан ундирилишни таъминлашга асосий эътибор қаратиш лозимлиги таъкидланди. Демакки, энди қонунга хилоф равишда иш тутган айбдор ходимларга нисбатан интизомий, маъмурий ёки жиноий жавобгарликнинг энг қатъий чораларини қўллаш баробарида, тадбиркорлик субъектларига етказилган зарарнинг ўрни ҳам бевосита ана шу ходимлардан ундирилиши белгиланди. Кўрсатиб ўтилган чора-тадбирларнинг амалга оширилиши ноқонуний текширишларни ташкил этишга ва уларни ўтказишга, айниқса, давлат органлари ходимларининг ноқонуний хатти-ҳаракатларига барҳам беради. Бу эса тадбиркорлик субъектлари йўлидаги сунъий тўсиқларни бартараф этади, уларнинг фаолиятини асоссиз тўхтатиш ёки зарар етказиш каби иллатларга барҳам беради. Бу эса тадбиркорлик фаолияти келажак равнақига дахлдор, унинг манфаати эл-юрт манфаатига мувофиқ эканининг тасдиғидир. Шу боис тадбиркорга давлат мададкор!

Х.Маматов, Самарқанд вилоят адлия бошқармаси бошлиғи


Рўйҳатга қайтиш