Савол: Бизнинг МЧЖ муассисларидан бири вафот этди. Унинг меросхўрлари (қонун бўйича) улушни иккинчи муассисимизга беришга тайёрлар. Таъсис ҳужжатларида жамиятнинг бошқа иштирокчилари улушни мерос қилиб олишга розилик бериши талаби мавжуд эмас. Агар ворислар мерос олиш ҳуқуқини ҳали олмаган бўлишса, улар улушни қандай қилиб беришлари мумкин? Қандай ҳужжатларни қайси муддатда тақдим этиш лозим?
С.Азимов, Пайариқ тумани.
Жавоб: “Масъулияти чекланган ҳамда қўшимча масъулиятли жамиятлар тўғрисида”ги Қонун 20-моддаси биринчи қисми маъносидан келиб чиқилганда жамият иштирокчисигина жамиятнинг устав капиталидаги ўз улушини сотишга ёки ўзга тарзда воз кечишга (улушни тасарруф этишга) ҳақлидир, бунда улушларни тасарруф этиш имконияти жамият устави билан чекланиши мумкин. Жамиятнинг иштирокчиси бўлган жисмоний шахс вафот этган тақдирда, жамиятнинг устав капиталидаги унга қарашли улуш қонун ва васиятномага (агар мавжуд бўлса) мувофиқ универсал ҳуқуқий ворислик тартибида, агар жамиятнинг таъсис ҳужжатларида бундай ўтишга жамиятнинг бошқа иштирокчилари розилиги олиниши зарурлиги назарда тутилмаган бўлса, унинг меросхўрларига ўтади. Шу тариқа, кўриб чиқилаётган ҳолда жамият иштирокчисининг меросхўрлари уларни жамият аъзолигига қабул қилишларини ва, тегишинча, Фуқаролик кодексининг 59-моддаси, МЧЖ тўғрисидаги Қонуннинг 8 ва 9-моддалари ҳамда жамиятнинг таъсис ҳужжатларида назарда тутилган ҳуқуқлар ва мажбуриятларни олишга даъво қилишга ҳақлилар.
Жамиятнинг вафот этган иштирокчисининг меросхўри томонидан мерос қабул қилингунга қадар жамиятнинг вафот этган иштирокчиси ҳуқуқлари васиятномада кўрсатилган шахс томонидан, бундай шахс бўлмаган тақдирда эса нотариус тайинлаган бошқарувчи томонидан амалга оширилади.
Шуни қайд этиш лозимки, бир ёки бир нечта меросхўрлар, васиятнома ижрочиси, маҳаллий ўзини ўзи бошқариш органи, ҳомийлик ва васийлик органи ёки мерос мол-мулкини сақлаб қолиш манфаатларини кўзлаб ҳаракат қилаётган бошқа шахсларнинг аризасига кўра нотариус мероснинг хусусияти ва қимматини, шунингдек меросга эгалик қилишга киришиш учун зарур вақтни ҳисобга олган ҳолда, яъни меросга бўлган ҳуқуқ тўғрисида гувоҳнома олишга қадар нотариус томонидан белгиланадиган муддат мобайнида меросни қўриқлаш ва бошқариш чораларини кўриши шарт. Мерос мол-мулкнинг қўриқланиши учун нотариуслар бу мол-мулкни рўйхатга олади ва уни сақлаш учун меросхўрларга ёки бошқа шахсларга топширади. Бунда хўжалик жамиятининг устав капиталидаги улуш шубҳасиз бошқаришни талаб этадиган мол-мулк ҳисобланади ва нотариус юқорида кўрсатилган талаблар мавжуд бўлганда ишончли бошқарув муассиси сифатида ушбу мол-мулкни ишончли бошқариш шартномасини тузиши шарт.
Саволга Пайарик туман 2-сон давлат нотариал идораси нотариуси А.Болиев жавоб берди.