Жиянимиз Тошкентдаги ижтимоий-ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш марказига тушиб қолибди.

Савол: У аслида Тошкентдаги қариндошимизникига меҳмонга кетганди. Умуман, болалар бундай муассасага қандай асос билан жойлаштирилади? Марказ ваколатлари ҳақида маълумот берсангиз.

Бахтиёр Облоқулов, Самарқанд шаҳри.

Жавоб: “Вояга етмаганлар ўртасида назоратсизлик ва ҳуқуқбузарликларнинг профилактикаси тўғрисида”ги Қонуннинг 12-моддасига биноан ижтимоий-ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш марказларига қуйидаги болалар жойлаштирилиши мумкин:

– назоратсиз ёки қаровсиз қолганлар;

– ихтисослаштирилган ўқув-тарбия муас­сасаларини, етим болалар ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болалар учун таълим муассасаларини ёхуд бошқа болалар муассасаларини ўзбошимчалик билан тарк этганлар;

– ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган ўн олти ёшгача бўлганлар;

– ижтимоий хавфли қилмишлар содир этган, лекин жиноий жавобгарликка тортиш мумкин бўлган ёшга тўлмаган ёхуд руҳий касаллик билан боғлиқ бўлмаган ҳолда ривожланишда ўз ёшига нисбатан анча орқада қолиши оқибатида содир этган қилмишининг аҳамиятини тўла анг­лаб етишга қодир бўлмаганлар, агар воя­га етмаганларнинг ҳаёти ва соғлиғини муҳофаза қилишни таъминлаш ёки улар такроран ижтимоий хавфли қилмиш содир этишининг олдини олиш зарур бўлса, шунингдек, уларнинг шахси аниқланмаган ёхуд уларнинг аниқ яшаш жойи бўлмаса ёки ўзлари ижтимоий хавфли қилмиш содир этган Ўзбекистон ҳудудида доимий яшамаётган бўлса;

– маъмурий жавобгарликни келтириб чиқарадиган ҳуқуқбузарликларни содир этганлар, агар уларнинг шахси аниқланмаган бўлса ёхуд уларнинг аниқ яшаш жойи бўлмаса ёки ўзлари ҳуқуқбузарлик содир этган Ўзбекистон ҳудудида доимий яшамаётган бўлса;

– ўзининг ихтисослаштирилган ўқув-тарбия муассасасига жойлаштирилиши тўғрисидаги масаланинг суд томонидан кўриб чиқилишини вақтинча кутиб турганлар;

– суднинг ажримига кўра ихтисослаштирилган ўқув-тарбия муассасасига юборилаётганлар.

Вояга етмаганни ижтимоий-ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш марказига жойлаштириш учун суднинг ажрими асос бўлади.

Cаволга Самарқанд шаҳар  5-сон ДНИ нотариуси А.Эшимов жавоб берди.


Рўйҳатга қайтиш