Акамнинг ўғилларини кўриш учун мен ва ота-онамнинг қандай қонуний ҳуқуқларимиз бор?

Савол:

Вафот этган акамнинг эгизак ўғиллари 5 ёшда. Ҳозир улар онаси билан қизлик уйларида яшашади. Ота-онамга ва бизга акамни ўғиллари билан кўришишга қарийиб икки йилдан бери қаттиқ қаршилик қилишади. Акамнинг ўғилларини кўриш учун мен ва ота-онамнинг қандай қонуний ҳуқуқларимиз бор?

Б.Аминов, Тайлоқ тумани

Жавоб:

Бу ерда икки томонлама ҳуқуқлар бузилмоқда. Биринчиси, боланинг ҳуқуқлари. Иккичиси, сизларнинг, яъни яқин қариндошларнинг ҳуқуқлари.

Биринчи ҳуқуқ ҳақида. Ўзбекистон Республикаси Оила Кодексининг 66-моддасида “Боланинг ота-онаси ва бошқа қариндошлари билан кўришиш ҳуқуқи” белгилаб қўйилган. Унда айтиладики, “Бола отаси, онаси, бобоси, бувиси, ака-укалари, опа-сингиллари ва бошқа қариндошлари билан кўришиш ҳуқуқига эга. Ота-онасининг никоҳдан ажралиши, никоҳнинг ҳақиқий эмас деб топилиши ёки ота-онанинг бошқа-бошқа яшаши боланинг ҳуқуқларига таъсир қилмайди”. Гарчи бу ерда вафот этиш ҳақида гапирилмаган бўлсада, лекин мазкур моддадаги “бошқа-бошқа яшаш”ни, айнан Сизларнинг ҳолатингизга мос деб қабул қилиш мумкин.

Иккинчи ҳуқуқ ҳақида. Ўзбекистон Республикаси Оила Кодексининг 77-моддасида “Бобо, буви, ака-ука, опа-сингил ва бошқа яқин қариндошларнинг бола билан кўришиб туриш ҳуқуқи” ҳақида гапирилган. Унга кўра, Бобо, буви, ака-ука, опа-сингил ва бошқа яқин қариндошлар бола билан кўришиб туриш ҳуқуқига эга.

Хўш, савол туғилади. Агарда онаси жиянингизни кўришга тўсқинлик қилаётган бўлса, унда нима қилиш керак?

Айнан Оила Кодексининг 77-моддасига биноан, ота-она (улардан бири) яқин қариндошларнинг бола билан кўришишига имконият бермасалар, васийлик ва ҳомийлик органи ота-онани (улардан бирини) бундай имконият беришга мажбур қилиши мумкин.

Агар улар ҳам ёрдам бера олишмасачи? Яъни онаси васийлик ва ҳомийлик органи қарорини бажаришни истамасачи?

Агар ота-она (улардан бири) васийлик ва ҳомийлик органининг қарорини бажармаса, боланинг яқин қариндошлари ёки васийлик ва ҳомийлик органи бола билан кўришиб туришга тўсқинлик қилувчи ҳолларни бартараф қилиш ҳақида даъво билан судга мурожаат қилишга ҳақлидир. Суд боланинг манфаатларини ва боланинг фикрини ҳисобга олган ҳолда низони ҳал қилади. Суднинг ҳал қилув қарори бажарилмаган тақдирда айбдор ота (она)га нисбатан қонун ҳужжатларида назарда тутилган чоралар қўлланилади.

Демак, Сизлар энг аввало васийлик ва ҳомийлик органига мурожаат қилишингиз керак. Агар улар Сизларга ёрдам бера олишмаса, унда даъво билан Судга мурожаат қиласизлар. Лекин якуний хулоса шундаки, Сизларнинг (яқин қариндошлар) бола билан кўришиб туриш ҳуқуқингиз бор. Бу ҳуқуқни фақатгина алоҳида ҳолларда суд чеклай олади, холос.

Саволга Тайлоқ тумани 2-сон ДНИ нотариуси С.Қодиров жавоб берди. 


Рўйҳатга қайтиш