АГАРДА маъмурий ҳу­қуқ­бузарлик эҳтиётсизлик сабаб содир этилган, деб топилса, айбдор жавобгарликдан озод қилиниши мумкинми?

Алишер МАРДОНОВ, Самарқанд шаҳри

— Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга асосан:

Агар маъмурий ҳуқуқбузарлик содир этган шахс ўз ҳаракати ёки ҳаракатсизлиги зарарли оқибатларга олиб келиши мумкинлигини олдиндан кўра билган бўлса ҳам, лекин калтабинлик билан уларнинг олдини олиш мумкин, деб ўйлаган бўлса ёхуд бундай оқибатларнинг келиб чиқиши мумкинлигини олдиндан кўриши лозим ва мумкин бўлгани ҳолда олдиндан кўра билмаган бўлса, бундай маъмурий ҳуқуқбузарлик эҳтиётсизлик орқасида содир этилган, деб ҳисобланади.

Шу Кодекснинг “Маъмурий жавобгарликдан озод қилиш”, деб номланган 21-моддасига кўра, содир этилган маъмурий ҳуқуқбузарлик кам аҳамиятли бўлган тақдирда, шу ишни кўриб чиқишга ваколати бўлган орган ҳуқуқбузарни маъмурий жавобгарликдан озод этиб, уни огоҳлантириш билан кифоялаши мумкинлиги белгиланган.

Саволга Самарқанд шаҳар 6-сон давлат нотариал идораси нотариуси Лола АЛИЕВА жавоб берди. 


Рўйҳатга қайтиш