Муайян жойда эканимиз ҳақидаги фактни қонуний тасдиқлаш тартиби қандай?

О.Жабборов, Самарқанд шаҳри

Жавоб: “Нотариат тўғрисида”ги Қонуннинг 70-моддасига кўра, нотариус фуқаронинг илтимосига кўра, унинг муайян жойда эканлиги фактини тасдиқлайди.

Вояга етмаган шахснинг муайян жойда эканлиги фактини тасдиқлаш унинг қонуний вакиллари (ота-онаси, фарзандликка олганлар, васийлар, ҳомийлар), шунингдек, уни ўз ҳомийлигига олган муассасалар ва ташкилотларнинг илтимосига кўра, амалга оширилади.

Саволга Самарқанд шаҳар 9-сон ДНИ нотариуси Акрам Умаров жавоб берди.

Савол: Нотариал ҳаракатни амалга ошириш ва тўхтатиб туриш муддатлари хусусида маълумот берсангиз.

А.Мирзаева, Самарқанд шаҳри

Жавоб: Маълумки, “Нотариат тўғрисида”ги Қонуннинг 31-моддасига кўра, нотариал ҳаракатлар ҳақ тўланганидан сўнг зарур бўлган барча ҳужжатлар тақдим этилган куни амалга оширилади.

Нотариал ҳаракатни амалга ошириш қўшимча маълумотларни талаб қилиб олиш ёки ҳужжатларни экспертизага юбориш зарур бўлганида кечиктирилиши мумкин.

Нотариал ҳаракатларни амалга ошириш, башарти, қонунга биноан манфаатдор шахслардан ушбу ҳаракатларни амалга оширишга эътироз бор-йўқлигини сўраш зарур бўлганда, кечиктирилиши мумкин. Нотариал ҳаракатни амалга оширишни кечиктириш муддати бир ойдан ошмаслиги лозим. Нотариал ҳаракатни амалга оширишни сўраб мурожаат қилган шахснинг талабига кўра, унга нотариал ҳаракатни амалга оширишни кечиктириш ҳақидаги қарор берилади.

Манфаатдор шахс тасдиқлашни сўраётган ҳуқуқ ёки факт устида даъволашиш учун судга мурожаат қилиш истагидаги бошқа манфаатдор шахснинг аризасига кўра, нотариал ҳаракатни амалга ошириш кўпи билан ўн кун муддатга кечиктирилиши мумкин. Агар бу муддат ичида ариза тушганлиги ҳақида суддан маълумот олинмаса, нотариал ҳаракат амалга оширилиши лозим.

Бир манфаатдор шахс тасдиқлашни сўраётган ҳуқуқ ёки факт устида даъволашаётган бошқа манфаатдор шахсдан ариза тушганлиги тўғрисида суддан маълумот олинган тақдирда нотариал ҳаракатни амалга ошириш мазкур иш судда ҳал бўлгунига қадар тўхтатиб турилади.

Қонун ҳужжатларида нотариал ҳаракатларни амалга оширишни кечиктириш ва тўхтатиб туришнинг бошқа асослари ҳам белгиланиши мумкин.

Саволга Самарқанд шаҳар 12-сон ДНИ идораси нотариуси Шаҳло Исмоиловажавоб берди.


Рўйҳатга қайтиш