Туғилганлик ҳақидаги далолатнома ёзувини тиклаш тартиби ҳақида қисқача маълумот берсангиз?

А.Омонов, Пайариқ тумани

Жавоб: Бунинг учун ФҲДЁ бўлимига келиб, туғилганлик ҳақидаги далолатнома ёзувидан такрорий гувоҳнома ёки кўчирма олиш тўғрисида мурожаат қилинади. Унинг асосида далолатнома ёзувининг иккала нусхаси ҳам текширилиб, мавжуд эмаслиги аниқ бўлганда далолатнома ёзувини тиклаш учун зарур бўлган ҳужжатлар рўйхати фуқарога берилади. Туғилганлик ҳақидаги далолатнома ёзувини тиклаш учун ФҲДЁ органига қуйидаги ҳужжатлар тақдим этилади.

- далолатнома ёзувини тиклаш тўғрисида белгиланган шаклда ариза ;

- шаҳар (Тошкент), вилоят, республика (Қорақалпоғистон) ФҲДЁ архивининг ариза берувчининг туғилган жойи бўйича далолатнома ёзувининг йўқлиги ҳақидаги маълумотномаси ;

- ота – онасининг паспорт нусхалари ;

- агар ота онаси вафот этган бўлса, уларнинг ўлими ҳақидаги далолатномалар ёзувларининг нусхалари;

- никоҳ тузилгани ҳақида далолатнома (ота – онасининг ва ўзининг) ёзуви нусхаси ;

- ота – оналарининг ҳужжатлари бўлмаганда, ака – укалари, опа- сингилларининг туғилганлик тўғрисидаги далолатнома ёзувлари нусхаси;

- аризачининг илтимосини асословчи бошқа ҳужжатлар.

Бунда ариза берувчининг илтимосини асословчи бошқа ҳужжатлар сифатида гербли гувоҳномалар ёки ҳарбий хизматга алоқадорлигини тасдиқловчи ҳужжатлар, уларнинг ксеронусхаси (нусхаси), ариза берувчининг ўқиш ёки иш жойидан берилган маълумотнома, уй дафтаридан олинган кўчирмалар, ички ишлар органларининг маълумотномаси, ФҲДЁ органлари томонидан шахсни тасдиқловчи ҳужжатларга никоҳ ва никоҳдан ажралиш қайд этилганлиги ҳақида белги қўйилганлигини тасдиқловчи ҳужжатлар ва бошқа шу каби ҳужжатлар қабул қилиниши мумкин.

Далолатнома ёзувларини тиклаш уларни тиклаш учун асос бўлган барча ҳолатлар ФҲДЁ органи томонидан аниқланганидан кейингина амалга оширилади. Бунда ФҲДЁ органи томонидан далолатнома ёзувини тиклаш ҳақида асослантирилган хулоса тузилади.

Туғилганлик ҳақидаги далолатнома ёзуви тикланганда, далолатнома ёзувига боланинг ота – онаси тўғрисидаги маълумотлар уларнинг шахсини тасдиқловчи ҳужжатлар асосида, агар улар (улардан бири) вафот этган бўлса, уларнинг ўлим ҳақидаги далолатнома ёзувлари асосида тўлдирилиши лозим.

Саволга Пайариқ тумани 2-сон ФҲДЁ бўлими мудираси М.Сайдуллаева жавоб берди.


Рўйҳатга қайтиш