Нотариус жисмоний ёки юридик шахснинг аризасини бошқа жисмоний ёки юридик шахсга топшириши мум­­­­­­кинми? Бунинг тартиби қандай?

Ё.Исканов, Самарқанд тумани

Жавоб: Ҳа, мумкин. Қонунга мувофиқ нотариус жисмоний ёки юридик шахснинг аризасини бошқа жисмоний ёки юридик шахсга бериш ваколатига эга. У ариза топширилганини маълум қилиш шарти билан почта орқали юборади ёки бевосита тегишли шахс­га олгани ҳақида имзоси қўйилиб топширилади. Ариза телефакс, компьютер тармоқлари ва бошқа техник воситалар ёрдамида ҳам узатилиши мумкин. Бунда ариза нотариал идорага камида икки нусхада тақдим қилиниши керак.

Вазирлар Маҳкамасининг 1994 йил 3 ноябрдаги қарори билан тасдиқланган Давлат божи ставкаларининг “ф” бандига асосан, жисмоний ва юридик шахснинг аризасини олиб, бошқа жисмоний ёки юридик шахсга топширишда энг кам ойлик иш ҳақининг 10 фоизи миқдорида давлат божи тўланади.

Ариза берган шахснинг илтимосига кўра, унга аризанинг топширилгани ҳақида гувоҳнома берилади. Гувоҳномада аризанинг мазмуни кўрсатилади.

Саволга Самарқанд туман 2-сон ДНИ нотариуси Мурод Норматов жавоб берди.

Савол:Нималар ихтирочилик ҳуқуқининг объектлари ҳисобланади? Шу ҳақда тўлиқроқ маълумот берсангиз.

С.Хўжамқулов, Самарқанд вилояти

Жавоб: Ихтирочилик ҳуқуқи янги, ихтиролик даражасидаги, саноатда қўллаш мумкин бўлган ва ҳуқуқий муҳофаза қилинадиган, патент бериш орқали расмийлаштирилган объектга бўлган муаллиф (ихтирочи)нинг ҳуқуқ ва мажбуриятларини тартибга соладиган ва мустаҳкамлайдиган ҳуқуқ нормалари йиғиндисидир. Ихтирочилик ҳуқуқи кўпгина адабиётларда патент ҳуқуқи, деб ҳам номланади.

Ихтирочилик ҳуқуқининг субъектлари ихтирочи-муаллиф ва ҳаммуаллифлардир. Қурилмалар, усуллар, моддалар, микро­организм­ларнинг штамм­лари, ўсимликлар ва ҳайвонлар ҳужайраларининг турлари, илгаридан маълум бґлган іурилмалар, моддаларнинг, микроорганизмлар штаммларининг янги мақсадда қўлланилиши ихтирочилик ҳуқуқининг объектлари ҳисобланади. Ихтирочининг ихтиро объектига бўлган ҳуқуқи ундан фойдаланиш ва тасарруф этиш орқали намоён бґлади.

Саволга Самарқанд шаҳар 6-сон ДНИ нотариуси Маҳмуд Ҳазратқулов жавоб берди.


Рўйҳатга қайтиш