Қандай ҳолатларда ота – оналик ҳуқуқини чеклашга йўл қуйилади?

Р.Насимова, Ургут тумани

Жавоб: Ота-оналик ҳуқуқининг чекланиши Ўзбекистон Республикаси Оила кодексининг 83-моддаси билан тартибга солинади. Ушбу моддага мувофиқ ота-оналик ҳуқуқининг чекланиши деб фақат вояга етмаган боланинг, унинг отаси ёки онасини ота-оналик ҳуқуқидан маҳрум қилмасдан туриб фақат суднинг ҳал қилув қарори асосан уни ота-онасидан ёки уларнинг биридан олиб қўйилиши ҳисобланади. Бундан мақсад, суднинг бундай қарори асосида боланинг манфаатини кўзлаган холда, ота ёки онанинг вояга етмаган боласини шахсан ўзи тарбиялаши ҳуқуқини чеклаб қўйиши мумкин.

Бунга қуйидагилар сабаб деб кўрсатилиши мумкин: боланинг отаси ёки онасининг руҳий касаллиги, сурункали касалликга чалинганлиги, уларнинг бирининг хулқ-атворида бола тарбиясига таъсири бўлганда, ҳаёти учун хавфли ва хатарли шароитлар вижудга келганда болани ота ёки она билан қолдириш хавфли ҳисобланиб ота-оналик хуқуқини чеклашга йўл қўйилади.

Ота-оналк ҳуқуқини чеклаш тўғрисидаги масалани кўриб чиқиш ва ҳал қилиш учун судга даъво ариза билан мурожаат қилиш ҳуқуқи вояга етмаган боланинг яқин қариндошлари бобоси бувиси ака-укаси ва опа–сингиллари томонидан ҳамда мактабгача таълим-тарбия, умумтаълим муассасалари ва вояга етмаган болалар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш мажбурияти қонун билан зиммаларига юклатилган бошқа органлар ва муассасалар, шунингдек прокурор томонидан амалга оширилиши мумкин.

Ота-оналик ҳуқуқининг чекланиши ота-онани болага таъминот бериш мажбуриятидан озод қилмайди. Ота-онанинг ҳар иккаласи ҳам ота-оналик ҳуқуқи чекланган тақдирда, вояга етмаган бола тегишли тартибда жойлаштириш учун васийлик ва ҳомийлик органига берилади.

Ўзбекистон Республикаси Оила кодексининг 83-моддасида ифода этилган ота-оналик ҳуқуқини чеклаш учун зарур бўлган асослар ва ҳолатларга барҳам берилганлиги аниқланган тақдирда суд тартибида кўриб чиқилиб ҳал қилув қарори чиқариб бекор қилиниши мумкин.

М.Умирзоқова,  Ургут туман 2-сон ФХДЁ  бўлими мудираси 


Рўйҳатга қайтиш