Мен яшайдиган ҳудудда туман ҳокимлиги захира ерлари ҳисобидан фермер хўжалигини қайта ташкил этиш бўйича танлов ўтказилар экан.

Савол:  Унда қатнашмоқчиман. Айтингчи, танловга киритаётган мавжуд мол-мулкларимнинг қиймати қандай шартлар асосида баҳоланади?

Х.Мамарасулов, Самарқанд тумани

Жавоб:Аввало, Адлия вазирлигида 2005 йил 19 ноябрда 1523-сон билан давлат рўйхатига олинган “Фермер хўжалигини юритиш учун ер участкаларини беришда танлов ғолибини аниқлаш тартиби тўғрисида”ги Низом талабларига кўра, туман ер участкаларини бериш (реализация қилиш) масалаларини кўриб чиқиш бўйича комиссия танловда иштирок этувчиларнинг имкониятларини уларнинг мутахассислиги, маълумоти, қишлоқ хўжалигидаги иш стажи, мажбуриятлардан ҳоли бўлган пул маблағлари,  мавжуд яроқли техникаси,  сўнгги йилларда шартномавий мажбуриятларнинг қай даражада бажаргани асосида баҳолайди.

Энди бевосита саволингизга келсак, танловга таклиф этилган мол-мулклар қиймати қуйидаги шартлар асосида инобатга олинади:

Биринчидан, мол-мулк баҳоланган ва уларга бўлган (чорва молларидан ташқари) мулк ҳуқуқини тасдиқловчи ҳужжатлар бўлиши лозим ва чорва молларининг талабгорга тегишлилиги қишлоқ фуқаролар йиғини томонидан берилган, фуқаролар йиғини раиси томонидан имзоланиб, муҳри билан тасдиқланган маълумотнома, уларнинг нархи эса чорва бозори маъмурияти томонидан берилган комиссияга маълумотнома асосида аниқланади.

Иккинчидан, талабгор танловга юқори ликвидли мол-мулкни (чорва моллари, товар-моддий бойликлар ёки бошқа тез сотиладиган мол-мулклар) тақдим этиши лозим.

Учинчидан, танловга талабгорнинг шахсий уй-жойи, уй буюмлари ва шу кабиларни, шунингдек суд қарорига кўра ёки бошқа асосларга кўра хатланган мол-мулкларни таклиф этишга йўл қўйилмайди.

Тўртинчидан, танловда иштирок этиш учун талабгорга бевосита мулк ҳуқуқи асосида тегишли бўлмаган, шу жумладан талабгор таъсис этган (иштирокчиси бўлган) юридик шахсларга тегишли бўлган мол-мулкларни таклиф этишга йўл қўйилмайди, талабгор сифатида танловда иштирок этаётган фермер хўжалиги бундан мустасно.

Бешинчидан, мол-мулк қийматини аниқлашда танловда қатнашиш учун таклиф этаётган техника воситалари қиймати ҳисобга олинмайди.

Саволга Самарқанд вилоят адлия бошқармаси етакчи  маслаҳатчиси Жаҳонгир Зоҳидов жавоб берди. 


Рўйҳатга қайтиш