Банкдан кредит олмоқчи эдим. Олмоқчи бўлган кредит қарз шартномаси бўлади ёки кредит шартномаси ҳисобланадими?

А.Қулматов, “Самарқанд транс трестинг” МЧЖ директори

Жавоб: 

Ўзбекистон Республикаси қонунчилиги бўйича банк кредит шартномаларини нотариал тартибда расмийлаштириш билан боғлиқ ҳуқуқий муносабатларни Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодекси, Ўзбекистон Республикаси “Гаров тўғрисида”ги қонуни ва Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирининг 2010 йил 30 мартдаги 64-мҳ-сон буйруғи билан тасдиқланган “Нотариуслар томонидан нотариал ҳаракатларни амалга ошириш тартиби тўғрисида”ги йўриқномага мувофиқ тартибга солинади. Одатда қарз олиш билан боғлиқ муносабатлар икки ҳил шартнома билан тартибга солинади. Биринчиси қарз шартномаси ва кредит шартномаси. Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодексининг 732-моддасига мувофиқ қарз шартномасида қарз берувчи фақат жисмоний шахс бўлса, қарз олувчилар ҳам жисмоний шахс ҳам юридик шахс ҳисобланади. Ушбу кодекснинг 733-моддасига мувофиқ фуқаролар ўртасида қарз шартномаси, агар бу қарзнинг суммаси энг кам иш ҳақининг ўн бараваридан ортиқ бўлса, оддий ёзма шаклда тузилиши шарт. Кредит шартномаси эса бир тараф — банк ёки бошқа кредит ташкилоти (кредитор) иккинчи тараф (қарз олувчи) жисмоний ва юридик шахс бўлими мумкин. Фуқаролик кодекснинг 745-моддасига мувофиқ кредит шартномаси ёзма шаклда тузиш шартлиги белгилаб қуйилган.


Савол: Ушбу кредит қай тарзда нотариал тартибда расмийлаштирилади?

А.Қулматов, “Самарқанд транс трестинг” МЧЖ директори

Жавоб: 

Кредит шартномасини расмийлаштириш учун гаровга қўйилаётган мулкнинг кўчар ва кўчмас мулклигига қараб икки ҳил тарзда нотариал тартибда расмийлаштирилади. Агар гаровга қўйилган мулк кўчар мулк бўлса, нотариус гаров шартномаси расмийлаштиради. Агарда гаровга қўйилган мулк кўчмас мулк бўлса, нотариус ипотека шартномасини расмийлаштиради. Кўпчилик кредит олувчилар гаровга кўчмас мулкни қўйишади. Шунинг учун кўчмас мулкни гаровга (ипотекага) қўйиш тўғрисидаги шартномани нотариус томонидан тасдиқлаш тартибини кўриб чиқамиз.

Юқорида таъкидлаб ўтилган йўриқномага мувофиқ кўчмас мулк жойлашган ҳудуддаги нотариус томонидан тасдиқланиши лозим. Бундай шартномани нотариал тасдиқлаш пайтида нотариус ипотекага қўйилаётган мулк ипотекага қўювчи шахсга тегишли эканлигини, уни бошқа шахсга ўтказиш тақиқланмаганлиги ва хатланмаганлигини, бошқа ипотекага қўйилган ёки қўйилмаганлигини, қарзлари йўқлигини, ипотекага олувчи ва ипотекага қўювчи юридик шахсларнинг ҳуқуқ лаёқатларини, жисмоний шахсларнинг шахсини ва вакилларнинг ваколатларини текширади.Ипотека шартномасини тасдиқлаш учун нотариус ипотекага қўювчи ва ипотекага олувчидан қуйидаги ҳужжатларни талабқилади: мулк ҳуқуқини тасдиқловчи ҳужжат, олди-сотди, ҳадя, айирбошлаш тўғрисидаги нотариал тасдиқланган шартнома, мулк ҳуқуқи ёки меросга бўлган ҳуқуқ тўғрисидаги гувоҳномалар, қонун ҳужжатларига зид бўлмаган бошқа битимлар; «Ергеодезкадастр» давлат қўмитаси ҳудудий бўлинмасининг маълумотномаси; гаров мулкини суғурта этилганлиги ҳақидаги гувоҳнома; гаровга қўйилган мулкнинг баҳолаш далолатномаси, ипотекага қўйилаётган мол-мулк умумий мол-мулкни ташкил этса, барча мулкдорларнинг розилиги; ипотекага олувчи ва ипотекага қўювчи юридик шахсларнинг таъсис ҳужжатлари, шунингдек вакилларининг ваколатларини тасдиқловчи ҳужжати (ишончнома); ипотека нарсаси ашёвий ҳуқуқ бўлган ҳолатда мулкдорнинг розилиги, қонунда ва шартномада назарда тутилган ҳоллар бундан мустасно; давлат божи тўланганлигини тасдиқловчи ҳужжатларни сўрашга ҳақли. Нотариус қонунда белгиланган тартибда бошқа ҳужжатларини ҳам талаб қилиш мумкин.

Саволларга Самарқанд шаҳар 3-сон ДНИ  нотариуси Пирмамат Бобомуродов жавоб берди.  


Рўйҳатга қайтиш