Мамлакатимизда алкоголь ва тамаки маҳсулотларининг тарқалиши ҳамда жамоат жойларида истеъмол қилиниши учун жазо чоралари кучайтирилган, деб эшитдик.

Савол: Шулар ҳақида батафсил маълумот берсангиз.

Т.Эшмонов, Иштихон тумани

Жавоб: 2015 йилнинг 29 декабрида Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига айрим ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди. Хусусан, кодекс янги, 561-модда билан тўлдирилди. Унга кўра, эндиликда чекиш тақиқланган жамоат жойларида тамаки маҳсулотларини истеъмол қилган шахсга энг кам иш ҳақининг учдан бир қисми миқдорида жарима солинади. Қонунга мувофиқ, республикамизда 20 ёшга тўлмаган шахсларга алкоголь ва тамаки маҳсулотларини сотиш мумкин эмас. Чеклов нормалари баъзи ижтимоий соҳа объектларига ҳам тааллуқлидир. Иш жойларида, соғлиқни сақлаш, таълим, спорт-соғломлаштириш муассасаларида, ёнғин чиқиш хавфи бўлган жойларда чекиш тақиқланади. Масалан, поезд вагонлари, сув кемалари, йўловчи автобуслари, шаҳар ичидаги электротранспорт, маршрутка ва такси салонларида сигарет чеккан киши энг кам иш ҳақининг учдан бир қисми миқдорида жарима тўлайди. Шунингдек, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 187-моддасига кўра, бундан буён жамоат жойлари (ишхона, кўчалар, стадионлар, хиёбонлар, истироҳат боғлари)да алкоголь маҳсулотини истеъмол қилувчиларга энг кам иш ҳақининг иккидан бир қисми миқдорида жарима тайинланади. Борди-ю бу турдаги ҳуқуқбузарлик бир йил мобайнида такрор содир этилса, маъмурий жазо энг кам иш ҳақининг икки баробаригача етказилади ёки ҳуқуқбузар 15 суткагача қамоққа олиниши мумкин.

Саволга Иштихон туман ФҲДЁ бўлими мудираси Шаҳло Қўчқорова жавоб берди. 


Рўйҳатга қайтиш