Юридик шахс бўлмаган тадбиркорлик субъектлари неча турга бўлинади?

Б.Қодиров, Риштон тумани

Жавоб: Юридик шахс бўлмаган тадбиркорлик субъектлари уч турга бўлинади.

Булар:

Якка тартибдаги тадбиркорлар;

Юридик шахс бўлмаган деҳқон хўжаликлари;

Юридик шахс бўлмаган оилавий тадбиркорлик субъектлари.

Савол: Юридик шахс бўлмаган тадбиркорлик субъектлари қайси орган томонидан давлат рўйхатидан ўтказилади?

О.Анваров, Хатирчи тумани

Жавоб: Юридик шахс бўлмаган тадбиркорлик субъектлари тегишли туман (шаҳар) ҳокимлиги ҳузуридаги Тадбиркорлик субъектларига “ягона дарча” тамойили бўйича давлат хизматлари кўрсатиш ягона марказлари томонидан давлат рўйхатидан ўтказилади.

Савол: Якка тартибдаги тадбиркорни давлат рўйхатидан ўтказиш учун рўйхатга олувчи органга қандай ҳужжатлар тақдим этилади?

Н.Каримова, Арнасой тумани

Жавоб: Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2003 йил 20 августдаги 357-сон қарори билан тасдиқланган Низомнинг 16-бандига асосан якка тартибдаги тадбиркорни давлат рўйхатидан ўтказиш тўғрисидаги ариза-хабарномага қуйидагилар илова қилинади:

3х4 см ўлчамдаги иккита фотосурат;

давлат божининг белгиланган миқдори тўланганлиги ҳақидаги банк тўлов ҳужжати;

икки нусхада муҳр ва штамп эскизлари (якка тадбиркор хоҳишига кўра);

паспорт нусхаси.

Савол: Юридик шахс бўлмаган деҳқон хўжаликларини давлат рўйхатидан ўтказиш учун рўйхатга олувчи органга қандай ҳужжатлар тақдим этилади? 

Э.Одилов, Қамаши тумани

Жавоб: Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2003 йил 20 августдаги 357-сон қарори билан тасдиқланган Низомнинг 17-бандига асосан давлат рўйхатидан ўтказиш тўғрисида аризага қуйидагилар илова қилинади:

туман ҳокимининг ер участкаси ажратиб бериш тўғрисидаги қарори;

муҳр ва штамп эскизлари (аризачининг хоҳишига кўра);

паспорт нусхаси.

Савол: Юридик шахс бўлмаган оилавий тадбиркорлик субъектини давлат рўйхатидан ўтказиш учун рўйхатга олувчи органга қандай ҳужжатлар тақдим этилади?

Ш.Ҳазратқулова, Оқдарё тумани

Жавоб: Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2003 йил 20 августдаги 357-сон қарори билан тасдиқланган Низомнинг 171-бандига асосан юридик шахс бўлмаган оилавий тадбиркорлик субъектини давлат рўйхатидан ўтказиш тўғрисидаги ариза-хабарномага қуйидагилар илова қилинади:

юридик шахс бўлмаган оилавий тадбиркорлик шаклида фаолиятни амалга оширувчи оила аъзоларининг 3х4 см ўлчамдаги иккита фотосурати;

давлат божининг белгиланган миқдори тўланганлиги ҳақидаги банк тўлов ҳужжати;

икки нусхада муҳр ва штамп эскизлари (юридик шахс бўлмаган оилавий тадбиркорлик субъектининг хоҳишига кўра);

паспортлар нусхалари ва юридик шахс бўлмаган оилавий тадбиркорлик шаклида фаолиятни амалга оширувчи оила аъзоларининг қариндошлик даражасини тасдиқловчи бошқа ҳужжатлар.

Савол: 18 ёшга тўлмаган шахсни оилавий тадбиркорликда қатнашишига йўл қўйиладими?

А.Баҳодиров, Қўшкўпир тумани

Жавоб: Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2009 йил 29 июлдаги 216-сон қарори билан тасдиқланган Юридик шахс ташкил этмасдан оилавий тадбиркорликни ва ҳунармандчилик фаолиятини амалга ошириш тартиби тўғрисидаги низомга асосан оила аъзоси 15 ёшга тўлган тақдирда оилавий тадбиркорликда қатнашиши мумкин. 18 ёшгача бўлган шахс оилавий тадбиркорликда, шунингдек ҳунарманднинг шогирди сифатида ишлашга у умумтаълим мактаби, касб-ҳунар коллежи ёки академик лицейда албатта ўқиши шарти билан қўйилади.

Оилавий тадбиркорликда ёки ҳунармандчилик фаолиятида қатнашаётган 16 ёшдан 18 ёшгача бўлган шахслар учун бир ҳафтада 36 соатлик, 15 ёшдан 16 ёшгача бўлган шахслар учун эса – бир ҳафтада 24 соатлик иш вақтидан ошмаслиги лозим.

Саволларга Адлия вазирлиги бош маслаҳатчиси Камол Халиков жавоб берди. 


Рўйҳатга қайтиш