Оталикдан маҳрум бўлган ота болага таъминот беришга ҳақлими?

Жавоб: Оила кодексининг 81-моддасига кўра, Ота-оналик ҳуқуқидан маҳрум қилинган ота-она қайси болага нисбатан ота-оналик ҳуқуқидан маҳрум қилинган бўлса, шу болага нисбатан бўлган қариндошлик фактига асосланган барча ҳуқуқлардан, шу жумладан ундан таъминот олиш, шунингдек болали фуқаролар учун қонун ҳужжатларида белгиланган имтиёзлар ва нафақалар олиш ҳуқуқларидан маҳрум бўлади.

Ота-оналик ҳуқуқидан маҳрум қилиниши ота-онани ўз боласига таъминот бериш мажбуриятидан озод қилмайди.

Савол: Бола 2 ёшга тўлгунга қадар бериладиган нафақа қайси оилаларга берилмайди?

Жавоб: Вазирлар Маҳкамасининг 2013 йил 15 февралдаги 44-сон қарори билан тасдиқланган “Кам таъминланган оилаларга ижтимоий нафақалар ва моддий ёрдам тайинлаш ва тўлаш тартиби тўғрисида”ги Низомнинг 8-бандида болали оилаларга нафақа, бола парвариши бўйича нафақа ва моддий ёрдам ҳар бир оила аъзосига ўртача ойлик жами даромад миқдори жами даромад аниқланаётган давр учун белгиланган энг кам ойлик иш ҳақининг 1,5 баравардан ортиқ бўлмаган оилаларга тайинланиши белгиланган.

Шунингдек мазкур Низомнинг 9-бандида болали оилаларга нафақа, бола парвариши бўйича нафақа ва моддий ёрдам олишда устунлик ҳуқуқига эга бўлганлар рўйхати келтирилган бўлиб уларга қуйидагилар киради.

ота-онасининг иккисини ҳам йўқотган, болалар тарбияси билан эса қариндошлар шуғулланаётган оилалар;

ота-оналардан бири ёки ҳар иккиси ҳам ногирон бўлган оилалар;

14 ёшгача бўлган икки ва ундан ортиқ болаларни тарбиялаётган, бошқа қариндошлардан алоҳида яшаётган бева аёллар (бева эрлар);

ногирон боласи (болалари) бўлган оилалар;

болани (болаларни) тўлиқ бўлмаган оилада тарбиялаётган оналар (оталар). Бунда боланинг амалда тўлиқ бўлмаган оилада она (ота) томонидан тарбияланишини фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органи белгилайди;

ота-оналардан бири ёки ҳар иккиси ишсиз бўлган ва иш изловчи сифатида бандликка кўмаклашиш ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш марказларида ҳисобда турган оилалар;

ёлғиз пенсионерлар.

Савол: 2 ёшгача бериладиган болалар пули ҳозирда қанча миқдорни ташкил қилади?

Жавоб: Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламларини аниқ йўналтирилган тарзда қўллаб-қувватлашни кучайтириш тўғрисида”ги 2002 йил 25 январдаги ПФ-3017-сон Фармонининг 2-бандида бола икки ёшга тўлгунга қадар уни парвариш қилиш бўйича оналарга бериладиган ойлик нафақалар миқдори 2002 йилнинг 1 февралидан бошлаб йил бошида белгиланган энг кам иш ҳақининг 170 фоизи, 2003 йилнинг 1 январидан бошлаб эса 200 фоизи миқдорида белгиланиши кўрсатилган.

Савол: Вояга етмаган шахс-коллеж ўқувчиси маъмурий жавобгарликка тортилса, жарима унинг буваси (пенсионер)дан ундириладими?

Жавоб: Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 13-моддасига мувофиқ, Маъмурий ҳуқуқбузарлик содир этган пайтда ўн олти ёшга тўлган шахслар маъмурий жавобгарликка тортиладилар. Шунингдек, мазкур Кодекснинг 332-моддаси 3-қисмига кўра, ўн олти ёшдан ўн саккиз ёшгача бўлган шахсларнинг мустақил иш ҳақи бўлмаган тақдирда, жарима уларнинг ота-оналари ёки улар ўрнини босувчи шахслардан ундириб олинади. 


Рўйҳатга қайтиш