Васиятномада фуқаронинг сўнги хохиш-иродаси ҳақида тушунча берсангиз?

О.Махкамов, Самарқанд шаҳри

Жавоб:Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодексининг 1120-моддасида васият буйича ворисликнинг умумий қоидалари белгилаб қўйилган. Унга кўра, фуқаронинг ўзига тегишли мол-мулкни ёки бу мол-мулкка нисбатан ҳуқуқини вафот этган тақдирда тасарруф этиш хусусидаги хохиш-иродаси васият деб эьтироф қилинади.

Фуқаро ўзининг барча мол-мулкини ёки унинг муайян қисмини қонун бўйича меросхўрлар доирасига кирадиган, шунингдек, кирмайдиган бир ёки бир неча шахсга, шу билан бирга, юридик шахсларга, давлатга ёки фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларига васият қилиши мумкин.

Васият қилувчи қонун бўйича меросхўрлардан биттасини, бир нечтасини ёки ҳаммасини изоҳ бермаган ҳолда меросдан махрум қилишга ҳақли. Қонун бўйича меросхўрни меросдан махрум этиш, агар васиятномадан бошқа ҳол келиб чиқмаса, бу васият қилувчининг тақдим этиш ҳуқуқи бўйича ворислик қиладиган авлодларига нисбатан татбиқ этилмайди.

Мерос қолдирувчи ҳар қандай мол-мулк тўғрисидаги фармойишни ўз ичига оладиган васиятнома тузишга ҳақли. Мерос қолдирувчи васият қилаётган пайтида ўзига тегишли бўлмаган мол-мулк тўғрисидаги фармойишни ўз ичига оладиган васиятнома тузишга ҳақли. Агар мерос очилган пайтга келиб бундай мол-мулк унга тегишли бўлиб қолса, тегишли фармойиш ҳақиқий ҳисобланади.

Васиятнома шахсан тузилиши лозим. Васиятноманинг вакил орқали тузилишига йўл қўйилмайди. Васиятнома матни васият қилувчи томонидан ёзилиб, нотариусга шахсан тақдим этилган ёки унинг сўзларидан нотариус томонидан ёзиб олинган бўлиши лозим. Ёзма шаклдаги васиятнома васият қилувчининг ўз қўли билан имзоланиши, фамилияси, исми ва отасининг исми тўлиқ ёзилиши шарт.

Савол: Қайси пайтда васият қолдирувчининг ўрнига бошқа шахс (вакил) кўл куйиши мумкин?

М.Мирзаев, Самарқанд тумани

Жавоб: Агар васият қилувчи жисмоний нуқсонлари, касаллиги, ёки саводсизлиги туфайли васиятномани ўз кули билан имзолай олмаса, унинг илтимосига биноан нотариус ҳозир бўлганида васият қилувчи ўз кўли билан имзолай олмаганлигининг сабабларини кўрсатган ҳолда, васиятномага бошқа шахс имзо қўйиши мумкин. Бундай ҳолатда, нотариус Фуқаролик кодексининг 1128-моддасига асосан васият қилувчининг ўрнига васиятномани имзолаган фуқарога мерос очилгунга қадар васиятноманинг мазмуни, унинг тузилиши, бекор қилиниши ёки ўзгартирилишига дахлдор маьлумотларни ошкор қилишга ҳақли эмаслигини тушунтиради ва бу ҳақда васиятнома матнида ва тасдиқловчи ёзувда қайд этади.

Савол: Васиятнома тасдиқлашда гувоҳлар иштирок этиши мумкинми?

Д.Зоирова, Нуробод тумани

Жавоб: Васият қилувчининг илтимосига биноан васиятномани тасдиқлашда гувоҳлар иштирок этиши мумкин. Бундай ҳолда васиятноманинг ҳар икки нусхасига бу ҳақда ёзиб қуйилади.

Васият қилувчининг хохишига кўра васиятнома нотариус томонидан унинг мазмуни билан танишиб чиқмасдан (махфий васиятнома) тасдиқланади.

Савол: Васиятномани махфийлиги ҳақида тушунча берсангиз?

З.Тиллаев, Нуробод тумани

Жавоб: Махфий васиятномани васият қилувчи ҳақиқий саналмаслик хафви остида ўз қўли билан ёзиши ва имзолаши, фамилияси, исми ва отасининг исми тўлиқ ёзилиши лозим. Бу ҳақда нотариус васият қилувчидан оғзаки сўрайди ва тасдиқловчи ёзувда кўрсатади. Васиятнома икки гувох ва нотариус иштирокида хатжилдга солиниб, хатжилд елимланиши лозим, гувоҳлар ўз фамилияси, исми отасининг исми ва доимий манзилини кўрсатган ҳолда хатжилга имзо қўядилар. Гувоҳлар имзо қўйган хатжилд гувоҳлар ва нотариуснинг иштирокида бошқа хатжилдга солинади ва бу хатжилд ҳам елимланади, унга нотариус тасдиқловчи ёзувни ёзиб қўяди.

Махфий васиятнома реестрда қайд этилиб, алифбо китобига киритилади ва васиятномалар турадиган йигмажилдда сақланади.

Мерос қолдирувчи васиятнома тузилганидан кейин уни истаган пайтда бекор қилиш ва ўзгартириш борасида эркин бўлиб, бунда бекор қилиш ёки ўзгартириш сабабларини кўрсатишга мажбур эмас.

Саволларга Нуробод туман ДНИ нотариуси Қ.Абдуллаев жавоб берди


Рўйҳатга қайтиш