Ҳадя шартномасини тузиш учун нималар зарур?

Ф.Элбоев, Пастдарғом тумани

Жавоб: 

Шартномани тасдиқлашда ҳар иккала томон: ҳадя қилувчи ва олувчи қатнашиши

• ҳар иккала томоннинг хоҳиш иродаси;

• томонларнинг амалдаги, муддати ўтмаган паспорт маълумотлари, доимий ё вақтинча рўйхатга олинган яшаш жойлари;

• ҳадя қилинаётган кўчмас мулк (уй)нинг кадастр ҳужжатлари, уй режаси, майдони, қавати, нечта хонадан иборат эканлиги, хонадон манзили, жойлашган жойи, уй дафтари, уй тури (ховли ёки кўп қаватли уй) ҳақидаги тўлиқ маълумот;

• эгалик ҳуқуқини белгиловчи ҳужжатлар (турли ҳил шартномалар, гувоҳномалар, ҳоким ё суд қарорлари, давлат далолатномаси, уй-жой коперативлари маълумотномалари ва бошқалар);

• ҳадя қилинувчи иморатнинг лойиҳавий режаси, кўчмас мулк жойлашган тумандаги кадастр бўлимининг белгиланган тартибдаги маълумотномаси, турар жойидан, сув, газ, электр энергия, телефон ва бошқа тўловлардан қарзи йўқлиги тўғрисида коммунал бўлимдан маълумот;

• ҳадя берувчи турмуш ўртоғининг розилигини билдирувчи ёзма ариза (Ўзбекистон Республикаси Оила Кодексининг 25 моддасида белгиланган тартибда талаб қилинади).


Савол: Ҳадя қандай тартибда берилади?

Ш.Аллаева, Пастдарғом тумани.


Жавоб: 

Мол мулк, одатда мулк ҳуқуқи, қонун коидаларга риоя қилган ҳолда, бир шахс эгалигидан иккинчи шахсга ўтади. Бундай холларда мол мулк ўзининг дастлабки сифатини йўқотмайди. Фақат унга эгалик қилувчи субъектлар ўзгаради.

Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик Кодексининг 502 моддасида ҳадя шартномасига мувофиқ, бир тараф (ҳадя килувчи) бошка тараф (ҳадя олувчи) га ашёни текинга мулк қилиб беради ёки бериш мажбуриятини олади. Унга ўзига ёки учинчи шахсга нисбатан мулк ҳуқуқи талабини бериб ёки бериш мажбуриятини олади. Бирон бир шахсга ашёни ёки мулк ҳуқуқини текинга беришни ёки бирон бир шахсни мулкий мажбуриятдан озод этишни ваъда қилиш (ҳадя этишни ваъда қилиш) агар ваъдага тегишли шаклда берилган бўлса ва келажакда аниқ шахсга ашё ёки мулкий ҳуқуқни текинга бериш ёки уни мулкий мажбуриятдан озод қилиш мақсади аниқ кўриниб турган бўлса, ҳадя шартномаси деб тан олинади.


Савол: Ҳадя шартномаси тузишда солиқ тўланадими?

А.Ҳакимов, Самарқанд шаҳар

Жавоб: 

Ҳа, ҳадя олувчи ҳадя қилинадиган нарсанинг қандайлигига қараб давлат Солиқ қўмитаси томонидан белгиланадиган солиқни тўлайди. Ҳовли-жой ҳадя қилинаётган бўлса, ер ва мулк солиғи, кўп қаватли уй хонадони ҳадя қилинаётган бўлса мулк солиғи тўланади. Бошқа нарсаларга мулкнинг 1 фоизи миқдорида солиқ солинади. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 1994 йил 4 ноябрда қабул қилинган 533 сонли “Давлат нотариал идораларида расмийлаштириладиган нотариал ҳаракатлар учун тўланадиган давлат божи ва ставкалари тўғрисида”ги Қарори ва унга қўшимчаларда белгиланишича, яқин қариндошлар орасида ҳадя шартномаси имзоланса, солиқ имтиёзлари мавжуд. Бу учун яқин қариндоши эканлигини тасдиқловчи ҳужжат, маълумотнома талаб этилади.


Савол: Уй ҳадя қилган инсон бир неча вақт ўтиб, ўз уйидан айрилиб, уйсиз қолса ёхуд пул ҳадя қилган инсон озгина ўтиб, пулга мухтож ва ночор ахволда қолса, (масалан, оғир касал) унинг шароити инобатга олиниб, хадя шартномаси бекор қилинадими?

Н.Ачилова, Пастдарғом тумани


Жавоб: 

Йўқ, агар суд орқали чиқарилган қарор ёки томонларнинг розилиги бўлмаса, бошқа ҳолатларда даъво инобатга олинмайди, ҳадя қайтарилмайди. Ҳадя шартномаси беғаразликка асосланади ва шарт қўйилмайди.


Саволларга Пастдарғом туман 1-сон ДНИ  нотариуси Игора Хакимова жавоб берди.


Рўйҳатга қайтиш