КЕКСАЛАРИ ЭЪЗОЗЛАНГАН ЮРТ

Ёши улуғ инсонларни эъзозлаш, уларга ҳурмат-эҳтиром кўрсатиш халқимизга хос азалий қадрият ҳисобланади. Бирор иш бошлашдан аввал албатта, улардан маслаҳат ва дуо оламиз. Зеро, маслаҳатли тўй тарқамайди, ота-онанинг дуоси билан бошланган иш эса хайрли бўлади. Президентимиз раҳнамолигида асрлардан асрларга ўтиб келаётган шундай удум ва анъаналаримиз янгича мазмун касб этди. Ватан ва юрт равнақи йўлида камарбаста бўлган, бугун кексалик гаштини сураётган отахону онахонларимиз ҳар жойда, маҳаллада ҳам, оилада ҳам ҳурмат эҳтиромда.

Мамлакатимизда жорий йилнинг Кексаларни эъзозлаш йили, деб эълон қилинганлиги нуронийларга кўрсатилаётган алоҳида эътибор ва ғамхўрликнинг амалий тасдиғидир. Самарқанд вилоятида ҳам “Кексаларни эъзозлаш йили” Давлат дастурида кўзда тутилган вазифалар ижросини таъминлаш мақсадида ишлаб чиқилган манзилли дастурга мувофиқ бир қатор ишлар амалга оширилмоқда. Жумладан, Самарқанд вилоят адлия бошқармаси ташаббуси билан Нуробод туманида “Кексаларни эъзозлаш йили” Давлат дастурида белгиланган вазифалар ижросини таъминлаш мақсадида ташкил этилган “Ҳеч ким меҳр ва эътибордан четда қолмасин!” шиори остида учрашув бўлиб ўтди.

Учрашувда мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотлар самараси кўп жиҳатдан аҳоли, айниқса, ёшларнинг ҳуқуқий-маънавий дунёқараши, жамиятда юз бераётган жараёнларга дахлдорлик даражасига боғлиқ эканлиги таъкидланди. Бу эса меҳнат жамоалари, таълим муассасалари, маҳаллаларда олиб борилаётган маънавий-маърифий тарғибот ишларини янада такомиллаштиришни тақозо этади.

Тадбирда сўз олганлар, Президентимиз Ислом Каримовнинг 2015 йил 14 апрелдаги “Кексаларни ижтимоий ҳимоя қилиш ва моддий қўллаб-қувватлашни янада кучайтириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармони бу борадаги ишлар кўламини янада кенгайтиришда муҳим дастуриламал бўлаётганлиги, дастур ижроси юзасидан 2015 йилнинг биринчи ярим йиллигида вилоятда 279 уруш қатнашчилари, 5342 нафар меҳнат фронти фахрийлари ҳамда 233 900 нафар пенсионерлар бепул тиббий кўрикдан ўтказилганлиги қайд этилди. Дуо билан эл кўкарар, дейишади. Рост гап! Ҳаётимизнинг бугунгидек тинч ва осудалиги, турмушимизнинг фаровонлиги, рўзғоримиз бут, дастурхонимиз тўкинлиги Президентимиз раҳнамолигида инсон, унинг манфаати, бахт-саодати ва қадр-қимматини кўзлаб амалга оширилаётган кучли ижтимоий сиёсат самараси, қолаверса, кўпни кўрган, ёшларга ибрат бўлаётган кексаларимизнинг дуоси, эзгу ниятлари ижобатидир.

Тадбир сунгида Тумандаги 2 умумтаълим мактаби ўқувчиси, билимлар белашуви вилоят босқичида 1-ўрин ғолиби бўлган Г.Ҳакимовани ҳамда Нуробод туман ФҲДЁ бўлими инспектори лавозимида 25 йилдан ортиқ вақтдан бери меҳнат қилиб келаётган Э.Эргашевани республиканинг чекка туманларидаги хотин-қизлар ва ёшларнинг ижтимоий фаоллигини ошириш, аҳолининг ҳуқуқий онги ва маданиятини юксалтиришга қушган ҳиссалари учун тақдирлаш маросими бўлиб ўтди. 

Самарқанд вилоят адлия бошқармаси Ҳуқуқий тарғибот ва маърифат бўлими


Рўйҳатга қайтиш