КЕКСАЛАР ЭЪЗОЗДА

Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигнинг 24 йиллигини кенг нишонлашга қизғин ҳозирлик кўрилаётган айни кунларда Она юртимизнинг тинчлиги ва осойишталигини асраш учун мардлик ва жасорат кўрсатган боболаримизни яна бир бор ёдга олиш, уларни эъзозлаб, ҳолидан хабар олиш ва ҳурмат-эҳтиром кўрсатишимиз халқимиз учун ҳам қарз, ҳам фарз ҳисобланади. Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримов томонидан 2015 йилга “Кексаларни эзозлаш йили” деб ном берилиши муносабати билан нуроний отахон ва онахонларга ҳурмат-эҳтиром кўрсатишга янгича маъно-мазмун бағшида этмоқда.

Мамлакатимизда пиру бадавлат инсонларни эъзозлаш, ижтимоий қўллаб-қувватлаш, уларга ғамхўрлик кўрсатишдек халқимизга хос қадриятларга содиқ қолган ҳолда Самарқанд вилоят адлия бошқармаси ташаббуси билан Пастдарғом туман 2-сон ФҲДЁ бўлими ва "Маҳалла" хайрия жамоат фонди ҳамкорлигида тумандаги “Беклар” МФЙда истиқомат қилувчи Тураев Нормамат ота ва “Навруз” МФЙда яшовчи Эргашев Суюн оталарга ҳурмат-эҳтиром кўрсатиш, ижтимоий қўллаб-қувватлаш ва ҳолидан хабар олиш мақсадида уларнинг хонадонларига ташриф буюрилиб, хайрия тадбири ташкил этилди.

Тадбирда муҳтарам Юртбошимиз раҳнамолигида мамлакатимизда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар самарасида Ўзбекистонда барча соҳаларни тараққий эттириш, аҳоли фаровонлигини ошириш борасида катта ютуқларга эришилаётгани таъкидланди. Шундай дориломон кунларда фахрийларнинг кўнглини олиш, уларнинг ҳурматини жойига қўйиш, мазмунли ҳордиқ чиқаришлари учун кенг имконият яратиш касбу-коридан қатъий назар ҳар бир давлат идораси ва муассасаси ходимларининг муқаддас бурчи эканлиги қайд этилди.

– Бугунги тинч, фаровон кунларга шукроналар айтаман, – дейди туманнинг “Беклар” МФЙда яшовчи меҳнат фахрийси Тураев Нормамат ота. – Орзуларим рўёбини, невара-чевараларим камолини кўрдим. Биз кексаларга кўрсатаётган юксак эътибор ва ғамхўрлик учун Юртбошимиздан беҳад миннатдормиз. Илоҳо, юртимиз тараққиётига, тинчлигу фаровонлигимизга кўз тегмасин. 83 ёшни қарши олган Тураев Нормамат ота узоқ йиллар давомида тумандаги умумтаълим мактабларида физика ва математика фанларидан ўқувчиларга сабоқ бериб келган. Ўн нафар фарзандни эл корига ярайдиган қилиб тарбиялаб, Ватанпарвар, юрт фаровонлиги учун ўзини масъул деб биладиган инсонлар сафига қўшди, айни кунларда 60 нафар невара ва 30 нафар чевара ардоғида ҳурмат ва эҳтиромда.

– Бу каби маданий учрашувларни ўтказишдан мақсад, табаррук нуронийларимизни эъзозлаш, уларга юқори даражада маданий хизмат кўрсатишдан иборат, – дейди Пастдарғом туман 2-сон ФҲДЁ бўлими мудираси Ф.Ботирова. – Ана шундай эъзозу эҳтиром оғушида умргузаронлик қилаётган фахрийларимиз ёш авлодни тинч-осойишта ҳаётимизни асраб-авайлаш, Ватанимизнинг келажагига шукроналик туйғуси билан яшашга ундаб, бошқаларга ибрат бўлиб келаётир.

Тадбир сўнгида фахрийларга Самарқанд вилоят адлия бошқармаси ва Пастдарғом туман 2-сон ФҲДЁ бўлими томонидан тайёрланган эсдалик совғалари топширилди.

Самарқанд вилоят адлия бошқармаси Ҳуқуқий тарғибот ва маърифат бўлими 


Рўйҳатга қайтиш