Уйимизнинг файзи ва фаришталари

Инсон камолотида оиланинг ўрни ғоят катта. Чунки биз ана шу мўъжаз макон, Ватанимиз ичра кичик Ватан - оилада туғилиб, вояга етамиз. Жамият тараққиётига ҳисса қўшишга қодир шахс сифатида шаклланамиз. Шу азиз макон сари ҳар лаҳзада талпиниб турамиз.Чунки бу маконнинг бағри иссиқ, меҳригиёси, одамни ўзига тортиб турувчи оҳанрабоси, қалбларимизни равшан қилгувчи нурафшон зиёси бор. Бундан ҳам муҳимроғи эса, бизнинг ҳар бир қадамимизни жиддий назорат қилиб, хулқ-атворимизни одамийлик тарозиси ила ўлчаб, яхшиликларга йўллаб тургувчи ота-онамиз, бобо ва бувиларимизнинг меҳр-муҳаббати ҳоким унда.

Асрлар давомида шаклланган оила қадрияти миллатимиз учун том маънодаги интеллектуал маънавий мероски, бу маънавий меросни ҳеч қандай моддият билан қиёслаб бўлмайди. Оиламиз фариштаси, хонадонимиз кўрки бўлган бобо ва момоларимиз, азиз бувижонларимиз қанотлари остида бизнинг фарзандларимиз, ҳатто невараларимизнинг улғайиб, камол топишида, битта оила негизида шаклланган ибратга лойиқ шажаранинг яралишида жуда катта ҳикматлар мужассам. Бу ҳикматлар ана шу маънавий-ахлоқий тарбия макони – оиладаги тўкисликни бир хил мезонда ушлаб турувчи улуғ ёшдаги кексаларимизнинг ўзига хос ўзбекона тутумларида, оила аъзоларининг хулқ-атворидаги гўзал сифат ва фазилатларда намоён бўлади.

Юртбошимизнинг “Халқимизнинг қадимий ва шонли тарихини узвий давом эттиришга, шу тарихнинг ўчмас саҳифаларини, аждодларимизнинг буюк меросини, қадрият ва урф-одатларини ёшларимизга етказиш, ҳаётимизни тобора поклаш ва файзу баракали қилишда, бир сўз билан айтганда, уни маънавий юксалтиришда, бугун Яратганнинг бизга берган
ҳар бир кунини маъноли ва сермазмун ўтказишда беқиёс ҳисса қўшаётган ота-боболаримизга ҳар томонлама ҳурмат, эъзоз ва эҳтиром кўрсатиш барчамиз учун ҳам қарз, ҳам фарз, деб ўйлайман”, деган ҳикматли сўзлари барчамиз учун дастуриламалдир.

Шундай экан, кексалари бор хонадондаги ёшлар, биринчи навбатда, уларни эъзозлаб бу дунёда уларнинг борлигига Аллоҳга шукроналар айтиб иззат-ҳурматларини жойига қўйишлари лозим. Дарҳақиқат, оилам мустаҳкам бўлсин, фарзандларим одамлар ҳавас қилгулик тарбияли бўлиб вояга етсин, деганлар аввало, ўз ота-оналарини қадрлашга, уларнинг дуоларини олишга интиладилар. Ёшнинг кучи билагида, кексаники юрагида бўлади. Билакдаги куч ҳамиша ҳам иш бермаслиги мумкин, аммо юракдаги куч фаҳм-фаросат, ақл, тажриба унча-мунча мушкулотни осонгина бартараф этиши аниқ.

Дарвоқе, қайсики хонадонда кекса бобо ва момоларимиз бўлса, ўша хонадоннинг ҳавоси бошқача. Ўғил-қиз, невара-чевара, ҳатто эваралар жамлигидаги бу катта хонадонда бирдамлик, жипслик, ўзаро меҳр-оқибат ўзгача, гўзал. Топиш-тутишининг баракасидан наинки хонадонга, балки эл-юртга файз ёғилади. Чунки икки-уч, ҳатто тўрт авлод жипслигидаги аҳиллик, ўзаро меҳр-оқибат мезонларидан куч олган, қалблари зийнатланган хонадон аъзолари кексалар дуосини олиб, юмушга, тижорат, тадбиркорлик ишларига қўл урадилар, эл-юрт манфаати учун фидойилик қиладилар. Хонадонлари остонасидан ташлаган эзгу қадамлари эл-юрт фаровонлиги йўлидаги ниятлари улуғ. Бу бобо ва момолардан фарзандларга ўтган бебаҳо қадрият.

Шунинг учун ҳам бизнинг мамлакатимизда ёши улуғ кексаларга эътибор, ғамхўрлик давлат сиёсати даражасига кўтарилган. Чунки турли соҳаларда эришилаётган ютуқлар, олиб борилаётган изчил ислоҳотлар замирида кекса авлод вакилларининг бетимсол фидойиликлари мужассам. Собиқ тузум давридаги қолиплаштирилган сиёсат туфайли халқимиз ҳаётида юз берган катта йўқотишлар, қатағон ва сургунлар, иккинчи жаҳон уруши жанггоҳлари ҳамда фронт орқасидаги машаққатли ва азобли меҳнат, етар-етмаслик, очарчилик азобларига сабр - тоқат билан чидаб яшаган, ҳар қандай мураккаб вазиятларда ҳам ўзлигини йўқотмаган нуроний ёшдаги отахон ва онахонларимизга эъзоз ва эътибор кўрсатиш бугун ҳар биримизнинг зиммамиздаги фарзандлик бурчимиздир.

Айнан Кексаларни эъзозлаш йили фахрийларимизнинг ҳурматини жойига қўйиш, ҳар қайси кекса одамнинг юрагига етиб бориш, кўнглини кўтариш, шу билан бирга, уларнинг ҳаётини мазмунли қилиш йўлида олиб бораётган ишларимизни кучайтиришга, самарасини оширишга хизмат қилади.

Замира АҳмедоваСамарқанд шаҳар 2-сон ФҲДЁ бўлими мудираси 


Рўйҳатга қайтиш