Ватан учун яшайлик!

Шу кунларда халқимиз энг улуғ, энг азиз байрамимиз – Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг 25 йиллигини муносиб кутиб олиш ва тантанали равишда нишонлаш учун ҳар томонлама қизғин тайёргарлик кўрмоқда. Бу борада 2016 йил 2 июнь куни эълон қилинган Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг йигирма беш йиллик байрамига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш тўғрисида”ги қарори муҳим аҳамиятга эга бўлди. Қарорда республика комиссияси томонидан “Гўзал ва бетакроримсан, муқаддас Ватаним, жоним сенга фидо, Ўзбекистоним!” деган бош ғояни ўзида мужассам этган ташкилий-амалий, маънавий-маърифий тадбирлар ҳамда тарғибот-ташвиқот ишлари дастурини ишлаб чиқиши белгилаб берилди.

Дарҳақиқат, мазкур қарорда таъкидлаб ўтилганидек, ушбу қутлуғ айём ўтган тарихан қисқа даврда босиб ўтган ғоят оғир ва мураккаб, шу билан бирга, шарафли йўлимизни, амалга оширган кенг кўламли ислоҳотларимиз самарасини, қўлга киритган улкан марра ва ютуқларимизни танқидий кўз билан сарҳисоб қилиш, олдимизга қўйган олий мақсад – энг тараққий топган давлатлар қаторига кириш борасидаги устувор вазифаларни белгилаб олишда, ҳеч шубҳасиз, муҳим аҳамият касб этади.

Зеро, энг улуғ ва энг азиз кун сифатида тантана қилиш анъанага айланган ушбу умумхалқ байрамимиз барчамизни мустақиллик берган неъматларни яна бир бор чуқур мушоҳада қилишга ундайди. Дарҳақиқат, мустақиллик — юртимизда халқимизга эркинлик ва озод ҳаётни берган, миллий онг ва қадр-қимматни тиклаб, барчага ўзликни англаш туйғусини, тилимиз, муқаддас динимизни, қадрият ва урф-одатларимизни қайтариб берган бебаҳо неъматдир.

Бу борада Президентимиз Ислом Каримов “Она юртимиз бахту иқболи ва буюк келажаги йўлида хизмат қилиш – энг олий саодатдир” номли асарида “Мустақиллик биз учун аввало ўзлигимизни англаш, инсоний қадримизни, урф-одат ва қадриятларимизни, муқаддас ислом динимизни, буюк аждодларимиз, азиз-авлиё ва алломаларимизнинг табаррук номлари ва меросини, ғурур ва ифтихоримизни тиклаш, ёш авлодимизни миллий ва умумбашарий қадриятлар руҳида тарбиялаш каби беқиёс имкониятлар очиб берганини алоҳида таъкидлаш зарур”, — дея таъкидлайди.

Истиқлолнинг ўтган чорак асри мобайнида яратиш ва бунёдкорлик йўлидан қатъий бормоқда. Шу давр мобайнида мамлакатимизда қандай ишлар амалга оширилди, Мустақиллик бизга нима берди?

Аввало, маънавий-маърифий ҳаётда уйғониш юз берди. Тарихимиз тикланди. Она тилимизни англадик. Улуғ аждодларимиз руҳи шод этилиб, уларнинг номи, иззат-иқроми, ҳурмати ўз жойига қўйилди. Бундан 25 йил аввал биз диний қадриятларимиз топталанган, диний байрамларимиз таъқиқланган, масжидларимиз, омборхона, отхона, машина сақлаш жойига айлантирилган, бутун совет даврида – 73 йил мабойнида атиги 173 нафар юртдошимиз ҳаж сафарига борган, “дин — афюн” деб номланган мамлакатда яшар эдик. Бугун эса, Ўзбекистон — муқаддас ислом динимиз тикланган, уни пок сақлаш, турли хил ғаразли хуруж ва ҳамлалардан ҳимоя қила оладиган, йилига 5200 нафардан ортиқ фуқароларимиз ҳаж сафарига ташриф буюриш имконига эга мамлакатга айланди.

Халқимиз тарихида илк бор ҳақиқий мустақил давлатга хос юксак демократик талабларга мос Асосий қонун – Конституция ва шу асосда кўплаб қонунлар қабул қилинди ҳамда амалиётга татбиқ этилди. Халқимизга ўз тараққиёт йўлини аниқлаб олиш, бозор ислоҳотларини муваффақиятли ўтказиш, сиёсий, ижтимоий-иқтисодий барқарорлик, фуқаролар осойишталиги ва миллатлараро ҳамжиҳатликни мустаҳкамлаш имкониятларини берди.

Шуни таъкидлаш жоиз, собиқ иттифоқ даврида иқтисодий жиҳатдан республикамиз бир ёқлама ривожланган, асосан, пахта ҳомашёси етказиб беришга мослаштирилган, пахта яккаҳокимлиги ҳалокатли тус олган бир ўлкага айланиб қолган эди. Масалан, 1980-йилларда республикамизда 107 та пахта тозалаш заводи, 409 та пахта пунктлари ишлаган. Республикамиз эса тўқимачилик саноати етиштирган пахта толасининг атиги 10 фоизини қабул қилиш ва тайёр маҳсулотга айлантириш имкониятига эга эди.

Бугунги кунда юртимизда қишлоқ хўжалиги соҳасида мутлақо янги йўналиш ҳисобланган фермерлик харакати ривожи учун кенг йўл очиб берилди. Фермер хўжаликлари нафақат қишлоқ хўжалиги маҳсулотларининг 90-92 фоизини етиштираяпти, балки қишлоқ тараққиётини ривожлантирувчи қудратли ижтимоий-сиёсий ҳаракатга айланди.

Яқин ўтмишда қолоқ аграр республика бўлган, иқтисодиётининг асосини пахтачилик ва пахтани қайта ишлаш корхоналари ташкил этган Ўзбекистоннинг бугунги кунда саноати тез суръатлар билан ривожланиб, замонавий ишлаб чиқариш тармоқларини барпо этиш ҳисобидан иқтисодиётда саноатнинг улуши 34 фоизга етди, экспортбоп ва рақобатдош маҳсулотларнинг 70 фоиздан ортиғи юқори технологияларга асосланган соҳаларда ишлаб чиқарилиб, куч-қудрати ва салоҳияти юксалиб бораётган мамлакатга айланди. Ўзбекистонда амалга оширилаётган инвестиция сиёсатининг ўзига хос хусусияти маҳаллий хомашё ресурсларини чуқур қайта ишлашни таъминлайдиган, юқори технологияларга асосланган янги ишлаб чиқаришларни ташкил этишга қаратилган инвестиция лойиҳаларига устувор аҳамият берилаётганида намоён бўлмоқда.

Мустақиллик йилларида мамлакатимиз иқтисодиёти қарийб 6 баробар, аҳоли жон бошига тўғри келадиган реал даромадлар 12 баробардан зиёд ошгани, олтин-валюта захиралари барқарор суръатлар билан кўпайиб бораётгани мамлакатимизда амалга оширилаётган кенг кўламли иқтисодий ислоҳотларнинг амалий самарасидир.

Дарҳақиқат, бугун Ўзбекистонда барча соҳаларда эришилаётган ютуқ ва марралар дунё ҳамжамияти томонидан кенг эътироф этилмоқда. 2015 йилда нуфузли Жаҳон иқтисодий форуми рейтингига мувофиқ, Ўзбекистон 2014-2015 йиллардаги ривожланиш якунлари ва 2016-2017 йилларда иқтисодий ўсиш прогнозлари бўйича дунёдаги энг тез ривожланаётган давлатлар орасида 5-ўринни, БМТ кўмагида АҚШнинг Колумбия университети томонидан ташкил этилган ижтимоий тадқиқотлар асосида эълон қилинган «Бутунжаҳон бахт индекси»да Ватанимиз 158 та мамлакат ўртасида 44-поғонани, МДҲ давлатлари орасида 1-ўринни эгаллагани юртимизнинг барқарор тараққиётга эришаётганидан дарак бермоқда. Жаҳон банкининг маърузасида Ўзбекистон кейинги йилларда тадбиркорлик фаолияти учун ишбилармонлик муҳитини яхшилаш соҳасида энг яхши натижаларга эришган дунёдаги ўнта давлат қаторидан жой олди.

Бундан ташқари, ўтган йили мамлакатимиз БМТнинг Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти (ФАО)га аъзо давлатларнинг озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш соҳасида Мингйиллик ривожланиш мақсадларига эришгани учун бериладиган мукофотига сазовор бўлган 14 та давлатдан бири сифатида эътироф этилди.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримовнинг мамлакатимизни 2015 йилда ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш якунлари ва 2016 йилга мўлжалланган иқтисодий дастурнинг энг муҳим устувор йўналишларига бағишланган Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси мажлисидаги маърузасида таъкидлаганидек, “янги бизнесни қўллаб-қувватлаш” деб аталадиган мезон бўйича мамлакатимиз жаҳонда 42- ўринни эгаллади.

Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг “Жаҳонда иқтисодий вазият ва 2016 йил истиқболлари” номли янги ҳисоботида Ўзбекистон ўзининг реал ялпи ички маҳсулотининг ўсиш кўрсаткичлари билан Мустақил давлатлар ҳамдўстлиги мамлакатлари орасида етакчилар қаторида турганлигини таъкидлаш жоиз.

Албатта, ушбу жараёнлар шу заминда яшовчи ҳар бир юртдошимиз кўнглида фаҳр ва ифтихор туйғусини уйғотади. Мана шундай тинч, мустақил, фаровон ҳаётнинг қадрига етиб яшаш, унинг бойликларини асраб-авайлашни бурч деб билиб, бундан кейин ҳам унинг гуллаб яшнашига ва тараққиётига ўз ҳиссамизни қўшиш ҳар биримизнинг асосий вазифамиздир. Зеро, Ватанга хизмат – олий саодатдир.

Х.Бобанов, Самарқанд вилоят адлия бошқармаси бош маслаҳатчиси


Рўйҳатга қайтиш