Мустақиллик-энг улуғ неъмат

Ўзбекистон Республикаси ўз давлат мустақиллигининг йигирма беш йиллик туйини нишонлаш арафасида турибди. Ҳеч иккиланмасдан айтиш жоизки, кейинги йилларда мустақиллик деб аталмиш улуғ неъматнинг қадр кимматини, ҳаётимизда тутган ўрни ва аҳамиятини янада теранроқ англай бошладик. Чунки истиқлол туфайли барчамиз эркин, бахтли ва фаровон ҳаёт кечириш, истеъдод ва қобилиятимизни тўла намоён этиш, хуқуқ ва эркинликларимизни рўёбга чиқариш имкониятига эга бўлдик.

Ўзбекистон Республикаси Олий Кенгаши томонидан 1990 йил 20 июнда кабул килинган Мустақиллик Декларацияси мустақиллик учун ҳуқуқий пойдевор вазифасини ўтади.

Ушбу Декларацияга асосланиб, Ўзбекистон Республикаси Олий Кенгаши томонидан 1991 йил 31 августда “Ўзбекистон Республикасининг давлат мустақиллиги Асослари тўғрисида” қонун қабул қилди. Мазкур қонун аждодлар интиқиб кутган, “ҳақ олинур берилмас” шиори остида курашган мустақиллигимизни ҳуқуқий жиҳатдан белгилаб берди.

Ушбу қонун замирида 1992 йил 8 декабрда Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси қабул килинди. Конституциянинг 1-моддасида “Ўзбекистон суверен демократик республика” деб ҳисобланиши қайд этиб қўйилди.

Давлатимиз раҳбари қайта-қайта таъкидлаганидек, мустақилликни биз аввало хуқуқ деб тушунамиз. Шу маънода тарихан қисқа давр ичида мамлакатимиз тараккиётининг ҳуқуқий асослари, ҳалкаро меъёрларига тўла жавоб берадиган хуқуқий тизим яратилди.

“Ислоҳатлар ислоҳатлар учун эмас-инсон манфаатлари учун” деган тамойил асосида мамлакатимизда инсон қадр-қиммати, шаъни, ҳуқуқ ва эркинликлари дахлсизлигини кафолатлашга қаратилган қонунчилигимиз умуминсоний тамойиллар ва миллий қадриятлар асосида ривожлантирилди.

Қувонарлиси «Ким эдигу ким бўлдик?», «Эртага қандай янги марраларни эгаллашимиз керак?» - деган фикрлар билан оғушида яшаётган ўзбек халқи қисқа муддат ичида жаҳон оммаси орасида ўз ўрнини топди.

Хулоса ўрнида шуни таъкидлаш лозимки, истиклолнинг хар йили фукароларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари таъминлаш, жамият ва давлат манфаатларини ҳимоя қилиш, қонунустуворлигига эришиш борасида ўлкан ислоҳотлар амалга оширилган йилсифатида тарих зарварақларидан жой олмокда. Шу азиз ватан барчамизники, унинг ривожи учун барчамиз масъулдирмиз.

А.Ибрагимов, Самарқанд вилоят адлия бошқармаси етакчи маслаҳатчиси


Рўйҳатга қайтиш