Ёшларимизни маънавий жасорат руҳида тарбиялаш –мустақилликни асраб-авайлаш демакдир

Ҳозирги глобаллашув шароитида аҳолининг кенг қатламларида, айниқса ёшларда миллий ғояга содиқлик, ватанпарварлик туйғуларини, юксак маънавий-ахлоқий қарашларни тарбиялашнинг, уларда мафкуравий-маънавий иммунитетни шакллантиришнинг долзарблиги янада ошмоқда. Чунки жаҳонда ахборот ҳуружи, оммавий маданият ниқоби остида мафкуравий-маънавий таҳдидлар тобора кучаймоқда. Маънавият мамлакатимиз ва ёшларимизга қарши қаратилган шундай мафкуравий-маънавий хуружлар ҳамда ёвуз кучлардан ҳимоя қилишда қудратли куч саналади.

Ёшларимизни юксак маънавий.-ахлоқий руҳда тарбиялаш, уларда маънавий жасорат туйғусини шакллантириш турли мафкуравий-маънавий таҳдидлардан ҳимоя қилишнинг муҳим омилидир. Жасорат – ҳар бир инсоннинг юксак камолотга эришганини кўрсатувчи маънавий-ахлоқий ҳодиса. У инсоннинг, жумладан ёшларимизнинг жамият ва унинг аъзолари манфаатларини ҳимоя қилиш, мустақилликни асраб-авайлаш, уни янада мустаҳкамлаш, муайян вазифани адо этишда фидойилиги, бутун куч ва имкониятларини тўла сафарбар этишини англатадиган маънавият категориясидир.

Давлатимиз ҳамиша демократик тараққиёт, модернизация ва янгиланиш борасида белгиланган мақсадларга эришишда энг муҳим қадрият ва ҳал қилувчи куч бўлган билимли ва интеллектуал ривожланган авлодни тарбиялаш вазифасини ўзининг асосий устувор йўналишлари қаторига қўйиб келмоқда. Бу борада Президентимиз Ислом Каримов таъкидлаганидек, “Биз фарзандларимизнинг нафақат жисмоний ва маънавий соғлом ўсиши, балки уларнинг энг замонавий интеллектуал билимларга эга бўлган, уйғун ривожланган инсонлар бўлиб, XXI аср талабларига тўлиқ жавоб берадиган баркамол авлод бўлиб вояга етиши учун зарур барча имконият ва шароитларни яратишни ўз олдимизга мақсад қилиб қўйганмиз”. Мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотлар ва қонунчилик жараёни ўсиб келаётган ёш авлодни жисмонан ва маънан етук инсонлар қилиб тарбиялашга, уларнинг жамиятда ўз ўрнига эга ва албатта бирон касб ёки ҳунар эгаси бўлиб етишишини таъминлашга хизмат қилади.

Дунёда маънавий таҳдидлар хавфи ортиб бораётган бир даврда мустақил ва соғлом фикрлайдиган, аждодларга юксак ҳурмат руҳида уларга муносиб бўлишга интиладиган авлодни тарбиялаш республикамизда давлат сиёсати даражасига олиб чиқилган экан, бу жараёнда фаол иштирок этиш ҳар биримизнинг муқаддас бурчимиздир.

Ёшлар маънавиятини юксалтиришда энг муҳим омиллардан яна бири – тарихий хотира – аждодларга юксак ҳурмат ва эҳтиром ифодаси бўлиб, ўтганлар хотирасини ёдда сақлаган ҳолда, эъзозлаб яшаш демакдир. Ёшларни шундай анъана руҳида тарбиялаш, Ватанимиз тарихи билан қуроллантириш маънавият ва миллий мафкурани шакллантириш соҳасидаги кечиктириб бўлмас вазифа эканлиги Президентимиз Ислом Каримов томонидан мамлакатнинг тарихчи олимлари ва журналистлари билан ўтказилган суҳбатлари (1998 йил 26 июнь) ҳамда “Тарихий хотирасиз келажак йўқ” номли асарида (1998) ўз ифодасини топган. Зеро, тарих — халқ маънавиятининг асосидир. Бинобарин, мустақил Ўзбекистоннинг буюк неъмати бўлган эрки ва озодлиги халқимизнинг баракали меҳнати ва ижодий фаолиятидан келиб чиқиш билан бирга Турон заминда вояга етган ҳамда жаҳон цивилизациясига муносиб ҳисса қўшиб, ўз ғоялари, тафаккури билан ўзбек миллий ғоясига асос солган аждодларимизнинг бой мероси ва сермазмун тарихимизга ҳам таянади.

Мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотларнинг самарадорлиги, аввало, халқ маънавиятининг тикланиши, бой тарихий меросимизнинг кенг ўрганилиши, ёшларимиз қалби ва онгига миллий ғоянинг чуқур сингдирилаётганлиги билан узвий боғлиқдир. Ана шуларни назарда тутиб, Президентимиз Ислом Каримов: “Биз халқимизнинг дунёда ҳеч кимдан кам бўлмаслиги, фарзандларимизнинг биздан кўра кучли, билимли, доно ва албатта, бахтли бўлиб яшаши учун бор куч ва имкониятларимизни сафарбар этаётган эканмиз, бу борада маънавий тарбия масаласи, ҳеч шубҳасиз, беқиёс аҳамият касб этади”, деб уқтирди.

Мустақиллик йилларида ёшларимизнинг мустақил фикрлаши, маънавий олами, ижтимоий фаоллиги ўсиб бораётгани барча ютуқлар пойдеворига, куч-қудрат манбаига айланганлигини, айниқса юртимизда амалга оширилаётган улкан бунёдкорлик ишлари, эришилаётган ютуқларнинг негизида инсон омили ҳал қилувчи роль ўйнаётганини кузатиш мумкин. Маънавий мерос, миллий қадриятларнинг тикланиши, соғлом авлодни ҳар томонлама етук, маънан юксак, комил инсон қилиб тарбиялаш давлат сиёсати даражасига кўтарилди. Асрлар давомида шаклланиб келаётган миллий давлатчилик асослари миллий ўзликни англаш тамойили билан тобора мустаҳкамланмоқда. Миллий-маънавий янгиланиш, қадриятлар қайта тикланиши, иқтисодий юксалиш тараққиёт омилига айланди.

Ёшларимизни ҳар куни, ҳар онда фидойи бўлиши, ўзининг томчи ва томчи, заррама-зарра ўз олдига қўйган буюк бунёдкорлик, яратувчанлик мақсадлар сари чарчамай, толиқмай сафарбар этиб бориши, бу фазилатни доимий, кундалик фаолият мезонига айлантириб бориши бу улардаги ҳақиқий маънавий жасорат ифодасидир.

Кундалик турмушда турли хавфли вазиятлар ва таҳдидларда эл-юрт, ватан манфаатлари учун ихтиёрий, онгли равишда ўз ҳаётини хавф остига қўйиб бўлсада, ҳалокатни олиш учун ўзни сафарбар этиш жасорат тушунчасининг мазмунини ифодалайди. Маънавий жасорат моддий ёки маънавий манфаатдорлик эвазига амалга оширилмайда, балки у инсоннинг, жумладан ёшларимизнинг ўз ҳаётини, мақсад ва орзу-умидларини халқ ва жамият учун бағишлаб, амалга оширган эзгу фаолиятини ҳам ифодалайди. Маънавий жасорат айрим шахслар ва алоҳида кишиларнинг салоҳиятигина эмас, балки ҳар бир инсон, жумладан ёшларимиз учун ҳам имкони бўлган маънавий фазилатдир.

Ҳозирги мураккаб таҳликали даврда ёшлар тарбиясига давлат сиёсати даражасида эътибор қаратилаётганлиги ёшлар учун яратиб берилаётган имкониятлардан унумли фойдаланишлари лозим, зеро келажак ёшлар қўлида эканлигини ҳеч қачон унутмасликлари, бизгача асраб авайлаб етиб келган миллий, маънавий меъросларимизни биздан кейинги авлодларга етказишлари лозимлигини яна бир бор унутмаслик керак.

Юқорида баён қилинганларни ёшларимиз онги ва руҳиятига сингдириш уларни маънавий жасоратга йўллайди. Ёшларимизнинг вазифаси юқоридагилардан ибрат олиб, қўлга киритилган мустақилликни асраб авайлаш ва янада мустаҳкамлашга ўз салоҳияти билан ҳисса қўшишдан иборат.

М.Облоқулов, Самарқанд вилоят адлия бошқармаси етакчи маслаҳатчиси 


Рўйҳатга қайтиш