Гўзал ва бетакрор Ватанимиз аҳли ҳадемай энг улуғ, энг азиз байрам – мустақиллигимизнинг 25 йиллик тўйини нишонлайди. Мустақиллик туфайли ўзлигимизни англадик, миллий-маънавий ва диний қадриятларимиз қайта тикланди. Озод халқ, мустақил давлат сифатида юртимизнинг улкан салоҳиятини дунёга намоён қилиш имконияти вужудга келди.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг шу йил 2 июнда “Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг йигирма беш йиллик байрамига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш тўғрисида”ги қарорида таъкидланганидек: “Биз бундан 25 йил олдин ўз мустақиллигимизни қўлга киритиб, аввало миллий давлатчилигимизни тиклаганимиз, жаҳондаги мустақил ва суверен давлатлар қаторидан муносиб ўрин эгаллаганимиз, ўзини оқламаган эски, мустабид тузумдан бутунлай воз кечиб, чуқур ўйланган, миллий манфаатларимизга тўла жавоб берадиган ислоҳотларга асосланган, бутун дунёда “ўзбек модели” деган ном билан тан олинган тараққиёт стратегиясини амалга оширганимиз бугунги кунда биз танлаган, ўзимизга хос ва ўзимизга мос ривожланиш йўлининг нақадар тўғри ва ҳаётий эканини тасдиқлаб бермоқда”. Дарҳақиқат, юртбошимиз раҳнамолигида “ўзбек модели” асосида жамият ҳаётининг барча соҳаларида кенг қамровли ислоҳотлар амалга оширилди. Изчил ислоҳотларнинг, босқичма-босқич тараққиёт йўлининг тўғри ва ҳаётий эканлигини юртимизнинг бугунги қиёфаси, одамларнинг муносиб турмуш тарзида ҳам яққол кўриш мумкин. Албатта буларнинг ҳар бири, айниқса, дунёнинг мафкуравий манзараси мураккаблашиб бораётган, айрим минтақалар сурункали низолар ўчоғи ва қонли тўқнашувлар гирдобида қолган бир даврда жуда аҳамиятлидир.
Йигирма беш йил мобайнида республикада амалга оширилган туб ислоҳотларнинг моҳияти, мамлакатимизнинг халқаро майдонда нуфузи юксалиб бораётгани, Президент Ислом Каримов раҳбарлигида Ўзбекистонда қандай муҳим ислоҳотлар ҳаётга татбиқ этилганининг аҳамиятини ўрганиш ва халқимизнинг кенг қатламларига чуқурроқ очиб бериш ниҳоят долзарб вазифадир. Давлатимиз раҳбари имзолаган ушбу қарорда мазкур шонли санани ўтказиш билан боғлиқ барча тадбирлар чуқур тарихий маънога эга. Истиқлол даврининг яратувчилик, бунёдкорлик жараёни аждодларимизнинг эзгу, ижобий тажрибаларини умумлаштириб, янги асосларда тараққий эттирди.
Жамиятимиз олдига қўйилган узоқ муддатли стратегик мақсадлар, яъни замонавий ривожланган демократик давлатлар қаторига кириш, иқтисодиётимизнинг барқарор ўсишини таъминлаш, ҳаёт сифатини яхшилаш ва жаҳон ҳамжамиятида муносиб ўрин эгаллаш борасидаги саъй-ҳаракатларимизга бугунги кун нуқтаи назаридан холисона баҳо беришимиз табиийдир. Бугунги кунда юртбошимизнинг бевосита ташаббуси билан мустақиллик йилларида юрт ободлиги, халқ фаровонлиги йўлида сезиларли юксалишлар рўй берганини нафақат ўзимиз, балки дунё аҳли эътироф этмоқда. Ҳар бир муваффақият замирида мамлакатимиз раҳбари атрофида бир тану бир жон бўлиб жипслашган, ислоҳотларни рўёбга чиқариш йўлида юксак масъулият ҳисси билан яшаётган халқимизнинг заҳматли меҳнати мужассам эканлиги таъкидланмоқда.
Дарҳақиқат, ўтган даврда иқтисодиётимизнинг барча тармоқларида жадал ривожланиш жараёнига, турмушимиз тобора яхшиланиб бораётганига гувоҳ бўлаяпмиз. Йиллар ўтгани сайин юртимиз гуллаб-яшнамоқда: ўзига хос, ўзига мос шаҳарсозлик ва меъморчилик асносида янги қиёфа касб этмоқда. Айниқса, қишлоқ жойларда намунавий лойиҳалар асосида қурилаётган уй-жойлар қурилиши мамлакатимизда обод турмуш шароитини яратиш мақсадида изчил амалга оширилаётган ислоҳотларнинг узвий бир қисми бўлиб, халқимиз бунёдкорлик салоҳияти, иқтисодиётимиз қудратининг амалий ифодасидир. Бу тураржойлар ободликнинг чинакам тимсоли сифатида қишлоқ аҳолисининг ҳаёт даражасини юксалтиришга, оилаларнинг фаровон ҳаёт кечиришига хизмат қилиши муқаррар.
Эътибор берайлик: мамлакатимизда аҳоли сони тобора ўсиб бормоқда, минг-минглаб фарзандларимиз мустақил ҳаёт остонасидан ҳатламоқда. Уларнинг талаб ва эҳтиёжлари ҳам тобора ортиб бормоқда. Лекин еримиз, сув ресурсларимиз кўпаяётгани йўқ. Шу боисдан ҳам, янги-янги саноат корхоналари, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик, фермерлик ҳаракатини кенг ривожлантириш ҳисобидан, замонавий иш ўринларини кўпайтиришга жиддий эътибор қаратилаётгани аҳамиятлидир. Бугунги кунда кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик ўзининг иқтисодиётимиздаги ўта муҳим ва салмоқли ҳиссаси, роли ва бошқа ҳеч бир соҳа ва йўналиш ўрнини боса олмайдиган нуфузи билан давлат ва жамиятимиз ривожида алоҳида ўрин эгаллайди.
Кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ривожлантириш, унинг улкан имкониятлари ва афзалликлардан кенг фойдаланиш борасида ҳали олдинда қилинадиган ишлар ниҳоятда катта. Иқтисодиётда банд аҳолининг мулкчилик шакллари ва иқтисодиёт секторлари бўйича тақсимланишини ўрганиш республикада иқтисодиётнинг нодавлат секторида банд бўлганлар сони ҳам, улуши ҳам кўпайиб, ўз навбатида давлат секторида ишлаётганларнинг сони ҳам, улуши ҳам пасайиб борганлигини кўрсатиб турибди. Хусусий секторнинг ривожланиши ва кенгайиши истиқболда ҳам аҳолининг иш билан бандлигини таъминлашда асосий омил бўлиб қолади.
Бугунги кунда 31 миллионлик Ўзбекистон аҳолисининг тенг ярмини аёллар ташкил этади. Ўзбекистон аёллари яратилган барча шарт-шароитлар ва имкониятлар туфайли бугунги кунда асримизнинг энг замонавий аёли: олима, тадбиркор, депутат, раҳбар ва энг муҳими, соғлом она сифатида ўз ўрнига эга. Эътиборли жиҳати, хотин-қизлар иштирок этмайдиган бирон-бир соҳа йўқ, десак янглишмаймиз. Зеро, аёл кишининг илм билан шуғулланиши унинг оиласи, фарзандлари, қариндош-уруғи ва жамиятнинг илмли, маданиятли бўлиши учун мустаҳкам пойдевордир.
Халқимиз онги ва тафаккурида фидойилик ва Ватанга садоқат, порлоқ келажакка тўла ишонч туйғулари янада мустаҳкамланиб, биз ҳеч кимдан кам бўлмаганмиз ва ҳеч кимдан кам бўлмаймиз, деган ёруғ ишонч тобора қатъийлашмоқда.
Бугунга келиб дунёда ўзига яраша юксак салоҳияти, беназир нуфузига мос равишда ўрин эгаллаётган мустақил Ўзбекистон аталмиш давлат бор экан, бу юртда ана шу номга муносиб миллат ва элат вакиллари бир оила фарзандлари каби тинч-тотув яшайверади. Жаҳон аҳли Ўзбекистонга қараб, бизнинг миллат, сифатидаги қиёфамизни, ўзига хос бўлган бағрикенглигимиз ва юксак даражадаги ижтимоий-иқтисодий ва маънавий камолотимизни кўради.
Ҳаётимизнинг маъно-мазмунини тубдан ўзгартириб, халқимизни қарамлик кишанларидан озод қилгани, топталган қадриятларимиз, дину диёнатимиз, ору номусимизни тиклаш, ўзлигимизни англаш, фаровон ҳаёт ва ёруғ келажагимизни ўз қўлимиз билан қуриш йўлида беқиёс имкониятлар очиб бергани учун мустақилликнинг қадрига етиш, уни авайлаб-асраш ҳар биримизнинг муқаддас бурчимиздир.
М.Қурбонов, Самарқанд вилоят адлия бошқармаси бўлим бошлиғи