Мустақиллик ҳуқуқ ва эркинликлар кафолати демакдир

Мустақиллигимизнинг 25 йиллиги арафасида халқимизнинг истиқлол йилларида босиб ўтилган тарихий йўли, эришилган улкан ютуқлари ва марралари, уларнинг моҳияти ва аҳамиятини ҳар томонлама чуқур англаш, яъни ҳаёт ҳақиқатини билиш ва уни кенг жамоатчиликка етказиш муҳим вазифаларимиздан биридир. Бугунги кунда ҳар биримиз юксак ғурур ва ифтихор билан англашимиз лозимки, тарихан қисқа давр давлатимиз учун ижтимоий-иқтисодий, сиёсий-ҳуқуқий соҳаларда, айниқса, давлат ва жамият қурилиши борасида ҳар томонлама ривожланиш ва юксалиш даври бўлди. Мамлакатни ислоҳ этиш стратегиясининг ишлаб чиқилиши ва амалга оширилиши барқарор тараққиётимизни узоқ йилларга таъминлади. Мустақил ривожланишнинг дастлабки даврида миллий давлатчилик ва барқарор тараққиёт пойдеворининг барпо этилиши асос бўлиб хизмат қилди. Энг муҳими, Мустақиллик – халқимизнинг ўз тақдирига эгалик қилиш ҳуқуқи, юртимиз бойликларидан Ватанимиз манфаатлари йўлида фойдаланиш имконияти эканлиги бугунги кунда барчамиз англаган ҳақиқатдир. Мана шу саъй-ҳаракатлар туфайли бугун мамлакатимиз дунё ҳамжамиятида муносиб ўрин эгаллади. Истиқлол йилларида босиб ўтилган тарихий йўлимиз ва эришилган ютуқларимиз шу қадар улканки, улар жонажон Ўзбекистонимиз Мустақиллик даврининг бой ва сермазмун тарихини ташкил этади. Масалан, мамлакатимизда мустақиллик йилларида барпо этилган йирик ишлаб чиқариш иншоотлари – Қорақалпоғитсон Республикасидаги “Қўнғирот” сода ишлаб чиқариш заводи, Газли-Нукус газ қувури, Андижон вилоятидаги Асака автомобиль заводи, “Кварц” ойна ишлаб чиқариш заводи, Темир йўл вагонлари ишлаб чиқариш заводи, Бухоро нефтни қайта ишлаш заводи, Қизилқум фосфорит комплекси, 3-гидрометаллургия заводи, Ғузор-Бойсун-Қумқўрғон, Навоий-Учқудуқ, “Султон-Ўзбек-Мискин” янги темир йўллари, Самарқанд автомобил ишлаб чиқариш заводи, Жиззах аккумлятор ишлаб чиқариш заводи, Сурхондарё электр подстанцияси, Қашқадарё вилоятдаги “Таллимаржон” электр станцияси, “Шўртан” газни қайта ишлаш кимё комплекси, Тошкент вилоятидан “Янги Ангрен” иссиқлик электр станциялари, Хоразм вилоятидаги шакар ишлаб чиқариш заводи каби объектларнинг ўзи 100 дан ортиқ бўлиб, уларнинг ҳар бири алоҳида тарихга эга. Шунингдек, мустақиллик йилларида республикамизнинг барча ҳудудларида қад кўтарган гўзал бинолар, саноат корхоналари, таълим муассасалари, спорт иншоотлари, янги қурилган, қайта реконструкция қилинган кенг ва равон автомобил йўллари, кўприклар, темир йўллари ва бошқа кўплаб ишлаб чиқариш иншоотлари шаҳар ва қишлоқларимиз ҳуснига-ҳусн қўшгани ҳолда, уларнинг ҳам ҳар бири мустақиллик йиллари тарихининг ажралмас қисмидир. Бу йил муҳтарам Президентимиз қарорига мувофиқ Она Ватанимиз – Ўзбекистон Республикаси мустақиллигининг 25 йиллиги “Гўзал ва бетакроримсан, муқаддас ватаним, жоним сенга фидо, Ўзбекистоним!” шиори остида кенг нишонланаётганлиги бежиз эмас. Зеро, бугун Ватанимиз буюклигини нафақат Мусо ал-Хоразмий, Аҳмад ал-Фарғоний, Имом ал-Бухорий, Абу Исо Муҳаммад ат-Термизий, Абу Наср Форобий, Абу Мансур ал-Мотуридий, Абу Али ибн Сино, Абу Райҳон Беруний, Маҳмуд аз-Замахшарий, Бурҳонуддин ал-Марғиноний, Нажмиддин Кубро, Баҳоуддин Нақшбанд, Амир Темур, Мирзо Улуғбек, Алишер Навоий, Заҳириддин Муҳаммад Бобур каби юзлаб буюк аждодларимизнинг дунё илм-фани ва тараққиётига қўшган улкан ҳиссалари, балки 25 йиллик қисқа тарихий давр мобайнида Юртбошимиз раҳнамолигида халқимизнинг “Гўзал ва бетакроримсан, муқаддас ватаним, жоним сенга фидо, Ўзбекистоним!” ғояси билан ҳамжиҳатликда амалга оширган улкан бунёдкорлик ишлари ва қўлга киритган ютуқлари ҳам тасдиқлаб турибди. Ватанимиз муқаддаслиги эса, шу Ватанда туғилиб ўсган, ўзининг ҳаёти ва тақдирини Ватан тақдири билан туташ деб билган, Ватан мустақиллигини чуқур англаган ва уни қадрлаётган, Ватан учун қайғураётган ҳар бир фарзанд, энг аввало онги ва тафаккурини янгилаган баркамол авлодлар қиёфасида намоён бўлиб турибди. Зеро, янгича ҳаётни эскича онг ва тафаккур, қарашлар билан қуриб бўлмаслигини мустақиллик туфайли халқимиз тўла англаб етганлиги ҳам бугун ҳақиқатдир. “Янгиланган онг ва тафаккур барқарор тараққиёт кафолати” ғояси билан янги авлод вакилларининг ҳаётга кириб келаётганлиги эса миллий тараққиётимизни амалга оширишда муҳим замин яратмоқда. Ватанимиз мустақиллиги халқимиз учун озод, эркин ва фаровон ҳаёт кечириш, дунё халқлари ва миллатлари қаторида тенг равишда ўз ўрнига эга бўлиш ҳуқуқини таъминлаш билан бир қаторда, ҳар биримизга Ватандан, унинг Мустақиллигидан фахрланиш, ғурур ва ифтихор туйғуларини бағишлайди. Бу эса, Ватанимиз Мустақиллиги ҳар биримиз учун улуғ неъмат эканлигини ҳар нафасда англатиб туради.

Ж.Нурмуротов Самарқанд вилоят Адлия бошқармасининг масъул ходими  


Рўйҳатга қайтиш