Келажак-бизники, марра-бизники

Мустақилликнинг дастлабки кун­лари­даноқ бор имкониятлар чама­ла­ниб, ривожланиш чора-тадбирлари бел­гиланди. Айниқса, му­ҳтарам Юрт­бошимиз томонидан "аввал иқ­ти­сод, кейин сиёсат" тамойилининг илгари су­ри­либ, "босқичма-босқич" ривож­ланиш ре­жа­си ишлаб чиқилгани бу­гун ўз ме­ва­си­ни берди.

Мустақил давлатимиз шу йиллар да­вомида кўп­гина кўрсаткичлар бўйича ривожланган давлатлар сафидан ўрин олди. Барқарор тинч­лик, осойиш­­­­талик бўйича улар­дан ол­дин­ги саф­ларда экан­лигимиз эса ҳар би­ри­мизга ул­кан ғурур ба­ғишлайди. Иқтисодиёт, бунёдкорлик борасидаги ри­вож­ланишлар барча ютуқларга замин бў­ла­ётгани барчага аён. Биргина Самарқанд 
ви­лоя­тида сўнгги беш йилда ишга туши­рил­ган объ­­ектлар, бинолар ва иншоотлар шаҳар ва ту­ман марказлари, қишлоқлар жамолини, аҳоли яшаш шароити ҳамда тушунча­ла­ри­ни туб­дан ўзгартираётганини кўриш мумкин.

Бундан ташқари, ёшлар масаласи давлат сиёсати даражасига кўтарилиб, уларни юксак маънавиятли, зукко, билимдон, юрт тақдирини ўз зиммасига олишга қодир авлод сифатида вояга етказиш учун зарур шарт-шароитлар муҳайё қилинди. Бундан оқилона фойдаланаётган эртамиз эгалари ўз истеъдод ва салоҳиятини тўла намоён этиб, ҳамма соҳада юксак натижаларни қўлга киритишмоқда. Бинобарин, мустақилликка эришиш остонасида Юртбошимиз янги давлат ва жамиятни барпо этиш билан боғлиқ кун тартибидаги энг муҳим масалалардан бири сифатида ёшларга оид сиёсат ҳамда уни амалга ошириш механизмини ишлаб чиқиш вазифасини қўйгани бежиз эмас. Ўша пайтда бунга объектив эҳтиёж ва зарурат бор эди. Ўтган асрнинг — 90-йилларида 20 миллиондан ортиқ Ўзбекистон халқининг қарийб 43 фоизини болалар ташкил қилган. Бугунги кунда эса мамлакатимиз аҳолисининг 60 фоиздан зиёди ёшлардан иборат.

Ёшлар бунёдкорлик салоҳиятига эга бебаҳо ресурсдир. Аммо мазкур салмоқли қатлам юрт тақдири ва келажагини ҳал қилувчи катта кучга айланиши учун давлат, даставвал, уларни ижтимоий, маънавий ва моддий жиҳатдан қўллаб-қувватлаши, ўз ҳуқуқ ҳамда мажбуриятларини эркин рўёбга чиқариши, жамиятда муносиб ўрнини топиши учун қулай шароит яратиш керак. 1991 йилнинг бошларидаёқ Президентимизнинг бевосита ташаббуси билан “Ўзбекистон Республикасида ёшларга оид давлат сиёсатининг асослари тўғрисида”ги қонун лойиҳаси ишлаб чиқила бошланди ва 1991 йил 20 ноябрда қабул қилинди. Мазкур Қонунни Ўзбекистон Республикасида ёшларга оид давлат сиёсатининг миллий концепцияси ҳамда айнан эртамиз эгалари манфаатларини ишончли ҳимоя қилишга қаратилган дастлабки ҳуқуқий ҳужжат, дейиш мумкин. Унда ёшлар бўйича давлат сиёсатининг мақсад ва тамойилларигина эмас, балки бугунги кун нуқтаи назаридан улар билан боғлиқ ўта принципиал масалалар ўз аксини топган. Иқтидорли ўғил-қизларни рағбатлантириш, ёшлар тадбиркорлигини қўллаб-қувватлаш, улар учун зарур ижтимоий хизматлар тизимини яратиш, ёш оилаларга ижтимоий ёрдам кўрсатиш, вояга етмаганлар, шунингдек, ёшлар қатламининг айрим тоифаларини ижтимоий муҳофаза қилиш ана шулар жумласидандир. Алоҳида таъкидлаш керакки, мазкур Қонунда илк бор ёшлар ҳаётига оид сиёсат ва дастурларни ишлаб чиқиш ҳамда амалга оширишда келажагимиз ворисларининг бевосита иштирок этиши асосий вазифалардан бири сифатида қайд этилди. Энг муҳим жиҳати, юртимизда ёшларга оид давлат сиёсатининг субъектлари сифатида нафақат давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари, балки нодавлат тузилмалари биргаликда фаолият олиб бориши белгилаб қўйилди. Ёшларнинг ижтимоий ҳамда маънавий камол топиши учун шарт-шароит яратиб беришга қаратилган сиёсатнинг асосий моҳияти, шубҳасиз, Ўзбекистон Республикаси Конституциясида ўз ифодасини топган. Асосий Қонунимиз қабул қилинган куннинг эртасига — 1992 йил 9 декабрда Ўзбекистон Бола ҳуқуқлари тўғрисидаги халқаро конвенцияни ратификация қилди. Истиқлол йилларида ёшларнинг ҳар томонлама етук, баркамол вояга етиши учун мустаҳкам қонунчилик базаси яратилди. Хусусан, 22 та қонун, Президентимизнинг 26 та Фармон ва қарори, Вазирлар Маҳкамасининг 41 қарори, 30 дан ортиқ меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилиниб, ҳаётга изчил татбиқ этилмоқда. Бундан ташқари, йилларга ном беришда ҳам ёшларнинг манфаатлари алоҳида эътиборга олинаётир. Хусусан, 2000 йил “Соғлом авлод йили”, 2001 йил “Оналар ва болалар йили”, 2008 йил “Ёшлар йили”, 2010 йил “Баркамол авлод йили”, 2014 йил “Соғлом бола йили”, 2016 йил “Соғлом она ва бола йили”, деб эълон қилиниб, яхлит чора-тадбирлар дастурлари амалга оширилаётгани фикримиз тасдиғидир.

Мамлакатимизда тубдан ислоҳ этилган таълим тизимининг энг катта ва аҳамиятли ютуғи ҳар бир болага 12 йиллик бепул умумий таълим олиш ҳуқуқининг давлат томонидан кафолатланиши бўлди. Дунёнинг кўпгина мамлакатларида ота-оналар фарзандларининг таълим-тарбияси учун оила бюджетидан катта миқдорда маблағ сарфлашга мажбур бўлаётган бир пайтда, юртимизда 9+3 схемаси бўйича бепул таълим тизими жорий этилгани, ҳатто молиявий-иқтисодий инқироз шароитида ҳам мактаб ва коллежлар қурилиши изчил давом эттирилгани, албатта, ҳар биримизда чексиз фахри ва ифтихор туйғусини уйғотади.

Бизда ҳар бир фуқаро юрт келажаги, эр­тан­ги кун ташвишларига ошуфта яшайди. Чун­ки ҳар бир хонадонда шириндан-ширин фарзандлар камол топмоқда. Келажакни улар­сиз тасаввур қилиш қийин. Улар бахти ва камо­ли биз учун биринчи даражали ва­зифа. Шунинг учун ҳам ёшларга барча шарт-ша­­роитлар яратилган. Ёшларимиз буюк ке­ла­жак­нинг асл ворислари бўлишига ишон­чи­миз комил. Тинчликнинг қадрига етиш, ён-атрофга доимо ҳушёр ва огоҳ, теран нигоҳ билан назар солиш, Ватан тақдири учун масъулиятни дилдан англаш ёш авлод зиммасида. Негаки, Ватанимизнинг эртаси, истиқболи, келажаги ёшларнинг қўлида. Давлатимиз раҳбари 9 май Хотира ва қадрлаш куни муносабати билан оммавий ахборот воситалари ходимлари билан суҳбат чоғида ёшлар масаласига яна бир бор эътибор қаратди. Унда муҳтарам Президентимиз “Мен ёш авлодимизга, менинг болаларимга қарата бўш келманглар, эртанги кун бизники, марра бизники, деб бежиз, асоссиз айтмайман. Бунинг чуқур маъно-мазмуни шундаки, вақт, йиллар ўтиши билан бизнинг сафимизни ким тўлдирмоқда? Аввало, замонавий билим ва касб-ҳунарларга эга бўлган, янгича, мустақил фикрлайдиган, мамлакатимизнинг эртанги куни учун масъулиятни ўз зиммасига олишга, ўзини намойиш этишга қодир бўлган навқирон ўғил-қизларимиз. Кўзлари ёниб турган бундай ёшларимизни яна қаерда — қайси давлат, қайси юртда топиш мумкин” деб таъкидлаб ўтдилар.

Юртбошимизнинг навқирон авлод вакилларига билдирган бундай юксак ишончи ҳар бир ёш авлод вакилларини янада руҳлантиради. Бу, ўз навбатида, навқирон авлод вакилларининг ўз устида тинимсиз ишлаши, янги марраларни эгаллашида руҳий кўмак бўлади.

А.Турабов,  Самарқанд вилоят адлия бошқармаси  катта маслаҳатчиси 


Рўйҳатга қайтиш