Мустақиллик – ҳуқуқ демакдир

Мустақиллик – бебаҳо неъмат. Айнан мустақиллик халқимизнинг иродаси, ўзбек миллатининг ҳақ-ҳуқуқини, унинг жаҳон цивилизациясига қўшган ва қўшаётган бетакрор ҳиссасини жаҳон ҳамжамияти томонидан эътироф этилиши воситаси ҳамдир.

Мустақиллик бизни жаҳоннинг ривожланган мамлакатлари қаторидан муносиб ўрин эгаллашга, бозор иқтисодиётига асосланган демократик давлат, фуқаровий жамият барпо этишга, халқимиз салоҳиятини мустаҳкамлашга, юртимиз шон-шуҳратини дунёга ёйишга даъват этади.

Юртимизнинг мустақиллиги ҳақида ҳуқуқий ҳужжатларнинг биринчиси 1990 йил 20 июнда Ўзбекистон Республикаси Олий Кенгашининг II сессиясида қабул қилинган «Мустақиллик Декларацияси»дир. Унда ўзбек халқининг давлат қурилиши тарихи, тажрибаси, ҳар бир миллатнинг ўз тақдирини ўзи белгилаш ҳуқуқи асосида давлат мустақиллиги эълон қилинди. Бу ҳужжатда давлат мустақиллигининг барча жиҳатлари кўрсатиб берилган эди.

Мустақилликнинг иккинчи асосий ва энг муҳим ҳуқуқий ҳужжати – «Ўзбекистон Республикасининг давлат мустақиллиги тўғрисида Олий Кенгаш Баёноти»дир. Бу ҳужжат 12-чақириқ Ўзбекистон Республикаси Олий Кенгашининг навбатдан ташқари VI сессиясида 1991 йил 31 августда қабул қилинган.

Ўзбекистон мустақиллигини кафолатловчи учинчи ҳуқуқий манба, бу «Ўзбекистон Республикасининг давлат мустақиллигини эълон қилиш тўғрисида»ги ҳужжат ҳисобланади. Бу ҳужжатда республика бундан буён «Ўзбекистон Республикаси» деб аталиб, 1 сентябрь «Мустақиллик куни», умуммилллий байрам ва дам олиш куни деб эълон қилинди.

Шу кунларда мустақиллигимизнинг 25 йиллигини нишонламоқдамиз. Ватанимиздаги бугунги тинч ва осуда ҳаёт, фаровонлик халқимизга мустақиллик туҳфа этган азиз неъматлардандир. Жамиятимиздаги барқарорлик боис юртимиз равнақи йўлида, хуқуқий демократик давлат, эркин фуқаролик жамият барпо этиш борасида улкан, бетимсол ишлар амалга оширилмоқда.

Истиқлол бизга, энг аввало, ўзликка қайтиш ва уни англаш, инсон манфаатлари устувор бўлган эркин демократик жамият қуриш, миллий ва диний қадриятларни тиклаш, улуғ аждодларимизнинг бебаҳо маънавий меросидан баҳраманд бўлиш, ўзимизга мос турмуш тарзини белгилаш имконини берди. Истиқлол боис биз учун дунё эшиклари кенг очилди, миллат шаъни-шавкати тикланди. Озод Ватанимизнинг номи жаҳон кенгликларида мағрур жаранглай бошлади. Ўзбекистон жаҳон ҳамжамиятига тенг ҳуқуқли аъзо сифатида кириб борди. Миллий ва умумэътироф этилган демократик қадриятлар кўз очди, инсон ва унинг ҳуқуқлари устуворлик касб этди.

«Мустақиллик, энг аввало, ҳуқуқдир», деган эди Президентимиз Ислом Каримов истиқлолнинг дастлабки йилларидаёқ. Бу ҳуқуқ келажагимизни ўз қўлимиз билан қуриш ҳуқуқидир. Бугун халқимиз эришган ютуқларга келсак, унинг замирида келажаги буюк давлат қуриш ғояси мужассам. Ана шу улуғвор ғоя халқимизни жипслаштирди, тараққиёт сари дадил бошлади.

Истиқлол неъматларини бугун ҳаётимизнинг барча соҳаларида кўриш мумкин. Қаерга қараманг, ободлик, бунёдкорлик завқ-шавқи. Бундай тинч ва тўкин ҳаётга хос наъшу намодан севинасан, қалбинг ғурур-ифтихорга тўлади. Шунда Истиқлолнинг қадр-қиммати билинади, унинг бебаҳо неъмат эканлигини ҳис этасан. Мисли кўрилмаган бунёдкорлик ишлари кўз ўнгимизда содир бўлмоқда. Жаҳоннинг кўплаб сиёсатдонлари, таниқли жамоат арбоблари мамлакатимизда инсон манфаатларини кўзлаб, узоқ келажакни ўйлаб ўтказилаётган кенг қамровли ислоҳотларни ижобий баҳолашмоқда.

Мустақиллик – халқимиз учун эркин, бахтли ва фаровон, ҳеч кимдан кам бўлмаган ҳаёт кечириш имконини бергани, юртдошларимизнинг барча соҳаларда ўз истеъдод ва қобилиятини тўла намоён этиши, ҳуқуқ ва эркинликларини рўёбга чиқариши учун беқиёс имкониятлар яратгани билан қадрлидир.

Д.Ашуров, Самарқанд шаҳар 8-сон ДНИ нотариуси


Рўйҳатга қайтиш