Мустақиллик – эркин ва бахтли яшаш ҳуқуқи демакдир!

Халқимиз томонидан истиқлол йилларида босиб ўтилган тарихий йўл, эришилган улкан ютуқ ва марралар, уларнинг мазмун ва моҳиятини ҳар томонлама билиш, уни замондош онгига сингдириш ва фуқароларда мустақил ҳаётда эришилган натижаларни ҳис қилиб яшаш тафаккурини шакллантириш бугунги тобора глобаллашиб бораётган жараёнларга тўла замонда катта аҳамиятга эга.

Мустақил Ўзбекистон давлатининг пайдо бўлиши халқимизнинг тарихий ғалабаси бўлиб, ўтган йигирма беш йил мобайнида давлатимиз раҳбари И.А.Каримов раҳбарлигида мамлакатимиз ҳаётининг сиёсий, ижтимоий-иқтисодий ва маданий соҳаларида улкан ишлар амалга оширилди.

Жумладан Муҳтарам Президентимиз раҳнамолигида аҳолига юқори сифатли юридик хизмат кўрсатилишини таъминлаш, жамиятда оила институтининг ўрни ва ролини янада мустаҳкамлаш борасида кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Ушбу жараёнда жойлардаги фуқаролик ҳолати далолатномаларини ёзиш бўлимлари фаолиятини янада такомиллаштириш, уларнинг моддий-техник базасини мустаҳкамлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Ёшларнинг оила сари илк қадамлари фуқаролик ҳолати далолатномаларини ёзиш бўлимидан бошланади. Шундай экан, бу даргоҳларнинг ҳар жиҳатдан кўркам ва гўзал бўлиши ёш оилаларнинг бахтли турмушига пойдевор бўлади. Мустақиллик йилларида барча ФҲДЁ органлари фаолият юритиши учун янгидан янги кўркам салобатли бинолар қурилиб, фойдаланишга топширилди.

Фуқароларга кўрсатилаётган юридик хизматнинг сифатини янада ошириш учун барча ФҲДЁ органлари янгидан жиҳозланган кенг ва ёруғ хоналарда замонавий компьютер технологиялари ёрдамида ўз фаолиятлари амалга оширмоқда.

Зеро бу каби имкониятларнинг яратилиши барчамизни муқаддас Ватанимизнинг фаровонлиги, тинчлиги ва осойишталиги ҳамда ҳар томонлама юксалиши йўлида бир тан ва бир жон бўлиб фаолият кўрсатишга ундайди.

Ўзбекистонда ватанга муҳаббат ва ифтихор туйғуси юксалмоқда. Президентимиз Ислом Каримовнинг ташаббуси билан хотин-қизларга доимий эътибор ва ғамхўрлик кўрсатиш, уларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлаш, оила ва жамиятда мавқеини юксалтириш, салоҳиятини тўлиқ рўёбга чиқариш, оналик ва болаликни муҳофаза қилиш, репродуктив саломатликни таъминлаш давлат сиёсати даражасига кўтарилган.

Истиқлол йилларида эришилган муваффақиятларимиз Президентимиз Ислом Каримов раҳнамолигида ишлаб чиқилган, жаҳонда тараққиётнинг «ўзбек модели» деб тан олинган, машҳур беш тамойилга асосланган ва пухта ўйланган тараққиёт моделининг ҳаётга изчил татбиқ этилаётгани самарасидир.

Мустақилликнинг илк кунларидан бошлаб мамлакатимизда ижтимоий йўналтирилган бозор иқтисодиётига асосланган очиқ демократик давлат барпо этиш ва фуқаролик жамиятини шакллантиришда амалда ўзини тўла оқлаган ислоҳотларнинг беш тамойили ишлаб чиқилди ва жорий этилди. Мазкур тамойиллар мамлакатимизни ислоҳ этиш бўйича аниқ мақсад ва вазифаларни белгилаб олиш имконини яратди, дунёда юз бераётган молиявий иқтисодий инқирозлар даврида ҳам республикамизнинг барқарор ривожланишига туртки бўлди. Мамлакатимизнинг сиёсий ҳаётини янада демократлаштириш, давлат ва жамият қурилишини ислоҳ этиш ва янгилашга қаратилган туб ўзгаришларни амалга оширишда миллий қадриятларимиз, урф-одат ва анъаналаримизни сақлашга, халқимизнинг асрлар давомида шаклланган менталитетига ҳурмат билан муносабатда бўлишга катта эътибор қаратилди.

Мамлакатимизда демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш концепциясининг қабул қилиниши айнан шу талаб билан боғлиқ бўлиб, ўз моҳиятига кўра, давлат ва жамият ривожининг принципиал жиҳатдан бошланган кенг кўламли ишларимизни янада изчил давом эттириш дастури ҳисобланади.

Мустақиллик - демократик ислоҳотлар кафолати. Биз мустақиллик туфайлигина мамлакатимизда амалга оширилаётган демократик ўзгаришлар туб сиёсий, иқтисодий, маънавий-маърифий ислоҳотлар муқаррарлигининг ишончли кафолати эканлигини аниқ тушуниб олишимиз керак.

Мухтарам Президентимиз Ислом Каримов асослаб берганидек, мамлакатни янгилаш ва модернизациялаш тадрижийлик ва изчилликка эришиш кафолати бўлиб хизмат қилиши мумкин.

Ўзбекистон - юксак маънавиятни қадрлайдиган юрт. Мамлакатимизда ривожланиш маънавий-ахлоқий негизларининг қатъий белгиланиши ижтимоий-сиёсий, маънавий-маданий ислоҳотларда аввалбошдан ўз ифодасини топди. Халқимиз маънавий меросини мустаҳкамлаш ва ривожлантириш борасида олиб борилган сиёсат ва амалга оширилган ишлар инсон салоҳиятини эркин намоён қилиши учун зарур муҳитни шакллантирди. Истиқлол даврида маънавий меросимизни тиклаш борасида амалга оширилган улуғвор ишлар, тарихимизни холисона ўрганиш, улуғ алломалар адабий-илмий асарларининг таржима ва нашр қилиниши, қадамжоларни ободонлаштириш, диний қадриятларнинг, халқ удумларининг янгидан тикланиши, адабиёт, санъат соҳасидаги ютуқлар буларнинг барчаси жамиятда маънавий-руҳий кўтарилишга олиб келди ва ислоҳотларга қўшимча куч бағишлади.

Умуман олганда, 25 йил мобайнида олиб борилган фаолиятнинг мазмун-моҳияти ва пировард натижаси энг олий қадрият ҳисобланмиш инсон учун, унинг бахт-саодати учун, тинч ва фаровон ҳаёти учун муҳим аҳамиятга эга.

Сир эмаски, ҳар йили анъанавий тарзда Юртбошимиз томонидан ушбу энг улуғ, энг азиз байрамни тантанали равишда, кўтаринкилик билан муносиб нишонлаш бўйича қарор қабул қилинади. Эътироф этиш жоиз, бу ҳам истиқлол йилларидаги гўзал анъаналаримиздан бирига айланди. Мазкур қарорнинг бажарилишида давлат ва нодавлат ташкилотлари, ижтимоий институтлар, жамоатчилик, қолаверса, ҳар бир фуқаро фаол иштирок этиши замирида айнан истиқлолга ҳурмат, мустақилликни мустаҳкамлашга ўз ҳиссасини қўшишдек улуғ мақсадлар мужассам.

Мустақиллик йилларида Юртбошимиз раҳнамолигида эришилган ютуқлар замирида айнан халқимизнинг ўзаро бирдамлиги, меҳнати ётганлиги, халқаро миқёсда алоҳида эътироф этилаётган натижалар осонлик билан қўлга киритилмаётганлиги, мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотлар, янгиланиш ва демократик жараёнларнинг барчаси халқимиз ҳаёти ва унинг турмуш фаровонлигини юксалтиришга қаратилганлиги каби муҳим жиҳатлар тарғиботига алоҳида эътибор қаратиш лозим. Албатта, ўтган йигирма беш йил ичида халқимиз қўлга киритган беқиёс ютуқлар ҳурлик, озодлик ва эркинлик шарофатидандир.

Ўзбекистон танлаган ўзига хос ва ўзига мос тараққиёт йўли – "Ўзбек модели" бугун мамлакатимизнинг ҳар соҳада юксак натижаларга эришишида муҳим омил бўлмоқда. Ушбу модель бозор муносабатларига асосланган ҳуқуқий демократик давлат қуриш стратегияси сифатида юртимиз тараққиётининг асосий ҳаракатлантирувчи кучига айланди. Узоқни кўзлаган, пухта ва ҳаётийлиги исботланган бу стратегия бошқа мамлакатлар учун ҳам ўрнак олса арзигуликдир.

Мустақиллик йилларида Ўзбекистон эришган ютуқлардан энг асосийси - юртдаги тинч¬лик ва барқарорликдир. Зотан қисқа давр 25 йил давомида эришилган ютуқлар ўзининг оламшумуллиги билан киши қалбида фахр-ифтихор туйғуларини уйғотади. Шу билан бирда, Ўзбекистон босиб ўтган йўл, бир мақсад йўлида собитқадамлик, қатъият ва ҳамжиҳатлик билан узоқни кўзлаб, пухта ўйланган ислоҳотлар натижаси қисқа вақтга нисбатан каттароқ ютуқларни қўлга киритиш мумкинлигини жаҳон ҳамжамиятига исботлаб берди.

Мустақиллик энг улуғ, энг азиз неъмат. Бугун биз эришган, эришажак юксак марралар, озод ва обод Ватанимиз манзаралари, аввало, истиқлол шарофатидандир.

Президентимизнинг “Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг йигирма беш йиллик байрамига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш тўғрисида”ги қарорида ҳақли эътироф этилганидек, биз бундан 25 йил олдин ўз мустақиллигимизни қўлга киритиб, аввало миллий давлатчилигимизни тиклаганимиз, жаҳондаги мустақил ва суверен давлатлар қаторидан муносиб ўрин эгаллаганимиз, ўзини оқламаган эски, мустабид тузумдан бутунлай воз кечиб, чуқур ўйланган, миллий манфаатларимизга тўла жавоб берадиган ислоҳотларга асосланган, бутун дунёда “ўзбек модели” деган ном билан тан олинган тараққиёт стратегиясини амалга оширганимиз бугунги кунда биз танлаган, ўзимизга хос ва ўзимизга мос ривожланиш йўлининг нақадар тўғри ва ҳаётий эканини тасдиқлаб бермоқда.

Мустақиллик - эркин ва бахтли яшаш ҳуқуқи, инсон ҳуқуқ ва эркинликлари, унинг қонуний манфаатларини таъминлашнинг бош омилидир. Шунингдек, мустақиллик озод ва обод Ватаннинг ҳар бир фарзанди ўзлигини, ўз қадр-қиммати, ор-номуси ва ғурурини теран англаши учун чексиз ва буюк имконият.

Мустақиллик биз кимларнинг, қандай буюк зотларнинг авлоди эканимизни чуқур идрок этиш, миллий ва умуминсоний қадриятлар уйғунлиги руҳида яшаш, истиқлол ғояларини юртдошларимиз, хусусан, ёш авлод қалби ва онгига янада теран сингдириш, жаҳон ҳамжамиятидан муносиб ўрин эгаллаш, демократик давлат, фуқаролик жамияти барпо этишнинг энг асосий ва муҳим шарти, миллий тараққиётимиз кафолати, демакдир.

Мустақиллик байрами ҳар йили энг улуғ, энг азиз байрам сифатида юртимиз бўйлаб катта тантана қилинади. Эътиборлиси эса, ҳар йилги байрам тадбирлари ўзгача маъно-мазмун касб этадиган шиор остида нишонланади. Бу йилги байрам “Гўзал ва бетакроримсан, муқаддас Ватаним, жоним сенга фидо, Ўзбекистоним!” деган шиорни асосий ғоя сифатида ўзида мужассам этмоқда.

Ҳар биримиз “Гўзал ва бетакроримсан, муқаддас Ватаним, жоним сенга фидо, Ўзбекистоним!” деган шиорни қалбимиздан чуқур ўтказиб, Мустақиллигимизнинг 25 йиллик қутлуғ байрамини ҳамжиҳатлик ва уюшқоқлик билан, юқори кайфиятда кутиб олайлик.

М.Дусматова,  Самарқанд шаҳар 3-сон ФҲДЁ бўлими инспектори. 


Рўйҳатга қайтиш