Ўзбекистон халқи Мустақилликка эришганига йигирма беш йил тўлди. Ушбу фурсат тарих учун қисқа давр бўлсада, бунга осонлик билан эришилгани йўқ.
Йигирманчи асрнинг 70-йиллари Ўзбекистон халқининг тақдири ва таъминоти собиқ Иттифоқ қўлида эди. Собиқ Иттифоқ бу заминдан маҳсулот ва хом ашёни олиб кетиб, бизга сув ва ҳаводай зарур нарсаларни ўз кўрсатмаси билан келтириб берарди. Содда қилиб айтганда, пахта ва бошқа бойликларимиз олиб кетиларди, дон, шакар, ёнилғи ва бошқа халқ истеъмоли моллари, умуман, ҳаётимизга, иқтисодиётимизга ва халқ хўжалигимизга зарур бўлган маҳсулотлар четдан олиб келинарди.
Маънавиятимиз, тилимиз, динимиз қай аҳволда эди?
Миллий ғуруримиз, инсонийлик шаънимиз, урф-одатларимиз қандай ёт тушунчаларга алмаштирилган эди?
Ўтган асрнинг саксонинчи йиллари охирида халқимизнинг яшаш шароити тубдан ёмонлашгани, озиқ-овқат маҳсулотларининг танқислиги, ишсизликнинг кучайгани, бир қатор ижтимоий муаммоларнинг тўпланиб қолганлиги, миллий ғурурнинг топталгани, шубҳасиз халқимиз ўртасида норозиликнинг кучайишига олиб келди.
Бу каби салбий ҳолатлар Ўзбекистонга қўшни бўлган давлатларда ҳам авж олаётган тарихнинг бурилиш даврида Мустақил Ўзбекистон давлатчилигининг асосчиси ва буюк раҳнамоси Ўзбекистон Республикасининг биринчи Президенти Ислом Каримов сиёсий майдонга чиқиб, мамлакатда юзага келиши муқаррар бўлган фуқаролар урушининг олдини олишга, бу билан энг улуғ неъмат бўлган тинчликни сақлаб қолишга эришди.
Шунингдек, ўзбек тилига Давлат тили мақомининг берилганлиги, Президентлик лавозимининг жорий этилиши, Ўзбекистон мусулмонларининг хаж сафарига юборилиши, “Мустақиллик Декларацияси”нинг қабул қилиниши, Ўзбекистон ССР Конституциясига бир қанча ўзгартиришларнинг киритилганлиги Мустақилликка эришиш учун ташланган дастлабки амалий қадамлар эди.
1991 йил 31 августда Ўзбекистон Республикасининг биринчи Президенти Ислом Каримов юксак жасорат кўрсатиб, ҳеч иккиланмасдан Ўзбекистон Республикасининг Мустақиллигини эълон қилди.
Бу эса шубҳасиз, ўтган йигирма беш йил давомида тинчлик ва барқарорлик, хавфсизликни мустаҳкамлаш, иқтисодий-ижтимоий, сиёсий, маданий-маърифий соҳаларда амалга оширилган мислсиз ислоҳотлар, халқимизнинг меҳнаткашлиги, сабр-тоқатлилиги, мустаҳкам ишончи ўзининг амалий натижасини берди ва буни нафақат мамлакатимиз халқи, балки бир қатор нуфузли хорижий экспертлар, ташкилотлар томонидан ҳам тан олиниб эътироф этилмоқда.
Биргина таълим-тарбия соҳасида амалга оширилган ислоҳотлар жараёнида Ўзбекистон Республикасининг “Таълим тўғрисида”ги Қонуни, “Кадрлар тайёрлаш Миллий дастури” ҳамда соҳага алоқадор бир қанча норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилиниб, юртимизда 12 йиллик мажбурий таълимнинг жорий этилганлиги, мавжуд умумтаълим мактаблари қайтадан реконструкция қилиниб, янгидан қурилганлиги, бугунги давр талаблари асосида академик лицей ва касб-ҳунар коллежлари барпо этилиб, 9-синфни тугатган йигит ва қизлар ўз қизиқишлари бўйича билим ва касб-ҳунарга йўналтирилаётганлиги ҳам бунга мисол бўлади.
Ўзбекистон Республикасининг биринчи Президенти Ислом Каримов “Ўзбекистон ХХI асрга интилмоқда” асарида муҳим устувор йўналиш сифатида кадрлар масаласига тўхталиб, “Биз олдимизга қандай вазифа қўймайлик, қандай муаммони ечиш зарурати туғилмасин, гап охир-оқибат, барибир кадрларга ва яна кадрларга бориб тақалаверади. Бизнинг келажагимиз, мамлакатимизнинг келажаги ўрнимизга ким келишига ёки бошқачароқ айтганда, қандай кадрлар тайёрлашимизга боғлиқ” – деб жуда ўринли фикр билдирган.
И.Латипов, Самарқанд вилоят адлия бошқармаси масъул ходими