Мустаҳкам оила – жамият таянчи

Дунёнинг кўплаб мамлакатларида оилага алоҳида эътибор билан ёндошилса-да, кўпчилик давлат Конституцияларида биздаги каби «Оила» боби йўқ экан. Бу албатта, миллий давлатчилик тарихимиз, халқимизнинг азалий қадрият ва анъаналари билан боғлиқ.

Бош Қомусимизнинг мазкур бобида оила жамиятнинг асосий бўғини эканлиги ҳамда жамият ва давлат муҳофазасида бўлиш ҳуқуқига эгалиги белгилаб қўйилган. Шунингдек, унда никоҳ томонларнинг ихтиёрий розилиги ва тенг ҳуқуқлилигига асосланиши, ота-оналар ўз фарзандларини вояга етгунларига қадар боқиш ва тарбиялаш, ўз навбатида вояга етган, меҳнатга лаёқатли фарзандлар ўз ота-оналари ҳақида ғамхўрлик қилишга мажбурликлари, фарзандлар ота-оналарнинг насл-насабидан ва фуқаролик ҳолатидан қатъи назар, қонун олдида тенглиги, оналик ва болалик давлат томонидан муҳофаза қилиниши ўз ифодасини топган.

Ўзбекистон Республикасининг Оила кодекси ва бошқа қонун, меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатларида ҳам бу қоида ва тартиблар қатъий белгилаб қўйилган ҳамда уларга сўзсиз амал қилинади. Бунга айни пайтда барчамиз гувоҳ бўлиб, давлатимизнинг оилаларга бўлган катта ғамхўрлик ва эътиборидан баҳраманд бўлиб келяпмиз.

Муҳтарам юртбошимиз таклифи асосида 2012 йилнинг юртимизда «Мустаҳкам оила йили» деб номланиши эса бу борадаги ишларни янги босқичга олиб чиқиш, амалга оширилаётган демократик ислоҳотларни чуқурлаштириш ва эркин фуқаролик жамияти барпо этиш йўлидаги саъй-ҳаракатларни кучайтиришга хизмат қилади.

Албатта, бу жараёнда адлия идораларининг ҳам ўзига хос ўрни, вазифалари бор. Чунки, оила аталмиш муқаддас қўрғонга илк қадам тизимдаги фуқаролик ҳолати далолатномаларини ёзиш бўлимлари ва никоҳ уйларидан бошланади.

Бугунги кунда вилоятда 23 ФҲДЁ бўлимлари фаолият кўрсатмоқда. Улар томонидан 2011 йил давомида 74 минг 167 та туғилиш, 34 минг 417 та никоҳ қайд этилди.

Ўтган йилда ФҲДЁ бўлимлари томонидан кенг аҳоли қатлами ўртасида тарғибот ишларини олиб боришга алоҳида эътибор қаратилди. Жумладан, вилоятдаги таълим муассасалари ва маҳаллаларда “Эрта никоҳларнинг олдини олиш”, “Оила мустаҳкамлиги – юрт тинчлиги”, “Вояга етмаган ёшларнинг никоҳи ва унинг салбий оқибатлари”, “Носоғлом оила – фарзанд тарбиясига салбий таъсир кўрсатувчи макон”, “Она – оиланинг аҳлоқий маънавий кузгуси”, “Аёллар ва болалар ҳуқуқи”, “Оила мустаҳкамлигининг ижтимоий психологик омиллари” мавзусида давра суҳбатлари ва учрашувлар ўтказилди. Касб-ҳунар коллежлари ва академик лицейлар ўқувчилари учун ОИВ инфекцияси тарқалишининг олдини олишга қаратилган “Хиёнат” номли фильм намойиш этилди.

Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2003 йил 25 августдаги қарори билан тасдиқланган “Никоҳланувчи шахсларни тиббий кўрикдан ўтказиш тўғрисидаги Низом” ижросини таъминлаш мақсадида тиббий кўрик масаласи ўрганиб чиқилиб, «Маҳалла» жамғармаси вилоят бўлими, вилоят имом хатиблиги ва хотин-қизлар қўмитаси билан ҳамкорликда кенгайтирилган қўшма йиғилиш ўтказилди. Шунингдек, мавзу доирасида Самарқанд шаҳри, Булунғур ва Нарпай туманларидаги ФҲДЁ бўлимлари томонидан ҳам кўргазмали ўқув машғулотлари ўтказилди. Ушбу тадбирларда соғлом оилани шакллантириш ва унда ҳар жиҳатдан баркамол фарзандлар туғилишини таъминлашда тиббий кўрикнинг аҳамияти ҳақида сўз юритилди.

Бу борадаги ишларни кучайтиришда ФҲДЁ бўлимлари ҳузуридаги “Оила дорилфунуни” ҳамда “Ёш оила қурувчилар мактаби” ўқув курслари фаолиятини такомиллаштириш, уларга ёшларни кўпроқ жалб этиш зарурлиги қайд этилди.

Таъкидлаш лозимки, бугунги кунда ёшларни оилавий ҳаётга тайёрлашда Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ва «Оила» илмий амалий маркази ҳамкорлигида ФҲДЁ бўлимлари, Никоҳ уйлари қошида ташкил этилган «Оила дорилфунуни», шунингдек, ўрта-махсус, касб-ҳунар таълими муассасалари ва олий ўқув юртлари талабаларига мўлжалланган “Ёш оила қурувчилар мактаби”нинг фаолияти муҳим ўрин тутмоқда.

Ўтган йил давомида вилоятдаги ФҲДЁ бўлимларида «Оила дорилфунуни»нинг 637 та ўқув машғулотлари ўтказилиб, уларга 42 мингдан зиёд бўлажак келин-куёвлар жалб этилди. “Ёш оила қурувчилар мактаби”нинг беш юзга яқин машғулотида 28 минг 500 дан ортиқ ёшлар иштирок этди.

Бу ўқув машғулотлари ФҲДЁ бўлимлари ходимлари билан бирга тиббиётчилар, маҳалла маслаҳатчилари, хотин-қизлар қўмиталари масъуллари, маънавият тарғиботчилар, ибратли оилалар вакиллари томонидан олиб борилмоқда. Мазкур тадбирларда мамлакатимизда оилалар мустаҳкамлигини таъминлаш, оналик ва болаликни муҳофаза қилиш борасида олиб борилаётган кенг кўламли ислоҳотлар, қабул қилинаётган меёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар моҳияти ёшларга тушунтирилмоқда. “Ёш ота-оналарга” ва “Ёш келин-куёвларга”, “Ёш оила қурувчиларга” номли эслатмалар, “Қайнона бўлиш илми”, “Куёв бўлиш илми”, “Келин бўлиш илми” мавзусида рисолалар тарқатилаётир.

Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирининг 2005 йил 8 июндаги “Республика ФҲДЁ органлари фаолиятини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги буйруғи ижросини таъминлаш мақсадида анъанавий равишда ташкил этиб келинаётган “Энг намунали ФҲДЁ бўлими” ва “Энг намунали инспектор” кўрик-танлови ФҲДЁ бўлимлари ходимлари ҳуқуқий ва касбий маҳоратини ошириш, ижобий иш тажрибаларини оммалаштиришда муҳим ўрин тутмоқда. Ўтган йил ҳам мазкур танлов юқори савияда ўтказилиб, унда тизим ходимлари фаол қатнашдилар. Танлов натижаларига кўра, Самарқанд шаҳар Никоҳ уйи инспектори Ю.Алиева “Энг яхши ФҲДЁ бўлими инспектори”, Тайлоқ туман ФҲДЁ бўлими эса “Энг намунали ФҲДЁ бўлими” деб эътироф этилди.

Жорий йилда ҳам бу борадаги ишлар янада кенг кўламда давом этади. Йил моҳиятидан келиб чиқиб, қонунчиликни янада такомиллаштириш ва мустаҳкамлаш, ёш оилаларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, аҳолининг ҳуқуқий онг ва маданиятини ошириш ҳамда ФҲДЁ бўлимлари ходимлари томонидан фуқароларга ҳуқуқий хизмат кўрсатиш даражасини янада ошириш юзасидан муҳим тадбирлар амалга оширилади. Тизимдаги идоралар айни пайтда ана шу талаблар асосида фаолият кўрсатишга интилмоқда.

Дилмурод САЪДУЛЛАЕВ,

Самарқанд вилоят адлия бошқармаси

бошлиғи ўринбосари