Давлат органлари фаолиятида қонунийликни таъминлаш - фаровонлик гаровидир

Мамлакатимида мустақилликнинг дастлабки йиллариданоқ ҳуқуқий давлат асосларини мунтазам такомиллаштириб бориш, аҳолининг ҳуқуқий онги ва маданиятини оширишга алоҳида эътибор қаратиб келинмоқда. Айниқса, кейинги йилларда бу борадаги ишлар кўлами ва миқёси кенгайиб, мутлақо янги босқичга кўтарилди.

Бу борада Юртбошимизнинг «Мамлакатимизда демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш концепцияси» муҳим дастуриламал бўлаётир. Зотан, унда давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ва назорат тузилмалари фаолиятида қонун устуворлигини таъминлаш бўйича адлия органларининг ролини янада кучайтиришга қаратилган хужжатларни ишлаб чиқиш ва қабул қилиш зарурати тўғрисида алоҳида фикр юритилган.

Ушбу вазифа ижроси юзасидан 2011 йилнинг июнь ойида Президентимизнинг «Давлат органлари фаолиятида қонунийликни таъминлаш борасида адлия органларининг ролини янада ошириш бўйича чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарори эълон қилинди.

Шу асосда давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари, ҳуқуқни муофаза қилувчи ва назорат тузилмалари фаолиятида ҳанузгача ечимини топмай келаётган қатор муаммо ва камчиликларни бартараф этиш, ҳуқуқни қўллаш соҳаси устидан назорат тизимини янада такомиллаштириш мақсадида Адлия вазирлиги ҳузурида Қонунчиликка риоя этилиши устидан назорат қилиш бош бошқармаси ва унинг ҳудудий бўлимлари ташкил этилди.

Айтиш мумкинки, Бош бошқарма вазирли­к тизимида илгари фаолият кўрсатган Мониторинг марказидан таркибий тузилмаси, амалга оширадиган вазифалари, функциялари ва ваколатлари нуқтаи назаридан бутунлай фарқ қилади. Хусусан, бош бошқарма давлат ҳокимияти ва бошқаруви, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ва назорат тузилмаларининг ҳуқуқни қўллаш фаолияти устидан тизимли назо­рат олиб боради, бу йўналишда улар фаолиятида текширишлар ва мониторинглар ўтказади, қонунбузилишлар ва камчиликларни ўз вақтида аниқлаб, уларни бартараф этиш чораларини кўради. Жойлардаги ҳудудий бўлинмалар нафақат аниқланган қонунбузилишларини бартараф этиш, балки уларнинг содир этилишига олиб келаётган сабаб ва шарт-шароитларга барҳам бериш бўйича кечиктириб бўлмайдиган чоралар қабул қилинишини ҳам таъминлайди.

Бош бошқарма таркибига ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ва назорат органлари фаолиятида қонунчиликка риоя этилиши устидан назорат қилиш бошқармаси ҳамда давлат бошқаруви органлари ва маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари фао­лиятида қонунчиликка риоя эти­лиши устидан назорат қилиш бошқармаси киради.

Жойлардаги ҳудудий бўлимлари эса ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ва назорат органла­ри, прокуратура органлари фао­лиятида қонунчиликка риоя этилиши устидан назорат қилиш сектори ҳамда давлат бошқаруви органлари ва маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари фао­лиятида қонунчиликка риоя эти­лиши устидан назорат қилиш секторидан иборат.

Умуман, ушбу янги тузилма мамлакатимиз суд-ҳуқуқ тизими ривожланишининг ўзига хос шакли сифатида Концепцияда белгиланганидек, давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ва назорат тузилмалари ўртасида ўзаро тийиб туриш ва манфаатлар мувозанатини таъминлаш принципининг амалда самарали ишлашига эришиш мақсадида ташкил этилди.

Шу жиҳатдан, бош бошқарма зиммасига вазирликлар, давлат қўмиталари, идоралар, маҳаллий дав­лат ҳокимияти органлари, жамоат бирлашмалари, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ҳамда назорат тузилмалари, уларнинг мансабдор шахслари томонидан қонунларнинг ижро этилиши, шунингдек, инсон ҳуқуқлари ва эркинликларини таъминлашга қаратилган, иқтисодий ва хўжалик муносабатларини тартибга солувчи қонунларнинг ижро этилиши устидан назорат қилиш қисми бўйича про­куратура органларининг ҳуқуқни қўллаш фаолиятида қонунийликка риоя қилиниши устидан тизимли, самарали мониторинг ва назоратни ташкил этиш, ҳуқуқни қўллаш соҳасидаги қонунбузилишларини, суиистеъмолликларни ўз вақтида аниқлаш вазифалари юклатилган.

Бундан ташқари, бош бошқарма давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар ва назорат тузилмаларининг ҳуқуқни қўллаш, ҳуқуқ ижодкорлиги фаолиятида ўтказилган мониторинг ва таҳлиллар натижаларига кўра, амалдаги қонун ҳужжатларини такомиллаштириш бўйича таклифлар ишлаб чиқади.

Бир сўз билан айтганда, бош бошқарма ўз фаолиятини олиб боришда асосий эътиборини барча жабҳада қонунчилик тўлик ва тўғри ишлашини таъминлаш, бу борада давлат бошқаруви органлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ва назорат тузилмалари фаолиятидаги муаммо ва камчиликларни уларнинг ўзига ва юқори турувчи идораларга кўрсатиш ва уларга кўмак бериш орқали бартараф этиш, энг муҳими, камчиликлар такроран содир этилишига йўл қўймаслик бўйича зарур чораларни кўришга қаратади.

Бош бошқарма ўз ваколатига кўра, аниқланган қонунбузилишларни, уларнинг содир этилишига олиб келаётган сабаб ва шарт-шароитларни бартараф этиш бўйича фактларни умумлаштириб, ҳуқуқни қўллаш амалиётини назорат қилиш материалларини кечиктириб бўлмайдиган чоралар қабул қилиш учун тегишли идораларга юборади. Зарур ҳолларда қонун ҳужжатлари талабларини бажармаган мансабдор шахсларни жавобгарликка тортиш бўйича таклифлар ишлаб чиқилади.

Хулоса ўрнида айтиш мумкинки, Президентимизнинг бу каби саъй-ҳаракатлар жамият ҳаётининг барча жабҳаларда қонун устуворлигини таъминлаш, турмушимизни янада фаровон бўлишида муҳим аҳамиятга эга. қолаверса, давлат органлари ва уларнинг ман­сабдор шахсларида қонунга ҳурмат, масъулият ҳиссини ошириб, фуқароларда эртанги кунга ишонч руҳини юксалишини таъминлайди.

Фарҳод ҲАЙИТОВ,

Адлия вазирлигининг Қонунчиликка риоя этилиши

устидан назорат қилиш бош бошқармаси

Самарқанд вилояти ҳудудий бўлими

бош маслаҳатчиси.