Маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг норма ижодкорлиги: амалиёт ва муаммолар

Дата: 13.10.2016    

Ижтимоий муносабатларнинг мунтазам равишда ўзгариб бориши боис норма ижодкорлиги жараёнида келгусида қонун ҳужжатларини қўллашда келиб чиқадиган камчиликларни олдиндан билиш имконияти ҳар доим ҳам мавжуд эмас. Чунки, ижтимоий муносабатлар таркибан ҳар қандай ҳуқуқий нормаларга нисбатан “бойроқдир”. Шунинг учун, аниқ, қонун ҳужжатларини амалга оширишнинг ҳуқуқий механизмлари билан тўлиқ таъминланган норма ижодкорлиги фаолиятини учратиш қийин.

Норма ижодкорлиги жараёнида қонун ҳужжатларини амалга оширишнинг ҳуқуқий механизмлар билан таъминланмаслиги яъни, ҳуқуқий бўшлиқлар юридик адабиётларда “оқ доғлар” деб юритилади.

Ҳуқуқшунослар фикрига кўра “оқ доғлар” норма ижодкорлиги жараёнида объектив сабабларга кўра юз берадиган қонун ҳужжатларининг нуқсонларидир.

Қонун ҳужжатларидаги тартибга солинмаган ҳуқуқий бўшлиқларни бартараф этиш вазифасини қисман ҳуқуқ тизимида “қонун ва ҳуқуқ ўхшашлиги” (анология) институти бажаради.

Айрим ҳуқуқшуносларнинг фикрига кўра, қонун ҳужжатларида учраб турувчи нуқсонлар судлар ва бошқа ҳуқуқни қўлловчи органлар фаолияти учун бирмунча фойдалидир. Чунки, қийин, мураккаб, иш ҳужжатларини кўриш чоғида судлар тўқнаш келган қонун ҳужжатларидаги ҳуқуқий бўшлиқлар судларни ҳар тарафлама ўрганиб, адолат тамойили асосида хулоса чиқаришга, кейинчалик тўқнаш келинган ҳуқуқий бўшлиқларни бартараф этиш учун норма ижодкорлиги жараёнини такомиллаштириш борасида асосли таклифлар ишлаб чиқилишига сабаб бўлади.

Аналогия институтини фақатгина фуқаролик ҳуқуқий муносабатларига татбиқ қилинишини инобатга олган ҳолда, фикримизча айрим ҳуқуқшунос олимлар фойдали деб ҳисоблаган қонун ҳужжатларидаги ҳуқуқий бўшлиқларни тўлдиришда аналогия институтидан фойдаланиш фақатгина фуқаролик ва хўжалик судлари учун фойдалидир. Жиноят ҳуқуқи, маъмурий ҳуқуқ ҳамда бошқа ҳуқуқ соҳаларида ҳуқуқий бўшлиқларни юзага келиши ҳуқуқни қўлловчи ваколатли органлар томонидан келгусида жиддий хато ва камчиликларга олиб келиши мумкин.

Кўпчиликка маълумки, мамлакатимизда кейинги йилларда демократик ислоҳотларнинг самарали ҳуқуқий базасини яратиш қонунчиликни янада такомиллаштириш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Биринчи Президенти томонидан 2013 йил 15 июлда “Қонунларнинг ҳаволаки нормаларини амалга оширишга қаратилган норматив-ҳуқуқий ва бошқа ҳужжатларни ишлаб чиқиш режаларини тасдиқлаш тўғрисида”ги қарор қабул қилинди. Қабул қилинган мазкур қарорга мувофиқ давлат ва жамият қурилиши, суд-ҳуқуқ, иқтисодий ривожланиш, ижтимоий ва гуманитар ривожланиш соҳаларида қонунларнинг ҳаволаки нормаларини амалга оширишга қаратилган норматив-ҳуқуқий ва бошқа ҳужжатларни ишлаб чиқиш режалари тасдиқланиб, ҳозиргача ҳуқуқий бўшлиқларни тўлдирувчи бир қанча қонун ҳужжатлари ишлаб чиқилиб қабул қилинди.

Ўзбекистон Республикаси биринчи Президенти И.А.Каримов томонидан 2010 йил 12 ноябрда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва Сенатининг қўшма мажлисидаги Мамлакатимизда демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш концепциясида адлия органларининг ҳуқуқ ижодкорлиги соҳаси ва ҳуқуқни қўллаш амалиётида ягона давлат сиёсатини ўтказишдаги ролини кучайтириш алоҳида таъкидланган эди.

Мазкур вазифани амалга оширишга қаратилган Ўзбекистон Республикаси Биринчи Президентининг 2011 йил 23 августдаги ПҚ-1602-сонли “Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги фаолиятини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига мувофиқ амалдаги қонун ҳужжатларидаги “оқ доғлар”ни, шунингдек давлат ҳокимияти ва бошқаруви тизимида коррупциянинг келиб чиқишига, бошқа ҳуқуқбузарликлар содир этилишига шароит яратаётган қоидалар ва нормаларни аниқлаш адлия вазирлигининг асосий фаолият йўналишларидан бири сифатида белгиланди.

Самарқанд вилоят адлия бошқармаси томонидан самарали амалга ошириш мақсадида ҳамда маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг норма ижодкорлиги фаолиятини тизимли таҳлил қилишни янада ташкиллаштириш, амалдаги қонун ҳужжатларига мувофиқ, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари ваколатига тааллуқли бўлган, лекин амалда улар томонидан тартибга солинмаган ҳаволаки нормалар - “оқ доғлар”ни аниқлаш, уларни бартараф этиш юзасидан вилоят ҳокимлиги билан ҳамкорликда 2015 йил март ойида чора-тадбирлар режаси тасдиқланган.

Ушбу чора-тадбирлар ижроси мувофиқ шаҳарлар ва бошқа аҳоли пунктларининг ҳудудларни ободонлаштириш қоидалари (Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 5-6 моддалари), аҳолига кўрсатиладиган санитария-тозалаш тарифлари (Вазирлар Маҳкамасининг 1992 йил 14 августдаги 381-сонли қарори), вилоятдаги қоракўлчилик ширкат хўжаликлари балансида бўлган яйловлар ва бошқа объектлардан фойдаланганлик учун тўлов миқдорларини белгилаш ҳақидаги (Вазирлар Маҳкамасининг 2014 йил 20 октябрдаги 290-сонли қарори) қарорлари қабул қилинди.

Хулоса ўрнида шуни таъкидлаш лозимки, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари томонидан мавжуд ижтимоий муносабатларнинг тўлиқ ҳуқуқий тартибга солиниши давлат ва жамият ҳаётида олиб борилаётган ислоҳатларнинг мувоффақиятли бўлишига хизмат қилади.

Ш.Бахрамов, Самарқанд вилоят адлия бошқармаси масъул ходими