Энгму ҳим демократик тамойиллар ва меъёрлар асосида

Дата: 19.10.2016    

Ўзбекистон собиқ иттифоқдаги республикалар орасида биринчи бўлиб президентлик бошқарувини жорий этган ҳамда кенг миқёсдаги иқтисодий, сиёсий, ҳуқуқий ва маданий-маънавий ислоҳотларни амалга ошириш, жамиятни тубдан ўзгартириш ва янгилаш йўлига ўтган суверен давлатдир.

Ўзбекистон Республикаси миллий сайлов тизими ошкоралик, очиқлик, тенглик, шаффофлик сингари демократик тамойилларга асосланади. Шу йилнинг 4 декабрь куни бўладиган Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловини ҳам ана шу тамойиллар устуворлиги ҳамда сайлов қонунчилигимиз талаб ва меъёрларига мувофиқ ҳолда ташкил қилишга пухта тайёргарлик кўрилаётганлиги оммавий ахборот воситалари орқали кенг ёритилмоқда.

Маълумки, 2015 йил 29 декабрда “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун қабул қилинди.

Ушбу қонун билан “Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови тўғрисида”, “Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисига сайлов тўғрисида”, “Халқ; депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгашларига сайлов тўғрисида”, “Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси тўғрисида”ги қонунларга ўзгартиш ва қўшимчалар киритилди.

Мазкур ўзгартиш ва қўшимчалардан кўзланган мақсад сайлов жараёнларини янада демократлаштириш, фуқароларнинг сайлов ҳуқуқлари кафолатларини, кўппартиявийлик ва партиялараро рақобатни кучайтириш ҳисобланади.

Юқоридаги қонун билан “Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови тўғрисида”ги Қонуннинг 10 та моддасига тегишли ўзгартиш ва қўшимчалар киритилди. Хусусан, “Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси тўғрисида”ги Қонуннинг 
5-моддасидаги бошқа давлатлар, ҳалқаро ташкилотлар ва ҳаракатлардан кузатувчиларга мандат-лар Марказий сайлов комиссияси томонидан берилиши ҳақидаги норма ҳуқуқий нормалар ўртасида ўзаро боғланиш ва уйғунликни таъминлаш мақсадида “Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови тўғрисида”ги Қонуннинг 5-моддасига киритилди. Бундай норма, шунингдек “Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисига сайлов тўғрисида” Қонуннинг 6-моддасига ҳам киритилди.

Маълумки, Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 117-модда тўртинчи қисмига мувофиқ суд томонидан муомалага лаёқатсиз деб топилган фуқаролар, шунингдек суд ҳукми билан озодликдан маҳрум этиш жойларида сақланаётган шахслар сайланиши мумкин эмас ва сайловда қатнашмайдилар. Бошқа ҳар қандай ҳолларда фуқароларнинг сайлов ҳуқуқларини тўғридан-тўғри ёки билвосита чеклашга йўл қўйилмайди.

Шу мақсадда фуқароларнинг сайлов ҳуқуқлари кафолатларини таъминлаш мақсадида “Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови тўғрисида”ги қонуннинг 10, 11, 23, 30-моддаларида сайлов участкалари тузилиши мумкин бўлган объектлар сирасига қамоқда сақлаш жойлари ҳам киритилди.

“Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови тўғрисида”ги Қонуннинг 242-моддасида сиёсий партия томонидан тақдим этиладиган Ўзбекистон Республикаси Президентлигига кўрсатилган номзодни қўллаб-қувватловчи имзо варақалари шу вақтгача Ўзбекистон Республикаси жами сайловчиларининг умумий сони камида “беш фоизининг” имзосини қамраб олган бўлиши керак эди. Камида 5 фоиз имзо, ҳозирги кунда 1 млн атрофидаги сайловчиларни қамраб олишини эътиборга оладиган бўлсак, сайлов кампанияси даврида сиёсий партиялар учун маълум қийинчиликлар туғдириши мумкин эди. Эндиликда кўппартиявийлик ва партиялараро рақобатни кучайтириш ҳамда бу соҳадаги ҳалқаро стандартлар ҳамда ривожланган демократик давлатларнинг ижобий тажрибасини ҳисобга олган ҳолда «беш фоиз» «бир фоиз» этиб белгиланди.

Қайд этиш жоизки, шу вақтгача амалда бўлиб келган норма ҳам бежизга киритилмаган эди. Мазкур норма ўз даври учун жуда зарур эди ва ўзининг муайян тарихий шароитда ижобий ролини ўйнади ҳамда сайловда қатнашмоқчибўлган сиёсий партиялар учун электорат уни қанчалик кенг қўллаб-қувватлаши мумкинлигини аниқлаб олиш учун имконият яратиб берди. Ҳозирда барчамизга сир эмаски, сиёсий партиялар жамият ва давлат ҳаётида мустаҳкам ўрин олиб, ўзларининг барқарор электоратларига эга бўлдилар ва буни охирги йилларда бўлиб ўтган сайловлар ҳам яққол кўрсатмокда.

Яна бир қатор ўзгартиш ва қўшимчалар сайловолди ташвиқоти билан бoғликдир. Бу, авваламбор, партиялараро рақобатнинг кучайиши, ўтган йиллардаги сайловларда сайловолди ташвиқотининг шакл ва усуллари тобора турли-туман ва кенг миқиёсга эга бўлиб бораётгани билан изоҳланади.

Шунинг учун “Ўзбекистан Республикаси Президенти сайлови тўғрисида”ги Қонунда сайлов кампаниясининг ушбу муҳим босқичини амалга ошириш жараёнида номзодлар ва сиёсий партияларга тенг шароитлар яратиш механизмларининг самарадорлигини оширишга қаратилган нормалар киритилди. Хусусан, 28-моддада “Сайловолди ташвиқоти” тушунчаси бериб ўтилди ҳамда сайлов куни ва овоз бериш бошланишига бир кун қолганида сайловолди ташвиқотига йўл қўйилмаслиги белгилаб қўйилди. Мазкур норма бир қатор ривожланган ҳорижий давлатлар қонунчилигида кенг қўлланади. Унинг конунчилигимизга киритилиши сайловчиларга ўз қарашларини, сиёсий хайриҳоҳлигини аниқлаб олиш, уларнинг ким учун ва қандай сиёсий дастур учун овоз бериш масаласида онгли равишда аниқ, бир қарорга келиши учун қўшимча вақт берилишига имкон яратади. Бу ҳолат шунингдек, овоз бериш олдидан турли хил суиистеъмолликлар ва қонун бузилиши ҳолатларнинг олдини олади.

Бундан ташқари, мазкур Қонуннинг 28-моддаси сайловолди ташвиқотини олиб бориш турлари, шакллари ва усуллари, сайловолди ташвиқотини оммавий ахборот воситалари орқали олиб бориш, сайловолди ташвиқотини босма, кўргазмали, аудиовизуал ва бошқа ташвиқот материалларини чиқариш ҳамда тарқатиш орқали олиб бориш, сайловолди ташвиқотини сайловчилар билан учрашувлар ўтказиш орқали олиб боришга бағишланган прим моддалар билан тўлдирилди.

Маълумки, жойлардаги участка комиссиялари аксарият ҳолларда қонунчиликда янада аниқ белгилаб қўйишни талаб этадиган турли вазият ва муаммоли ҳолатларга дуч келадилар. Улардан бири муддатидан олдин овоз бериш тартиб-қоидаси билан боғлиқдир. Шунинг учун ҳам Қонуннинг 31-моддасида муддатидан олдин овоз бериш тартиби батафсил очиб берилди, яъни муддатидан олдин овоз бериш сайловчининг сайлов кунида бўла олмаслиги сабаблари (таътил, хизмат сафари, чет элга чиқиш ва ҳоказо) кўрсатилган аризаси асосида амалга оширилиб, сайловга 10 кун қолганида бошланади ва бир кун қолганида тугалланади. Мазкур қўшимчаларнинг киритилиши фуқароларнинг сайлов ҳуқуқлари амалга оширилишини, уларнинг ўз ҳоҳиш-иродасини эркин билдиришини, участка комиссиялари фаолиятининг ошкоралигини таъминлаш ва сайлов қонунчилигини бузиш каби ҳолатларга йўл қўймаслик борасида навбатдаги қадам бўлди.

Яна бир қатор ўзгартиш ва қўшимчалар сайлов бўйича қонунлар нормаларини бирхиллаштириш мақсадида киритилди. Масалан, улардан бири Қонуннинг 21-моддасига, яъни фуқароларни сайловчилар рўйхатига киритиш тартибига оид бўлиб, сайлов кунига қадар ёки сайлов куни ўн саккиз ёшга тўлган, рўйхат тузилаётган вақтда муайян сайлов участкаси ҳудудида вақтинча истиқомат қилаётган Ўзбекистон Республикасининг фуқаролари ҳам сайловчилар рўйхатига киритилишлари белгилаб қўйилди. Қонуннинг 23-моддасида эса, фуқароларнинг рўйхатга киритилмаганлик, нотўғри киритилганлик ёки рўйхатдан чиқарилганлик юзасидан, шунингдек рўйхатда сайловчи тўғрисидаги маълумотларни кўрсатишда ноаниқликка йўл қўйилганлик хусусидаги аризаларини участка сайлов комиссияси “кечи билан йигирма тўрт соат ичида” кўриб чиқиши белгилаб қўйилди. Амалда шу вақтгача “кечи билан икки кунлик муддат ичида” деб белгиланган эди.

Ўтган йиллар мобайнида шаклланган қонун ижодкорлиги амалиёти ҳамда қонунчилик техникасидан келиб чиқиб “Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисига сайлов тўғрисида”, “Халқ, депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгашларига сайлов тўғрисида”ги қонунларнинг сайлов тўғрисидаги қонунни бузганлик учун жавобгарликка оид нормалари ҳаволаки нормаларни қўллаган ҳолда янги таҳрирда белгиланди.

Маълумки, “Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси тўғрисида”ги Қонуннинг 5-моддасига асосан, халқ, депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгашларига сайлов ўтказувчи сайлов комиссияларининг фаолиятини услубий жиҳатдан таъминлаш Марказий сайлов комиссияси томонидан амалга оширилади. Мазкур қонун талабларидан келиб чиқиб халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгашларига сайловлар бўйича сайлов комиссияларининг фаолиятини услубий жиҳатдан таъминлаш Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси томонидан амалга оширилиб келинмокда. Ҳукукий нормалар ўртасида ўзаро боғланиш, комплекслик ва уйғунликни таъминлаш мақсадида ушбу амалиёт “Халк, депутатлари вилоят, туман ва шахар Кенгашларига сайлов тўғрисида”ги Қонуннинг 9-моддасида ҳам мустаҳкамлаб қўйилди.

Яна бир ўзгартишга мувофик, Марказий сайлов комиссиясининг сиёсий партияларга ажратилган маблағлардан фойдаланиш тартибини белгилаш билан боғлик ваколатлари “Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси тўғисида”ги Қонундан чиқарилди. Чунки, “Сиёсий партиялар тўғрисида”ги Қонуннинг 5-моддасига асосан, давлат ҳокимияти ва бошқарув органлари, корхоналар, муассасалар, ташкилотларнинг ва улар мансабдор шахсларининг сиёсий партиялар ички ишларига аралашишлари ёхуд, агар фаолият қонунга ҳамда ўз уставларига мувофиқ амалга оширилаётган бўлса, улар фаолиятига у ёки бу тарзда тўсқинлик қилишлари ман этилади. Партия сайловда қатнашиш учун ажратилган маблағлардан фойдаланиш тартибини сайловолди ташвиқотини самарали амалга ошириш бўйича ўз стратегиясидан келиб чиқиб, мустақил равишда белгилайди.

Маълумки, “Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар тўғрисида”ги Қонуннинг 27-моддасига асосан, вазирликлар, давлат қўмиталари ва идоралар норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилинган кундан эътиборан ўн кун ичида уларни давлат рўйхатидан ўтказиш учун Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигига тақдим этишади. Амалиётга кўра, Марказий сайлов комиссиясининг қарорлари Адлия вазирлигида рўйхатдан ўтказилмайди. Марказий сайлов комиссиясининг қарорлари Адлия вазирлигидан рўйхатдан ўтказилмаслиги Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 117-моддаси ва “Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси тўғрисида”ги Қонуннинг 21-моддаси талабларидан келиб чиқди. Уларга кўра, Марказий сайлов комиссияси ўз фаолиятини ҳар қандай давлат органлари, жамоат бирлашмалари ва мансабдор шахслардан мустақил ҳолда амалга оширади.

Сайловлар ўтказиш жараёнида Марказий сайлов комиссияси қарорлари имзоланган кундан кучга кириши лозим. Шунинг учун ҳам “Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси тўғрисида”ги Қонуннинг 9-моддасида Марказий сайлов комиссиясининг қарорлари улар қабул қилинган пайтдан эътиборан кучга кириши ва Марказий сайлов комиссиясининг расмий веб-сайтида ўша куннинг ўзида, шунингдек зарур бўлган ҳолларда, бошқа манбааларда эълон қилиниши лозимлиги белгилаб қўйилди.

Хулоса қилиб айтганда, сайлов қонунчилигига киритилган ўзгартиш ва қўшимчалар сайлов жараёнларини янада демократлаштириш, фуқароларнинг сайлов ҳуқуқларини кафолатларини, кўппартиявийлик ва партиялараро рақобатни кучайтиришга хизмат қилади.

Ў.Ахатов, Самарқанд вилоят адлия бошқармаси бўлим бошлиғи