Суд-ҳуқуқ ислоҳотлари мамлакатимиз тинчлиги ва халқимиз осуда хаётининг бардавомлигини таъминлашга хизмат қилади

Дата: 31.10.2016    

Тарихнинг бисоти - халқнинг закосидан ҳосил бўлган маҳзан аслида. Маъдани ядун - маънавий бойлик, деб ҳам атаймиз уни. Миллатнинг интеллектуал салоҳияти ана шу бисотнинг салмоғи билан белгиланади. Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти Ислом Каримовнинг “Тарихий хотирасиз келакжак йўқ” деган сўзлари замирида ҳам шу ҳикмат зоҳир. Халқимиз чин маънода улуғвор ўтмиш соҳиби. Дунёга донг таратган бунёдкорлик намуналари, шон таратган ўғлонларига эга. Зеро, ота-боболаримиз яратган барча ўлмас қадриятлар – бебаҳо меросимиз улуғ ишларга қодир халқнинг давомчилари эканимиздан шаҳодат бериб турибди.

Мамлакатимизда давлат ва жамият ҳаётининг барча жабҳаларида, шу жумладан инсон ҳуқуқлари ва эркинликларининг кафолати сифатида адолатли суд-ҳуқуқ тизимини шакллантириш борасидаги ислоҳотлар изчил амалга оширилмоқда. Судловнинг одиллигини таъминловчи ҳуқуқий майдон – умуминсоний қадриятлар ва умумэътироф этилган ҳуқуқ андозаларига асосланган, шаклан ва моҳиятан янги қонунлар қабул қилинди. Уларнинг асосига қонунийлик, демократизм, одиллик, инсонпарварлик, жиноий қилмиш учун жавобгарликнинг муқаррарлиги каби принциплар қўйилди.

Суд-ҳуқуқ тизимини такомиллаштириш ва либераллаштиришнинг долзарблиги бир қатор омиллаш билан изоҳланади. Улар асосан Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти И.Каримов томонидан асослаб берилган. Хусусан, Президентимиз шундай қайд этади: “Эришилган ижобий натижаларга қарамай, суд-ҳуқуқ соҳасида ҳамон совет тизимининг асоратлари сезилмоқда. Аниқроқ айтганда, суд фаолиятига доир қабул қилинган қонун ва бошқа меъёрий ҳужжатлар умумэътироф этилган халқаро демократик меъёрларга борган сари мослаштирилаётган бўлса-да, афсуски, судьялар, прокуратура ва тергов органлари ходимлари, бир сўз билан айтганда, қабул қилинган янги қонунларни ҳаётга татбиқ этиши лозим бўлган кишиларнинг дунёқараши ва тафаккури анча қийинчилик билан ўзгаряпти”.

Ҳокимиятлар тизимида суд ҳокимиятининг самарали фаолиятини ташкил қилиш ва ўрнини белгилаш муаммоларининг долзарблиги ҳуқуқий давлатда ҳокимиятнинг мазкур бўғини зиммасига юкланадиган вазифа билан белгиланади. Суд ҳокимияти фуқароларнинг ҳуқуқларини ва “умуман ҳуқуқ”ни ҳокимият ваколатларига эга мансабдор шахслар ҳамда давлат идораларининг ҳуқуққа зид бўлган ҳар қандай қарорлари, хатти-ҳаракатларидан муҳофаза қилиши ва шу тариқа ҳуқуқнинг ҳукмронлигини таъминлаши лозим. Ўзбекистонда мана шундай ҳокимиятни вужудга келтириш суд-ҳуқуқ тизимини янада либераллаштириш ва ислоҳ этишнинг асосий вазифасидир.

“Суд-ҳуқуқ тизимини янада ислоҳ қилиш, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ишончли ҳимоя қилиш кафолатларини кучайтириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Президентининг Фармони мазкур тизимни янада демократлаштириш ва эркинлаштириш, суд, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ва назорат органлари фаолияти самарадорлигини ошириш, аҳолининг одил судловга бўлган ишончини ошириш, жамиятда қонун устуворлигини таъминлаш ва қонунийликни мустаҳкамлаш мақсадларини кўзлаганлиги боис Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 13-моддасида ифода этилган “Ўзбекистон Республикасида демократия умуминсоний принципларга асосланади, уларга кўра инсон, унинг ҳаёти, эркинлиги, шаъни, қадр-қиммати ва бошқа дахлсиз ҳуқуқлари олий қадрият ҳисобланади” деган нормани ҳаётга бевосита татбиқ этишга йўналтирилганлиги билан аҳамиятлидир.

Дарҳақиқат, Конституциямизнинг 106-моддасида суд ҳокимияти қонун чиқарувчи ва ижро этувчи ҳокимият, сиёсий партия ва бошқа жамоат бирлашмаларидан мустақил ҳолда фаолият юритиши белгилаб қўйилган. Бу эса амалиётда одил судловни холис, юқори савияда амалга ошириш имконини беради. Конституциямизнинг 112-моддасида ҳам шунга алоҳида эътибор қаратилган. Яъни, “Судьялар мустақилдирлар, фақат қонунга бўйсунадилар. Судьяларнинг одил судловни амалга ошириш борасидаги фаолиятига бирон-бир тарзда аралашишга йўл қўйилмайди ва бундай аралашиш қонунга мувофиқ жавобгарликка сабаб бўлади”, деган норма ўрнатилган бўлса, ушбу нормани изчил хаётга тадбиқ этиш мақсадида, юқоридаги Фармоннинг 1-бандида “Суд ҳокимиятининг мустақиллиги тўғрисидаги конституциявий нормаларга ва одил судловни амалга ошириш фаолиятига аралашганлик учун жавобгарликнинг муқаррарлиги принципига оғишмай амал қилиниши”ни таъминлаш белгиланди.

Конституциямизда, аввало, ҳар бир шахсга ўз ҳуқуқ ва эркинликларини суд орқали ҳимоя қилиш, давлат органлари, мансабдор шахслар, жамоат бирлашмаларининг ғайриқонуний хатти-ҳаракатлари устидан судга шикоят қилиш ҳуқуқини кафолатлашга катта эътибор қаратилди. Шу мақсадда суд ишларини юритишнинг процессуал тартибини соддалаштириш, жиноий жазоларни либераллаштириш, одил судлов ҳимоясидан фойдаланиш имкониятини кенгайтириш, миллий қонунчилигимизни дунё стандартлари, халқаро ҳуқуқ нормаларига мослаштиришга қаратилган муайян чоралар кўрилди.

Мисол учун, 1993 йилда қабул қилинган “Судлар тўғрисида”ги Қонун одил судловни амалга оширишда ҳуқуқий асос бўлиш билан бирга, суд мустақиллигини таъминлаш учун ҳам мустаҳкам замин яратди. 2000 йилда ушбу қонунга киритилган ўзгартиш ва қўшимчаларга кўра, умумий юрисдикция судлари ихтисослаштирилиб, фуқаролик ва жиноят ишлари бўйича судлар ташкил этилди. Бу эса уларнинг жиноят ва фуқаролик ишларини малакали асосда кўриб чиқиш, инсон ҳуқуқ ва эркинликларини тўлиқ ва ҳар томонлама ҳимоя қилиш бўйича фаолияти самарадорлигини оширишга хизмат қилмоқда.

Мазкур йўналишдаги ислоҳотларни мантиқан давом эттириш мақсадида Фармоннинг олтинчи бандида фуқаролик, жиноят ишлари бўйича судлар ва хўжалик судларининг ваколатларини қайта кўриб чиқиш йўли билан маъмурий судларни ташкил этиш белгилаб қўйилди.

Жиноят-процессуал қонунчилигига апелляция институти киритилиши ҳам жамиятимиз ҳаётида муҳим воқеа бўлди. Зеро, мазкур институт суднинг қонуний кучга кирмаган ҳукмлар устидан берилган шикоят, протестларини тўлиқ текшириш, қўшимча тақдим қилинган далил ва ҳужжатлар асосида иш учун аҳамиятли бўлган ҳолатларни аниқлаш, ишни биринчи инстанция судига янгитдан кўришга юбормасдан, йўл қўйилган камчиликни тузатиш, процессуал қонун бузилиши ҳолларини бартараф этиш, ҳукмни тўлдириб, ўзгаришсиз қолдириш ёки суд ҳукмини бекор қилиб, қонуний асослар мавжуд бўлганда, оқлов ҳукми чиқариш борасидаги ваколатларини янада кенгайтирди. Ўтган йиллар давомида юзлаб жиноят ишлари белгиланган муддатларда ҳал қилиниб, қонуний тўхтамга келишга эришилганлиги ҳам бу институт нечоғли аҳамиятга эга эканлигини кўрсатди. Аммо, кейинги йилларда жиноят ишларини судда кўриш амалиётида оқлов ҳукми чиқарилмасдан, тергов жараёнидаги камчиликлар инобатга олинган ҳолда жиноят ишларини қўшимча терговга қайтариш ёки суднинг айблов ҳукми чиқарилиши билан якунланган. Бунга, асосан мамлакатимизнинг жиноят ва жиноят процессуал қонунчилигида суд процесси давомида терговнинг тўлиқ эмаслигини суд муҳокамаси жараёнида тўлдириш механизмларининг мавжуд эмаслиги сабаб бўлган. Ушбу камчиликларни бартараф этиш мақсадида Фармон билан 2017 йил 1 апрелдан терговнинг тўлиқ эмаслигини суд муҳокамаси жараёнида тўлдириш механизмларини жорий этиш орқали суд томонидан жиноят ишини қўшимча тергов юритишга қайтариш институтини бекор қилиш назарда тутилмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Конституцияси нормалари асосида “Жиноий жазоларнинг либераллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикаси Жиноят, Жиноят-процессуал кодекслари ҳамда Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш ҳақида”ги Қонуннинг қабул қилиниши ҳам суд-ҳуқуқ ислоҳотларида муҳим ўрин тутди. Унга кўра, жиноятлар таснифи тубдан ўзгарди. Аёллар ва ёши 60 дан ошган эркакларга нисбатан озодликдан маҳрум қилиш тариқасидаги жазо турининг энг кўп муддати муайян жиноят учун қонунда назарда тутилган энг кўп муддатнинг тўртдан уч қисмидан ортиқ бўлмаслиги белгиланди. Шу билан бирга, жиноят қонунчилигидан мол-мулкни мусодара қилиш тартиби чиқариб ташланди. Бу эса жиноят қонунчилигини либераллаштиришнинг муҳим кўринишларидан бири бўлиб, мазкур янгилик хусусий мулк дахлсизлиги тўғрисидаги конституциявий қоидага тўлиқ мос келади. Фармонга асосан бу борадаги ислоҳотлар изчил давом эттирилиб, 2017 йил 1 апрелдан бошлаб:

озодликдан маҳрум қилиш билан боғлиқ бўлмаган муқобил жазо турларини қўллашни кенгайтириш орқали қамоқ тариқасидаги жиноий жазо тугатилиши;

жиноятни содир этишда гумон қилинган шахсларни ушлаб туриш муддати 72 соатдан 48 соатга қисқартирилиши;

қамоққа олиш ва уй қамоғи тарзидаги эҳтиёт чораларини қўллашнинг, шунингдек дастлабки терговнинг энг кўп муддати 1 йилдан 7 ойга қисқартирилиши;

судларга қамоққа олиш ёки уй қамоғи тарзидаги эҳтиёт чорасини қўллаш рад этилганда муқобил эҳтиёт чораларини қўллаш ҳуқуқи берилиши назарда тутилмоқда.

Коснтитуциямизда инсонпарварлик тамойиллари етакчилик қилиши ҳеч кимга сир эмас. У асосида қабул қилинаётган қонун ҳужжатлари ҳамда амалга оширилаётган ислоҳотлар мазмун-моҳиятида ушбу тамойил устувор эканлиги кўзга яққол ташланиб туради. Жумладан, 2008 йилнинг январидан юртимизда ўлим жазоси бекор қилиниши ижтимоий-сиёсий аҳамиятга эга муҳим воқеа бўлди. Унинг ўрнига умрбод ёки узоқ муддатли озодликдан маҳрум қилиш жазоси жорий этилди. Айни чоғда қамоққа олишга санкция бериш ҳуқуқи судларга ўтказилиб, фуқаролар ҳуқуқ ва эркинликлари суд қарорисиз чеклаб қўйилмаслигини таъминловчи ҳуқуқий механизм яратилди. Ҳозирги пайтда бу механизм фуқароларнинг конституциявий ҳуқуқ ва эркинликларини тўла таъминлашда муҳим аҳамият касб этмоқда.

Фармон билан санкция бериш ҳуқуқини судларга ўтказиш амалиёти янада кенгайтирилиб, жумладан, почта-телеграф жўнатмаларини хатлаб қўйиш ва эксгумация қилиш учун санкция бериш ҳуқуқи судларга ўтказилиши ҳам назарда тутилмоқда.

Асосий Қонунимиздаги инсонпарварлик тамойилига мос суд-ҳуқуқ тизими ислоҳотларидан яна бири, шубҳасиз, суд амалиётига ярашув институтининг жорий этилишидир. Бу янгилик миллий урф-одатларимиз ва умуминсоний қадриятларга мослиги билан ҳам эътиборга молик. Унга кўра, ижтимоий хавфи катта бўлмаган жиноий қилмишни содир этган шахс жабрланувчига етказган зарарни қоплаган тақдирда, жиноий жавобгарликка тортилмайдиган бўлди. Фармонга асосан, томонларнинг ярашганлиги муносабати билан жиноий жавобгарликдан озод қилиш институтини янада кенгайтириш белгилаб қўйилди.

Умуман, мазкур Фармон суд-ҳуқуқ тизими ислоҳотларида янги даврни, сифат босқичини бошлаб беради. Зеро, мазкур дастуриламал ҳужжат асосида ишлаб чиқиладиган қонун ва бошқа норматив ҳуқуқий ҳужжатлар суд ҳокимияти мустақиллигини янада мустаҳкамлашга, одил судловни таъминлашга, фуқаролар ҳақ-ҳуқуқларини ишончли ҳимоя қилинишини кафолатлашга, пировардида мамлакатимиз тинчлиги ва халқимиз осуда хаётининг бардавомлигини таъминлашга хизмат қилади.

Х.Маматов, Самарқанд вилоят адлия бошқармаси бошлиғи, юридик фанлари доктори, доцент