Найранг

Дата: 08.11.2016    

...Кенжа қизи бахтидан тинмади. Икки маротаба турмуш қилди-ю, ногиронлиги панд бериб яшаб кета олмади. Ёши бир жойга бориб қолган ота ўзидан кейин қизининг кўз ёши оқмасин деб, пешона-тери билан қурган ҳовлисини васият қилиб берди. Отанинг юзидан ўта олмаган беш ўғил ўшанда қаршилик қилишмади. Ҳамма ўйин ота вафотидан кейин бошланди. Ўзига тўқ, топармон-тутармон ўғилларнинг нафси ҳакалак отиб, ҳовлидан улуш ундириш учун ногирон сингилга ҳужумга ўтишди. Ёз-ёз бошланди. Лекин ҳар сафар иш сингил фойдасига ҳал бўларди. Ётиб қолгунча отиб қол, деганларидек, акалар келишиб улуш олишнинг бошқа усулига ўтишди. Улар отамизнинг ҳовлисида бизнинг ҳам ҳаққимиз бор, шу туфайли биттамизнинг фарзандимиз оиласи билан кўчиб келиб бир бўлагида яшайди, деб туриб олишди. Бу ҳам етмаганидек, ҳовлига рўйхатга қўясан, деб талаб қўйишди. Юзхотир қилган сингил кўнгилчанлик қилиб жиянини онаси билан уй дафтаридан рўйхатдан ўтказди. Орадан кўп вақт ўтмай, ҳовлининг тенг ярмидан кўпига даъвогарлик қилиб, ўзининг жия­ни амакиларининг кўрсатмаси билан ногирон холасини судга берди.

Суд анча давом этди. Марҳум отанинг васият қилган ҳовли-жойи қонун бўйича ногирон холанинг фойдасига ҳал бўлди. Акаларнинг бу гал ҳам найранги ўтмади.

Бу каби машмашаларни эшитиб баъзида ҳайрон қоласан киши. Ахир дунёда меҳр-оқибат, ака-укачилик, жигаргўшалик деган гаплар бор. Наҳотки, бир қориндан талашиб тушган қариндошлар пасткашликдан тоймасалар. Мол-дунё топилади. Лекин инсон топилмайди-ку! Бундан ташқари, халқимизда “Ота рози, худо рози”, деган гап бор.

Гарчанд акалар инсонийлик қиёфаларини йўқотиб, ногирон синглисидан ҳовли-жойини тортиб олишга қанчалик ҳаракат қилишмасин, бари бефойда. Чунки қонун — қонунда. Ота тириклигида берилган васият хатини ҳеч ким буза олмайди.

Давлат нотариал идоралари томонидан тасдиқланадиган ҳар бир ҳужжат қонуний кучга эга. Чунки бирор бир ҳужжат тайёрлашдан олдин фуқароларга унинг белгиланган қонун-қоидалари обдан тушунтирилади. Шошмашошарликка йўл қўйилмаслиги учун маълум муддатлар берилиши тушунтирилади. Шундай бўлса ҳам айрим кишилар бундан норози бўлиб ҳар томонга елиб-югуришади. Бироқ, минг афсуски, қонун олдида ҳеч қандай найранг ўтмайди.

Ж.Ҳолиқов, Каттақўрғон шаҳар 3-сон ДНИ нотариуси