Одоб - оила кўзгуси

Дата: 15.11.2016    

Азал-азалдан халқимиз оила ­қўрғонининг мустаҳкам бўлишида одобнинг аҳамияти беқиёс эканлигини таъкидлаб келган. Айниқса, оилада аёлнинг одоби, тарбиялилиги жуда зарур. Аёл бахтли яшайман, деса, авваламбор, ўз турмуш ўртоғининг ҳурмат-иззатини жойига қўйиши керак. Чунки эр киши оила сарбони, у ўз оиласининг ­боқувчиси ва ­суянчидир.

Қарияларимиз бежиз қиз бола узатилаётганда: “Болам, тушган жойингда тош қот”, деб дуо қилмайди. Бу дегани турмушга чиқаётган қиз келинлик мартабасига эришиш учун ҳаёли, иболи, садоқатли ва энг муҳими, сабр-қаноатли бўлиши талаб этилади. Яна бир гап. Халқимизда “Чиққан қиз, чиғириқдан ташқари”, деган ҳикмат бор. Бунда бахти очилиб, бир хонадонга келин бўлиб тушган қизнинг ортга қайтиши хосиятли эмаслиги назарда тутилган. Яхши ният билан оила қургандан кейин унинг бутлиги учун одоб-ахлоқ сув билан ҳаводек зарур.

Ўз навбатида, эркакнинг олдида ҳам оилани сақлаш, уни мустаҳкам қўрғонга айлантиришда ўз вазифаси ва масъулияти бор.

Надоматлар бўлсинки, ҳозирда айрим ёшларимиз оила одобининг мазмун-моҳиятига айтарли даражада тушунмаяптилар. Энг ёмони, улар оила бир умрга қурилишининг фаҳмига етмаяптилар. Ёшлик қилибми ёхуд эрка­лик қилибми оила одобини унутиб қўймоқдалар. Ёш оилага ҳам бир-бирига ўрганиб, ўзаро тил топиши учун вақт керак. Шу­ни унутмаслик керак. Бузиш­ осон, лекин қуриш қийин, дейдилар ахир. Касбим тақозосига кўра кўп қўйди-чиқди, ажралишларнинг гуво­­ҳ­­и бўл­ганман. Айрим ҳолларда ажрашган ёш оилаларда оила одоби йўқлиги яъни ўзаро ҳурмат-иззатга дарз кетганлиги сабаб бўлмоқда.

Яқинда туман Хотин-қизлар қўмитаси вакили билан бирга ёш оиланинг ажралишида иштирок этишимга тўғри келди.­ Келин-куёв, қайнота ва қайнонанинг бир-бирларига бўл­ган муносабатини кўриб ҳайратда қолдим. Улар бир-бирини куракда турмас сўзлар билан ҳақо­рат қилди. Эндигина йигирмага кирган­ келиннинг одобсизлиги, унинг оғзидан чиқаётган ноўрин гапларига чидаб бўлмас эди. Энг ёмони, қизнинг бу хатти-ҳаракатини кўрган отаси миқ этмай турганлиги кишининг аламини келтиради. Қани оиладаги тарбия, қани қу­дачилик одоби. Ахир одоб оила кўзгуси, буни унутмаслик керак.

Ш.Розиқова, Нуробод туман ФҲДЁ бўлими мудираси