Ислоҳотлар халқ манфаати учун!

Дата: 16.11.2016    

Халқимизнинг азалий орзу-умидлари ушалган, ўтган асрнинг ғам-андуҳлари тарқалиб, фаровон турмуш-тарзига одатланган бир даврда давлатимиз томонидан янгидан-янги тажрибаларга эга норматив ҳуқуқий ҳужжатларнинг қабул қилиниши нур устига аъло нур бўлмоқда. Зеро Биринчи Президентимиз И.А.Каримов кўп бора таъкидлаганларидек, халқнинг дуосини олиш, уни рози қилиб ишончини қозониш жуда машаққатли вазифа ва юксак маъсулият эканлиги, ислоҳотларнинг моҳияти айнан халқ манфаати, унинг порлоқ истиқболи учун хизмат қилмоғи даркоклиги ҳаммамизга маълум. Бу борада Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 1 апрелдан амалда татбиқ этилиши кўзда тутилган “Суд-ҳуқуқ тизимини янада ислоҳ қилиш, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ишончли ҳимоя қилиш кафолатларини кучайтириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони юқоридаги сўзимиз исботидир.

Ҳар бир шахсга Конституциямизда белгиланган ўз ҳуқуқ-манфаатларини ҳимоя қилиш, давлат органлари, мансабдор шахслар, жамоат бирлашмаларининг ғайриқонуний хатти-ҳаракатлари устидан судга шикоят қилиш борасидаги масалаларнинг мукаммал ечим топиши, одил судловнинг амалга оширилиши ҳамда судъяларимиз қабул қилаётган қарорларнинг адолатлиги ва бошқа ҳеч қандай ножўя фикрлар келиб чиқишига ўрин қолдирмаслик мақсадида ушбу фармоннинг мазмун моҳиятини тушуниш муҳим ҳисобланади. Жумладан. судда иш юритиш тезкорлиги ҳамда сифатини ошириш, якуний қарор қабул қилиш муддатининг кечиктирилишини бартараф этиш мақсадида судларнинг жиноят ишини қўшимча терговга қайтариш институти бекор қилинди. Фуқароларнинг кўплаб мурожаатлари ўз вақтида, кечиктирилмасдан ҳал қилиниши учун Фуқаролик иши бўйича суд қарорини назорат тартибида қайта кўриб чиқиш имкониятини берувчи муддат 3 йилдан 1 йилга қисқартирилди. Хабеас корпуси институтини қўллашни кенгайтириш яъни шахснинг ҳар томонлама дахлсизлигини таъминлаш, унинг шахсий ҳаётига қонун йўл қўйган ҳолатлардан ташқари аралашишга йўл қўймаслик, фуқароларнинг шаъни, қадр-қимматини ҳурмат қилинишини мукаммал қарор топтириш масаласига алоҳида эътибор қаратилди. Бу борада почта ва телеграф жўнатмаларини хатлаб қўйиш, мурдани эксгумация қилиш каби ҳаракатларни ўтказишга санкция бериш ваколати прокуратура органидан судларга ўтказилди. Бундан ташқари, шахсий мулкнинг дахлсиз эканлиги қатъий белгиланиб, мол-мулкни мусодара қилиш тартиби жиноят қонунчилигдан чиқарилди. Бу эса ўз навбатида инсонпарварлик принципининг реал исботи бўлиб, жиноят қонунчилигида катта янгилик бўлди десак муболаға бўлмайди.

Шахсга нисбатан қўлланилган жазонинг асл моҳияти уни жисмонан азоб чекишга маҳкум қилиш эмас, аксинча унинг ахлоқан тузалишига эришиш ва тўғри йўлга бошлаш каби эзгу мақсадларнинг ифодаси эканлигини тушунмоғимиз даркор. Шу сабабдан юқорида назарда тутилган Фармон моҳиятига кўра, аёллар ва ёши 60 дан ошган эркакларга нисбатан озодликдан маҳрум қилиш тариқасидаги жазо турининг энг кўп муддати муайян жиноят учун қонунда назарда тутилган энг кўп муддатнинг тўртдан уч қисмидан ортиқ бўлмаслиги белгиланди. Қамоқ тарзидаги жазо тури тугатилиб, унинг ўрнига озодликдан маҳрум қилиш билан боғлиқ бўлмаган муқобил жазо турларини қўллаш имкониятини кенгайтириш, жиноят қилишда гумон қилинаётган шахснинг ушлаб туриш муддати 72 соатдан 48 соатга камайтириш, дастлабки тергов муддатини энг кўпи 1 йилдан 7 ойга қисқартирилиши қатъий белгиланди. Муҳими, ўзбек ҳалқига хос бўлган эзгулик, кечиримлилик ва раҳмдиллик хусусиятларини инобатга олиб, ярашув институтини жиноят процессида қўллашни янада кенгайтириш масаласи алоҳида кўриб чиқилди ва келгусида қонунчилигимизда бу каби ҳолатларни қўллаш тартиби мукаммалашиши таъкидланди.

Хулоса қилиб, шуни аниқ айтишимиз мумкинки, бугунги кунда амалга оширилаётган улкан ислоҳотлар аввало ҳуқуқий демократик давлат қуриш, эркин ва фаровон фуқаролик жамиятини шакллантириш, қолаверса асл ўзбек халқининг чинакам эзгу истакларини рўёбга чиқариш йўлида энг муҳим омил бўлиб хизмат қилмоқда.

А.Примов, Самарқанд вилоят Адлия бошқармаси масъул ходими