Ижара шартномаларини нотариал расмийлаштириш тартиби

Дата: 25.11.2016    

ИЖАРА-шартнома асосида ерга, бошқа табиий ресурсларга, шунингдек хўжалик фаолиятини ва ўзга фаолиятни мустақил равишда амалга ошириш учун ижарачига зарур бўлган мол-мулкка ҳақ эвазига муддатли эгалик қилиш ва ундан фойдаланишдан иборатдир. Ижара Ўзбекистон Республикаси қонун хўжжатларида ман этилмаган фаолиятнинг ҳамма сохасида мулкчиликнинг барча шакл ва туридаги мол-мулкига нисбатан қўлланиши мумкин.

Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик Кодексининг 34-боби Мулк ижарасига бағишланган.

Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик Кодексининг 535-моддаси “Ижара”га оид бўлиб, “мулк ижараси шартномаси” тарзида номланган, унга кўра ижарага берувчи ижарага олувчига ҳақ эвазига мол-мулкни вақтинча эгалик қилиш ва фойдаланиш ёки фойдаланиш учун топшириш мажбуриятини олади деб тушунча берилган.

Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик Кодексининг ижарага бағишланган ушбу бобида, ижарага олувчининг ижарага олинган мол-мулкдан олинадиган маҳсулот, мевалар ва даромадларга бўлган мулк ҳуқуқи, мулк ижарасининг объектлари, ижарага берувчи, мулк ижараси шартномасининг шакли, мулк ижараси шартномасининг муддати, ижарага олувчига мол-мулкни топшириш, ижарага топширилган мол-мулкдаги камчиликлар учун ижарага берувчининг жавобгарлиги, ижарага топширилаётган мол-мулкка нисбатан учинчи шахсларнинг ҳуқуқлари, мол-мулкдан фойдаланганлик учун ҳақ тўлаш, ижарага олинган мол-мулкдан фойдаланиш, ижарага олинган мол-мулкни тасарруф қилиш, ижарага берувчининг ижарага олинган мол-мулкни сақлаш мажбуриятлари, ижарага олувчининг ижарага олинган мол-мулкни сақлаш мажбуриятлари, тарафлар ўзгарганда мол-мулк ижараси шартномасининг ўз кучида қолиши, мулк ижараси шартномаси муддатидан олдин бекор қилинганида иккиламчи ижара шартномасининг бекор бўлиши, ижарага берувчининг талаби бўйича мулк ижараси шартномасини муддатидан олдин бекор қилиш, ижарага олувчининг талаби билан мулк ижараси шартномасини муддатидан олдин бекор қилиш, янги муддатга мулк ижараси шартномаси тузишда ижарага олувчининг имтиёзли ҳуқуқи, мол-мулкни ижарага берувчига қайтариш, ижарага олинган мол-мулкни яхшилаш, ижарага олинган мол-мулкни сотиб олиш, мулк ижараси айрим турларининг ва айрим турдаги мол-мулкни ижарага беришнинг хусусиятлари деб номланган моддалар акс эттирилган бўлиб, ушбу моддаларда ижара шартномаси тузилгандан сўнг юзага келадиган ҳуқу ва мажбуриятлар акс эттирилган.

Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик Кодексининг 536-557-моддаларига мувофиқ, агар қонун ёки мулк ижара шартномасида бошқача тартиб назарда тутилган бўлмаса, ижарага олувчи ижарага олинган мол-мулкдан фойдаланиш натижасида оладиган маҳсулот, мева ва бошқа даромадлар унинг мулки ҳисобланади. Ер участкалари, ер ости бойликлари жойлашган участкалар ва бошқа алоҳида табиий объектлар, корхоналар ва бошқа мулкий комплекслар, бинолар, иншоотлар, ускуналар, транспорт воситалари ва фойдаланиш жараёнида ўзининг табиий хусусиятларини йўқотмайдиган бошқа ашёлар (истеъмол қилинмайдиган ашйлар) мулк ижарасига берилиши мумкин Мол-мулкини ижарага ижарага бериш ҳуқуқи шу мол-мулк эгасига тегишлидир. Қонун ёки мулкдор томонидан мол-мулкни ижарага бериш ваколати берилган бошқа шахслар ҳам ижарага берувчи бўлиши мумкин.

Мулк ижараси шартномаси бир йилдан ортиқ муддатга мўлжалланган бўлса, тарафлардан бирортаси юридик шахс бўлганда эса, муддатидан қатъи назар, ёзма шаклда тузилиши шарт. Кўчмас мулк шартномаси давлат рўйхатидан ўтказилиши лозим. Мулк ҳуқуқининг келгусида ижарачига ўтишини назарда тутувчи мулк ижараси шартномаси бундай мулкнинг олди-сотди шартномаси учун назарда тутилган шаклда тузилади. Шартнома унда белгиланган муддатга тузилади. Агар шартномада муддат белгиланмаган бўлса, шартнома номуайян муддатга тузилган хисобланади.

Бунда тарафлардан ҳар бири бошқа тарафни бир ой олдин, кўчмас мулк ижрарасида эса уч ой олдин ёзма равишда огоҳлантириб, истаган пайтда шартномадан воз кечиши мумкин. Қонун ёки шартномада номуайян муддатга тузилган мулк ижараси шартномасини бекор қилиш ҳақида олдиндан огоҳлантиришнинг бошқа муддатлари ҳам белгилабқўйилиши мумкин. Ижарага берувчи ижарага олувчига мол-мулкни шартнома шартлари ва мол-мулкнинг вазифасига мувофиқ ҳолатда топшириши лозим. Мол-мулкни топширишга тайёрлаш, шу жумладан топшириш далолатномасини тузиш ва имзолашга тақдим этиш ижарага берувчининг бурчи бўлиб, унинг ҳисобидан амалга оширилади.

“Нотариуслар томонидан нотариал ҳаракатларни амалга ошириш тартиби тўғрисида йўриқнома” нинг 10-§ “Мулк ижараси шартномаларини тасдиқлаш” ва 11-§ “Кўчмас мулк ижараси шартномаларини тасдиқлаш” деб номланган бўлиб, ушбу параграфда, мулк ижараси ва кўчмас мулк ижараси шартномаларини нотариуслар томонидан тасдиқланиши учун лозим бўлган хужжатлар жамланмаси кўрсатилган.

Ўзбекистон Республикаси адлия вазирининг 2015 йил 22 декабрдаги 376-мҳ-сонли буйруғи (рўйхат рақами 2090-10) билан “Нотариуслар томонидан нотариал ҳаракатларни амалга ошириш тартиби тўғрисида йўриқнома” нинг мулк ижарасига бағишланган параграфларига ўзгартириш киритилиб, мулк ижраси билан боғлиқ бўлган ижара шартномасини расмийлаштириш учун зарур бўлган хужжатлар рўйхати бир мунча қисқартирилди.

Бундан ташқари, “Ўзбекистон Республикаси консуллик муассасаларининг консуллари томонидан нотариал ҳаракатларни амалга ошириш тартиби тўғрисидаги йўриқнома” нинг 4-§ “Мулк ижараси шартномаларини тасдиқлаш” деб номланган ва консуллар томонидан мулк ижараси шартномасини тузиш учун зарур бўлган хужжатлар йиғинидиси акс эттирилган.

М.Набиева, Пастдарғом туман 3-сон ДНИ нотариуси