Конституциявий сайлов тизими

Дата: 28.11.2016    

Сайловлар бу халқнинг ўз хоҳиш-иродасини эркин ифода этишини, фуқароларнинг давлат ва жамият бошқарувидаги иштирокини ҳамда мамлакатда амалда бўлган ҳуқуқий нормаларни демократик принципларга мослигини акс эттирувчи муҳим сиёсий жараён ҳисобланади.

Сайлов ҳуқуқи эса конституциявий ҳуқуқнинг муҳим институтларидан биридир. Сайлов ҳуқуқининг асосий принциплари одатда асосий қонунларда (конституция), кўпинча эса сайловлар ҳақидаги махсус қонунларда мустаҳкамлаб қўйилади. Масалан, Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 117-моддаси айнан сайлов тизимига бағишланган. Шунингдек, «Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисига сайлов тўғрисида» ги, «Ҳалқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгашларига сайлов тўғрисида»ги, «Марказий сайлов комиссияси тўғрисида»ги ва «Фуқаролар сайлов ҳуқуқларининг кафолатлари тўғрисида»ги қонунлар бевосита сайлов ҳуқуқини тартибга солувчи қонунлардир.

Сайлов тушунчаси вакиллик органини овоз бериш йўли билан ташкил топтириш тартибидир. Вакиллик органларини сайлаш жараёнида вужудга келадиган муносабатларни тартибга солувчи ҳуқуқий нормалар йиғиндиси сайлов ҳуқуқи деб аталади.

Ўзбекистонда сайлов ҳуқуқининг асосий манбаи конституциявий нормалардир. Конституциянинг 7-моддасида «халқ давлат ҳокимиятининг бирдан-бир манбаидир» деб эътироф этилган. Ўзбекистон Республикасида давлат ҳокимияти халқ манфаатларини кўзлаб ва Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ҳамда унинг асосида қабул қилинган қонунлар ваколат берган идоралар томонидангина амалга оширилади.

Конституцияга биноан «Ўзбекистон халқи номидан фақат у сайлаган Республика Олий Мажлиси ва Президенти иш олиб бориши мумкин. Жамиятнинг бирон-бир қисми, сиёсий партия, жамоат бирлашмаси, ижтимоий ҳаракат ёки алоҳида шахс Ўзбекистон халқи номидан иш олиб боришга ҳақли эмас.

Конституциямизнинг 117-моддасига биноан, Ўзбекистон Республикасининг фуқаролари сайлаш ва сайланиш ҳуқуқига эгадирлар. Ҳар бир сайловчи бир овозга эга. Овоз бериш ҳуқуқи, ўз хоҳиш-иродасини билдириш тенглиги ва эркинлиги қонун билан кафолатланади.

Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатасига ҳамда Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесига, вилоятлар, туманлар, шаҳарлар давлат ҳокимияти вакиллик органларига сайлов тегишинча уларнинг конституциявий ваколати муддати тугайдиган йилда-декабрь ойи учинчи ўн кунлигининг биринчи якшанбасида ўтказилади. Сайловлар умумий, тенг ва тўғридан-тўғри сайлов ҳуқуқи асосида яширин овоз бериш йўли билан ўтказилади. Ўзбекистон Республикасининг ўн саккиз ёшга тўлган фуқаролари сайлаш ҳуқуқига эгадирлар.

Суд томонидан муомалага лаёқатсиз деб топилган фуқаролар, шунингдек, суд ҳукмига кўра, озодликдан маҳрум этиш жойларида сақланаётган шахслар сайланиши мумкин эмас ва сайловда қатнашмайдилар.

Ўзбекистонда ҳар бир фуқаро сиёсий ҳуқуқини сайлов орқали рўёбга чиқаради. Бунинг маъноси шундан иборатки, Ўзбекистон Республикаси фуқаролари ўзлари сайлаб қўйган вакиллари, вакиллик органлари бўлмиш қонун чиқарувчи орган – Олий Мажлис, халқ депутатлари тегишли Кенгашлари ҳамда фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари орқали давлат ишларини бошқаришда иштирок этадилар.

Хулоса тариқасида таъкидлаш жоизки, сайлов институти давлат ҳокимияти ишларини ташкил қилишда фуқаро ишрокини таъминловчи муҳим омиллардан бири ҳисобланади.

Ш.Бахрамов Самарқанд вилоят адлия бошқармаси маъсул ходими