Конституция ва қуқаролик жамияти

Дата: 01.12.2016    

Мустақиллик, фуқаролик жамияти ва демократия тушунчалари ўртасидаги узвий алоқадорлик муҳим аҳамиятга эга. Зеро, мустақил мамлакатни демократик ҳуқуқий давлат ва кучли фуқаролик жамияти институтларисиз тасаввур этиб бўлмайди. Шу боис юртимизда истиқлолнинг илк кунлариданоқ демократик янгиланиш, эркин фуқаролик жамиятини қуриш йўли танлаб олинди.

Биринчи Президентимиз Ислом Каримов таъбири билан айтганда, бу йўлни ҳар ким ўзига хос йўсинда босиб ўтади. Ўзбекистон демократиянинг фундаментал тамойилларига асосланган, уларга қатъий риоя этган ҳолда, айни пайтда ўз ҳаракатларини халқимизнинг тафаккури, неча минг йиллик турмуш тарзи билан мувофиқ равишда олиб бормоқда.

Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси – юртимизда янги ҳаёт, янги жамият барпо этишнинг ҳуқуқий пойдевори бўлиб хизмат қилмоқда.

Шуниси диққатга сазоворки, олдимизга қўйилган асосий мақсад ва устувор вазифалар мамлакатимизни эркинлаштириш ва модернизация қилиш борасида узоқни кўзлайдиган “Кучли давлатдан – кучли фуқаролик жамияти сари” тамойилига асосланган. Бу – демократик ислоҳотларимиз изчил ва тадрижий, босқичма-босқич ва узлуксиз тизимли жараён эканининг яна бир исботидир.

“Фуқаролик жамияти” деган тушунчанинг туб илдизлари халқимизнинг неча минг йиллик олис тарихига бориб тақалиши айни ҳақиқатдир. Фуқаролик жамиятининг ноёб ва бетакрор миллий институти бўлмиш фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, жумладан, миллий демократия мактаби – маҳаллалар фақат бизнинг халқимиз турмуш тарзига, жамиятимиз ҳаётигагина хос экани ҳам шундан далолат беради.

Шу ўринда савол туғилади: фуқаролик жамияти институтлари нима ва улар жумласига қандай ташкилотлар киради?

Биринчидан, Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, маҳаллалар, сиёсий партиялар, оммавий ҳаракатлар, касаба уюшмалари, жамоат бирлашмалари ва жамоат фондлари, нодавлат нотижорат ташкилотлари фуқаролик жамиятининг нафақат асосини ташкил этадиган, балки мазмун-моҳиятини ҳам белгилаб берадиган фуқаролик институтлари сирасига киради.

Иккинчидан, Фуқаролик жамияти институтлари мақсад ва вазифаларининг асосий йўналиши мамлакатимизда демократик қадриятлар ва тамойиллар, инсон ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилишдан иборатдир.

Фуқаролик институтлари, биринчи навбатда, аҳолининг ижтимоий фаоллигини оширишда, миллий ўзликни англашда, жамият аъзоларининг сиёсий маданияти ва маънавий дунёқарашини юксалтиришда кўмаклашмоғи зарур.

Улар кишиларимиз ҳеч кимдан кам эмаслиги ва ҳеч кимдан кам бўлмаслигини ҳис этиб яшашида, мустақил фикр-мушоҳада юритишида, ўз салоҳияти ва қобилиятидан самарали фойдаланишида, бир сўз билан айтганда, буюк келажакни барпо этишга қаратилган барча саъй-ҳаракаталарида ҳамюртларимизга камарбаста бўлмоғи даркор.

Учинчидан, Асосий Қонунимиз олтита бўлимдан иборат бўлиб, унинг учинчи бўлими – “Жамият ва шахс” деб номланган ва фуқаролик жамиятининг анъаналарини тиклаш, жамоат бирлашмалари, сиёсий партиялар, оммавий ахборот воситалари мақомини ҳуқуқий тарзда расмийлаштириш, уларнинг реал ва барқарор ривожланишини таъминлашга қаратилган конституциявий қоидалардан ташкил топган.

Конституциямизнинг 34-моддасида фуқароларнинг жамоат бирлашмаларига уюшиш каби конституциявий ҳуқуқий мустаҳкамлаб қўйилган.

Тўртинчидан, Фуқаролик жамияти институтлари фаолиятида демократик қадриятлар, инсон ҳуқуқлари ва эркинликлари, кишиларнинг қонуний манфаатлари ҳимояси алоҳида устувор аҳамият касб этиши шарт. Бизнинг фуқаролик жамияти институтларини ривожлантиришдан мақсадимиз, аввало, кишиларимиз онгига демократик қадриятларни ва кўникмаларни изчиллик билан сингдириб боришдир.

Бунинг замирида ўз ҳақ-ҳуқуқларини танийдиган, ўз кучи ва қобилиятига таяниб яшайдиган, атрофида рўй бераётган воқеа-ҳодисаларга мустақил муносабатда бўладиган, шу билан бирга, ўз шахсий манфаатларини мамлакат ва халқ манфаатлари билан уйғун ҳолда кўрадиган юксак маънавиятли шахсни шакллантириш учун барча зарур шарт-шароитларни яратишга қаратилган саъй-ҳаракатлар мужассамдир.

Бешинчидан, Асосий Қонунимизда алоҳида, XIII боб ва 7 та модда бевосита жамоат бирлашмаларининг ҳуқуқ ва мажбуриятларига бағишлаганини таъкидлаш жоиз. Хусусан, “Давлат жамоат бирлашмаларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларига риоя этилишини таъминлайди, уларга ижтимоий ҳаётда иштирок этиш учун тенг ҳуқуқий имкониятлар яратиб беради. Давлат органлари ва мансабдор шахсларнинг жамоат бирлашмалари фаолиятига аралашишига, шунингдек жамоат бирлашмаларининг давлат органлари ва мансабдор шахслар фаолиятига аралашишига йўл қўйилмайди (Конституция, 58-модда).

Президентимизнинг Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси ва Сенатининг 2010 йил 12 ноябрда бўлиб ўтган қўшма мажлисидаги маърузасида таъкидланганидек: “Фуқаролик институтлари, нодавлат нотижорат ташкилотлари ҳозирги кунда демократик қадриятлар, инсон ҳуқуқ ва эркинликлари ҳамда қонуний манфаатларини ҳимоя қилишнинг муҳим омилига айланмоқда, фуқароларнинг ўз салоҳиятларини рўёбга чиқариши, уларнинг ижтимоий, социал-иқтисодий фаоллиги ва ҳуқуқий маданиятини ошириш учун шароит яратмоқда, жамиятда манфаатлар мувозанатини таъминлашга кўмаклашмоқда.

Буларнинг барчаси давлатни давлат, миллатни миллат сифатида дунёга танитаётган буюк Қомусномамиз – Ўзбекистон Республикаси Конституцияси шарофати туфайлидир.

М.Облоқулов, Самарқанд вилоят адлия бошқармаси масъул ходими