Суд-ҳуқуқ ислохотлари фуқароларнинг ҳуқуқлари ва эркинликлари ҳимоясида

Дата: 07.12.2016    

Юртимизда мустақилликнинг дастлабки кунларидаёқ барча жабҳада қонун устуворлиги ва қонунийликни таъминлаш, инсонпарварлик негизига асосланган демократик қадриятларни қарор топтириш давлат сиёсатининг асосий йўналишларидан бири этиб белгиланди.

Бу стратегик вазифани ҳаётга тадбиқ қилишда ўз ишини фақат қонунлар асосида, ҳар қандай тазйиқ ва босимлардан, маъмурий буйруқбозликдан ҳоли тарзда олиб борадиган, чинакам мустақил суд-ҳуқуқ тизимининг мавжудлиги ҳал қилувчи аҳамият касб этади. Бошқача айтганда, фуқароларнинг инсоний қадр-қиммати, ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳар томонлама ҳимоялаш бу борадаги турли ғов ва тўсиқларни тулиқ бартараф этишни тақозо қилади.

Суд-ҳуқуқ тизими илғор хорижий тажрибалар, халқимизнинг адолатпарварлик, бағрикенглик, кечиримлилик фазилатлари асосида такомиллаштирилди.

Мамлакат Президентининг “Суд-ҳуқуқ тизимини янада ислоҳ қилиш, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ишончли ҳимоя қилиш кафолатларини кучайтириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони мазкур жараённинг янги босқичини бошлаб берди.

Фармон Ўзбекистон Республикаси Конституциясида белгиланган судьялар мустақиллиги, уларнинг фақат қонунларга буйсуниш принципларини кафолатлаш билан боғлиқ нормаларни янада мустаҳкамлади. Ўз моҳиятига кўра, бунинг замирида одил судловга эришиш, фуқаролик жамиятининг асосий шарти – барчанинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатлари бирдек ҳимоя қилинишини таъминлаш мақсади мужассамдир.

Мазкур ҳужжатга мувофиқ, суд ҳокимиятининг чинакам мустақиллигини таъминлаш, касбий нуфузини ошириш, юқори малакали ва самарали фаолият юритувчи суд корпусини шакллантириш мақсадида илк бор судьяларнинг ваколат муддатлари қайта кўриб чиқилиб, судьялик лавозимига биринчи маротаба беш йил муддатга ва кейин ўн йил муддатга, шундан сўнг муддатсиз тайинлаш (ёки сайлаш)ни назарда тутувчи тартиб жорий этилди.

2017 йилнинг 1 апрелидан амалиётга жорий қилинаётган одил судлов самарадорлигини оширишга қаратилган қатор ўзгартиришлар суд муҳокамасини фуқаролар манфаатлари устуворлиги принципи асосида, адолатли ўтказишни таъминлайди.

Жиноий жазо сифатида мавжуд бўлган қамоқ жазо тури тугатилиб, унинг ўрнига озодликдан махрум қилиш билан боғлиқ бўлмаган жазо турларини, шунингдек ярашув институти ва “Хабеас корпус” институтини кенгайтириш каби янгиликлар жиноий жазоларни либераллаштириш имконини беради.

Мазкур Фармон мазмуни ва аҳамиятини, суд-ҳуқуқ тизимида жорий қилинаётган янги қоида ва нормаларни фуқаролар ўртасида кенг тушунтириш, аҳоли, айниқса, ёшларнинг ҳуқуқий маданиятини янада юксалтириш саъй-ҳаракатларини жадаллаштириш демократик ислоҳотларни чуқурлаштиришнинг ҳозирги босқичида муҳим вазифаларимиздан бири ҳисобланади.

Ф.Ҳайитов, Самарқанд вилоят адлия бошқармаси масъул ходими