Суд-ҳуқуқ ислоҳотлари, фуқаролар ҳуқуқва эркинликлари ишончли ҳимоясининг янги сифат босқичи

Дата: 12.12.2016    

Ўзбекистонда давлат мустақиллигига эришилгач, суд ҳоки­миятининг фаолияти жамиятда ижтимоий адолатни ўрнатиш, қонун устуворлигини таъминлаш, инсон ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини муҳофаза этишга қаратилди. Мамлакатимизда амалга оширилаётган суд-ҳуқуқ ислоҳотлари туфайли ижобий натижаларга эришилмоқда. Ва бу соҳада ҳали бажарилиши лозим бўлган қатор вазифаларга хусусан, фуқароларнинг суд ҳимоясидан фойдаланиш ҳуқуқини янада кучайтиришга юксак эътибор қаратилмоқда.

Хусусан, жорий йил 21 октябрда “Суд-ҳуқуқ тизимини янада ислоҳ қилиш, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ишончли ҳимоя қилиш кафолатларини кучайтириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Президентининг тарихий Фармони қабул қилиниши мамлакатимизда мустақиллик йилларида амалга оширилган ислоҳотлар суд-ҳуқуқ соҳасини демократлаштириш ва эркинлаштиришни, суд ҳокимиятининг фуқароларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш борасидаги роли ва аҳамиятини оширишни янги сифат босқичига кўтарди, десак муболаға бўлмайди.

Чунки, мазкур Фармоннинг қабул қилиниши суд-ҳуқуқ тизимини янада ислоҳ қилиш, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ишончли ҳимоя қилиш кафолатларини кучайтириш борасида қуйидаги учта асосий устувор йўналишларни белгилаб берди: 1) суд ҳокимиятининг чинакам мустақиллигини таъминлаш; 2) фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ишончли ҳимоя қилиш кафолатларини кучайтириш; 3) одил судловга эришиш даражасини ошириш.

Таъкидлаш жоизки, мазкур устувор йўналишларни амалга ошириш мақсадида суд, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ва назорат органларининг зиммасига улкан масъулият юкланди. Бинобарин, уларнинг муҳим вазифалари этиб биринчидан, судьялар мустақиллиги, уларнинг фақат қонунга бўйсуниши ва одил судловни амалга ошириш борасидаги фаолиятига аралашганлик учун жавобгарликнинг муқаррарлиги принципига оғишмай амал қилинишини таъминлаш, иккинчидан, фуқароларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш, уларга тажовуз қилиш ҳолатлари юзасидан барча зарур чораларни кўриш, жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатларини кўриб чиқиш тартибини бузмаслик ва сансалорликка йўл қўймаслик, учинчидан, тегишли ахборотни ўз вақтида жамоатчиликка етказиш орқали фаолиятнинг очиқлиги ва шаффофлигини таъминлаш, фуқаролик жамияти институтлари, оммавий ахборот воситалари ҳамда аҳоли билан ҳамкорлик самарадорлигини ошириш; тўртинчидан, ҳуқуқни қўллаш амалиёти ва амалдаги қонунчиликни такомиллаштириш орқали тизимли камчилик ва қонунбузилишларни аниқлаш ва бартараф этиш, иш фаолиятига илғор илмий-техника воситалари ҳамда ахборот-коммуникация технологияларини жорий қилиш; бешинчидан, идоравий назоратни кучайтириш, ходимлар ўртасида суиистеъмолчилик ва бошқа ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш ва уларга чек қўйиш, кадрлар таркибини сифат жиҳатидан яхшилаш, кадрларни танлашнинг энг муносиб номзодларни ишга қабул қилишни таъминлайдиган замонавий механизмларини жорий этиш белгиланди.

Фармонда суд-ҳуқуқ тизимини демократлаштириш ва янада либераллаштириш, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини мустаҳкам ҳимоя қилиш кафолатларини кучайтиришга оид принципиал янгиликлар назарда тутилмоқда.

Жумладан, Фармонга мувофиқ суд ҳокимиятининг чинакам мустақиллигини таъминлаш, касбий нуфузини ошириш, юқори малакали ва самарали фаолият юритувчи суд корпусини шакллантириш мақсадида судьялик лавозимига биринчи маротаба беш йил муддатга ва кейин ўн йил муддатга, шундан сўнг муддатсиз тайинлаш (сайлаш)ни назарда тутувчи тартиб жорий этилади.

Киритилаётган бу ўзгартишлар халқаро стандартлар ва ривожланган демократик давлатларнинг илғор тажрибасига тўлиқ мос келади. Жумладан, БМТнинг “Суд органлари мустақиллигига оид асосий Принциплари”нинг 10.12-бандларида тайинланадиган ва сайланадиган судьяларнинг мажбурий пенсия ёшигача бўлган ваколат муддатлари кафолатланган бўлиши лозим лиги мустаҳкамлаб қўйилган. Энг муҳими бундай тартибнинг жорий этилиши судларнинг мустақиллигини таъминлайди, ўз навбатида фуқароларимиз ҳуқуқ ва эркинликларини суд ҳокимиятини ҳокмиятнинг бошқа органлари таъсиридан холи равишда объектив ва холисона ҳимоя қилинишига эришилади.

Фармоннинг суд-ҳуқуқ соҳасидаги дастурий ва тарихий аҳамияти яна шу билан белгиланадики, 2017 йилнинг 1 апрелидан бошлаб суд-ҳуқуқ соҳасида бир қатор муҳим тадбирлар амалга оширилади.

Улар орасида қамоқ тарзидаги жиноий жазо тури тугатилиб, унинг ўрнига озодликдан маҳрум қилиш билан боғлиқ бўлмаган жазонинг муқобил турларини қўллаш имконияти кенгайтирилаётганлигини алоҳида қайд этиш жоиз. Амалдаги Жиноят-ижроия кодекси 35-моддаси 5-қисмига асосан қамоқ жазосига ҳукм этилганларга учрашувлар, телефон орқали сўзлашувлар, посилкалар олиш, озиқ-овқат маҳсулотлари сотиб олиш рухсат этилмайди, ушбу модданинг 4-қисмга кўрса эса, маҳкумларга ҳар куни муддати бор йўғи бир соатлик, вояга етмаганлар, ҳомиладор аёллар ва боласи бор аёлларга эса – атиги бир ярим соатлик сайр қилиш имконияти берилади.

Кўриб турганингиздек, жиноий жазолар тизимидан нисбатан қаттиқ таъсир чораларидан бири чиқарилаётганлиги жиноий жазоларни либераллаштиришга, ҳуқуқбузарларга нисбатан тарбиявий-тузатиш таъсир чораларининг илғор шакл ва услубларини кенг қўллаш бўйича олиб борилаётган сиёсатнинг мантиқий давоми ҳисобланади.

Фармон билан жиноят содир этишда гумон қилинган шахсларни ушлаб туриш муддати 72 соатдан 48 соатга; қамоққа олиш ва уй қамоғи тарзидаги эҳтиёт чораларини қўллашнинг, шунингдек жиноят ишлари бўйича дастлабки терговнинг энг кўп муддатлари 1 йилдан 7 ойга қисқартирилиши эса суриштирув ва ва тергов органлари фаолияти самарадорлигини ошириш йўли билан фуқароларимизнинг эркинлигини асоссиз равишда чеклаш ҳолатларидан тўлароқ ҳимоя қилади.

Эълон қилинган фармон фуқаролар шахсий эркинлиги кафолатлари ҳаққоний амалга оширилиши учун барча зарур шарт-шароитларни яратиш, унинг ҳуқуқий ҳимояланганлигининг юқори даражасини таъминлашга хизмат қилади. Чунки ушбу фармон “хабеас корпус” институтини янада кенгайтириш, ва ривожлантиришга қаратилган тадбирларни давом эттиради. Булар қаторида почта телеграф жўнатмаларини хатлаб қўйиш ва мурдани эксгумация қилиш каби дастлабки тергов ҳаракатларини ўтказишга санкция бериш ваколати прокурорлардан судлар ваколатига ўтказилмоқда.

Бинобарин, фуқароларнинг конституциявий ҳуқуқларини суриштирув ва дастлабки тергов даврида чекловчи барча процессуал ҳаракатлар устидан назорат айнан суд томонидан амалга оширилиши зарур. Зеро, жиноят ишлари юритуви субъектлари ичида фақат судгина айбловдан манфаатдор эмас ва ҳеч қандай тергов механизмларига тобе эмас. Суднинг тергов қонунийлигига солган назари ўзининг табиатига кўра, холис ва адолатлидир.

Суд назорати эса судга қадар босқичларда тортишув принципининг реал таъминланишига, процесс иштирокчиларининг ҳуқуқ ва манфаатларининг ишончли ҳимоя қилинишига ҳамда тергов хатоларини ўз вақтида аниқлаб бартараф этилишига хизмат қилади. Энг муҳими, мазкур институтнинг татбиқ этилиши шахс эркинлигини ҳимоя қилиш борасида умумэътироф этилган принциплар ва халқаро ҳуқуқ нормаларини амалда таъминланишини кафолатлайди.

Бундан ташқари, фармонда судда иш юритиш тезкорлиги ва сифаатини ошириш масалаларига катта эътибор қаратилмоқда. Хусусан, судга қамоққа олиш ёки уй қамоғи тарзидаги эҳтиёт чорасини қўллаш рад этилган тақдирда муқобил эҳтиёт чорасини қўллаш имконияти берилмоқда. Шунингдек, судларнинг жиноят процессидаги ролини оширишга қаратилган янгилик сифатида суд томонидан жиноят ишини қўшимча терговга қайтариш институти бекор қилинмоқда.

Мазкур фармон билан фуқаролик иши бўйича суд қарорини назорат тартибида қайта кўриб чиқиш имкониятини берувчи муддатнинг уч йилдан бир йилга қисқартирилиши эса, фуқаролик ҳуқуқий муносабатларнинг барқарорлиги, фуқаролик процесси иштирокчиларининг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳаққоний ҳимоя қилинишини таъминлашга хизмат қилиши шубҳасиз.

Суд ҳужжатлари қонунийлиги ва асослилигини қайта кўриб чиқиш тизимини такомиллаштиришга оид бир қатор тадбирларнинг белгиланиши ҳам айни муддао бўлди. Жумладан, вилоят даражасидаги судлар томонидан фуқаролик ва жиноят ишларини назорат тартибида қайта кўриш бўйича бир-бирини такрорловчи инстанциялари тугатилади. Ўз навбатида, тегишли суд раислари ва прокурорларнинг назорат тартибида протест келтириш ваколати бекор қилиниши назарда тутилган.

Шу билан бирга, Ўзбекистон Республикаси Олий суди назорат инстанциялари такрорланувчи функцияларнинг чиқариб ташланиши, назорат тартибида ишларни кўриб чиқишнинг фақатгина Ўзбекистон Республикаси Олий Суди судлов ҳайъатлари ва Раёсатига юклатилиши, шунингдек хўжалик судлари тизимида минтақавий апелляция судларини ташкил этилиши суд фаолияти тезкорлигини оширади, процесс иштирокчиларини ортиқча овора қилиш ҳолатларини олдини олади ҳамда чиқарилаётган суд ҳужжатлари сифатини оширади.

Умумий юрисдикция судлари фаолиятини моддий-техника жиҳатидан ва молиявий таъминлаш бўйича адлия органлари функцияларининг Ўзбекистон Республикаси Олий судига ўтказилиши суд ҳокимияти мустақиллиги ва холислигини таъминлашга хизмат қилади ҳамда халқаро стандартларга тўла мос келади.

Фармон билан Ўзбекистон Республикаси Олий суди, Олий хўжалик суди, Бош прокуратураси ва бошқа манфаатдор идораларга 2017 йил 1 июлга қадар илғор хорижий тажрибани ўрганган ҳолда қатор масалалар бўйича асослантирилган таклифлар тайёрлаш топширилганлиги алоҳида эътиборга молик.

Булар қаторида суд-прокурор ходимларининг малакасини ошириш ва раҳбар кадрлар тайёрлаш тизимини такомиллаштириш; процессуал ҳаракатларни амалга оширишда вояга етмаганларнинг ҳуқуқий ҳимоясини кучайтириш, жиноий жазоларни либераллаштириш, шунингдек судланганлик ҳолатини тугатиш ва судланганликни олиб ташлаш муддатлари ва асосларини қайта кўриб чиқиш; ўзбек халқининг эзгулик ва раҳмдиллик каби кўп асрлик анъаналарига мос бўлган ярашув институтини жиноят процессида қўллаш доирасини кенгайтириш; ижтимоий хавфи катта бўлмаган айрим турдаги жиноят таркибларини жиноят тоифасидан чиқариш; жабрланувчининг аризаси асосида жиноят иши қўзғатилиши мумкин бўлган жиноят таркиблари рўйхатини кенгайтириш муҳим аҳамиятга эга бўлади.

Фармон билан электрон тартибда суд ва ижро иши юритишнинг замонавий шакл ва усулларини, одил судловга эришишнинг илғор механизмларини жорий этиш орқали одил судлов сифатини ошириш масаласи белгилаб ўтилган. Ташаббуснинг амалга оширилиши суд фаолиятининг самарадорлигига, шунингдек “Электрон ҳукумат тўғрисида”ги Қонунни амалга ошириш доирасида мамлакатимизни ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришнинг замонавий босқичи талабларига тўлиқ асосланган одил судловнинг жамоатчилик учун очиқлиги, шаффофлиги ва эркинлиги принципларини ҳаётга изчил татбиқ этишга хизмат қилади.

Бундан ташқари, мамлакатимизда олиб борилаётган ислоҳотлар ва туб ўзгаришларнинг самарали амалга оширилиши ҳамда қонунийликни таъминлашда юридик хизматлар ролини ошириш зарурлигини инобатга олган ҳолда, Фармонда давлат органларининг юридик хизматлари фаолиятини янада такомиллаштиришга доир аниқ чора-тадбирлар назарда тутилган.

Фармон талабларини ўз вақтида ва тўлиқ бажарилишини таъминлаш мақсадида суд-ҳуқуқ тизимини янада ривожлантириш борасида 8 та энг устувор соҳалар бўйича 45 та аниқ тадбирларни амалга оширишни назарда тутувчи Комплекс чора-тадбирлар дастури тасдиқланди. Ушбу тадбирларни сифатли ва ўз вақтида амалга ошириш бўйича Комиссия ташкил этилди.

Шу муносабат билан жиноят, жиноят-процессуал, фуқаролик процессуал, хўжалик процессуал кодекслари ва бир қатор бошқа қонун ҳужжатларига зарур ўзгартиш ва қўшимчалар киритилиши назарда тутилган.

Фармоннинг яна бир аҳамиятли жиҳати шундан иборатки, инсон ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш тизимини изчил такомиллаштириш ва мустаҳкамлаш мақсадида умумэътироф этилган халқаро стандартлар асосида бир қатор алоҳида қонунлар, шу жумладан “Жабрланувчилар, гувоҳлар ва жиноят процессининг бошқа иштирокчиларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги, “Медиация тўғрисида”ги, “Маъмурий судлов ишларини юритиш тўғрисида”ги қонунларни қабул қилиш режалаштирилмоқда.

Хулоса ўрнида таъкидлаш жоизки, мазкур дастурий ҳужжатнинг амалга оширилиши Ўзбекистон Республикаси суд-ҳуқуқ тизими фаолиятини сифат жиҳатидан янги босқичга олиб чиқиш, фуқароларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ҳамда қонуний манфаатлари ишончли ҳимоя қилинишини таъминлаш, шунингдек аҳолининг одил судловга бўлган ишончини янада мустаҳкамлашга хизмат қилади.

Х.Маматов, Самарқанд вилоят адлия бошқармаси бошлиғи