Суд – ҳуқуқ тизимидаги янги ислоҳотлар

Дата: 12.12.2016    

Мамлакатимиз мустақилликка эришгандан сўнг, бошқа соҳалар сингари инсон ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлашнинг муҳим мезони бўлган суд-ҳуқуқ тизимини ислоҳ қилиш орқали уни тубдан такомиллаштиришга алоҳида эътибор қаратилди.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2016 йил 21 октябрдаги “Суд-ҳуқуқ тизимини янада ислоҳ қилиш, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ишончли ҳимоя қилиш кафолатларини кучайтириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони суд ҳокимиятининг фуқаролар ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш борасидаги роли ва аҳамиятини янада оширишда муҳим аҳамият касб этади.

Даставвал, умумий юрисдикция судлaри иxтисoслaштирилиб фуқaрoлик, жинoят ва хўжалик ишлaри бўйичa судлaр тaшкил этилди. Бу улaрнинг фуқaрoлик, жинoят вa хўжалик ишлaрини мaлaкaли aсoсдa мазмунан кўриб чиқиш, инсoн ҳуқуқ вa эркинликлaрини тўлa вa ҳaр тoмoнлaмa ҳимoя қилиш бўйичa фaoлияти сaмaрaдoрлигини oширишгa xизмaт қилмоқда.

Ушбу Фармонга асосан фуқаролик, жиноят ишлари бўйича судлар ва хўжалик судларининг ваколатларини қайта кўриб чиқиш йўли билан маъмурий судларни ҳамда хўжалик судлари тизимида минтақавий апелляция судларини ташкил этиш назарда тутилмоқда.

Шунингдек, почта-телеграф жўнатмаларини хатлаб қўйиш ва эксгумация қилиш учун санкция бериш ҳуқуқини судларга ўтказиш, судларга қамоққа олиш ёки уй қамоғи тарзидаги эҳтиёт чорасини қўллаш рад этилганда муқобил эҳтиёт чораларини қўллаш ҳуқуқини бериш, терговнинг тўлиқ эмаслигини суд муҳокамаси жараёнида тўлдириш механизмларини жорий этиш орқали суд томонидан жиноят ишини қўшимча тергов юритишга қайтариш институтини бекор қилиш назарда тутилмоқда.

Одил судловнинг демократик тамойилларидан бири – судда ишларни юритишда томонларнинг тортишуви принципи, томонларнинг ярашганлиги муносабати билан жиноий жавобгарликдан озод қилиш институти, ижтимоий хавфи катта бўлмаган айрим жиноят таркибларини жиноят тоифасидан чиқариш тартиби жорий этилди.

Фармонга асосан томонларнинг ярашганлиги муносабати билан жиноий жавобгарликдан озод қилиш институтини янада кенгайтириш, ижтимоий хавфи катта бўлмаган айрим жиноят таркибларини жиноят тоифасидан чиқариш, жиноят ишини қўзғатиш фақат жабрланувчининг аризасига кўра амалга ошириладиган жиноят таркиблари рўйхатини янада кенгайтириш назарда тутилмоқда.

Бундан ташқари, 2017 йил 1 апрелдан бошлаб озодликдан маҳрум қилиш билан боғлиқ бўлмаган муқобил жазо турларини қўллаш кенгайтирилади. Жиноятни содир этишда гумон қилинган шахсларни ушлаб туриш муддати 72 соатдан 48 соатга қисқартирилади. Қамоққа олиш ва уй қамоғи тарзидаги эҳтиёт чораларини қўллашнинг, шунингдек дастлабки терговнинг энг кўп муддати 1 йилдан 7 ойга қисқартирилади. Почта-телеграф жўнатмаларини хатлаб қўйиш ва эксгумация қилиш учун санкция бериш ҳуқуқи судларга ўтказилади. Судларга қамоққа олиш ёки уй қамоғи тарзидаги эҳтиёт чорасини қўллаш рад этилганда муқобил эҳтиёт чораларини қўллаш ҳуқуқи берилади. Терговнинг тўлиқ эмаслигини суд муҳокамаси жараёнида тўлдириш механизмларини жорий этиш орқали суд томонидан жиноят ишини қўшимча тергов юритишга қайтариш институти бекор қилинади. Фуқаролик иши бўйича суд қарорини назорат тартибида қайта кўриб чиқиш муддати 3 йилдан 1 йлига қисқартирилади.

Хулоса ўрнида айтиш мумкинки, мазкур Фармон билан мамлакатимзда одил судловнинг мавқеи янада ошиши билан бир қаторда, Ўзбекистонда демократик ҳуқуқий давлат ва фуқаролик жамияти қуриш жараёнида кучли ижтимоий ҳимоя сиёсати ҳам янги босқичга кўтарилади.

С.Чулиев, Самарқанд вилоят адлия бошқармаси масъул ходими