Суд-ҳуқуқ тизимини янада ислоҳ қилиш, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ишончли ҳимоя қилиш кафолатларини кучайтириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармоннинг нотариат соҳасини такомиллаштиришдаги ўрни

Дата: 16.12.2016    

Нотариат институти жисмоний ва юридик шахсларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ҳамда уларнинг қонуний манфаатларини таъминлашда муҳим ўрин тутади.

Мустақилликдан сўнг бу институтни такомиллаштиришга қаратилган мустаҳкам ҳуқуқий базани яратишда алоҳида эътибор қаратилди.

Хусусан, соҳани тўғридан тўғри тартибга солишга, жисмоний ва юридик шахсларга малакали ҳуқуқий хизмат кўрсатишга қаратилган 20 дан ортиқ қонун ҳужжатлари қабул қилинди.

Яқинда қабул қилинган Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Суд-ҳуқуқ тизимини янада ислоҳ қилиш, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ишончли ҳимоя қилиш кафолатларини кучайтириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони нотариат институти соҳасидаги ислоҳатларни янги босқичга олиб чиқди.

Жумладан, фармон билан тасдиқланган Суд-ҳуқуқ тизимини янада ислоҳ қилиш, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ишончли ҳимоя қилиш кафолатларини кучайтириш бўйича комплекс чора-тадбирлар Дастурининг Юридик ёрдам ва хизмат кўрсатиш тизимини янада такомиллаштириш деб номланган VIII-бўлимида адвокатура соҳаси билан бир қаторда нотариат ва ФҲДЁ соҳасини такомиллаштиришга қаратилган бир қатор вазифалар белгиланди.

Маълумки, “Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тўғрисида”ги қонунда мурожаатлар шакли доирасига электрон мурожаат ҳам киритилди.

Ҳозирда ахборот-коммуникация технологиялари ривожланган пайтда элекрон шаклдаги мурожаат жисмоний ва юридик шахслар учун алоҳида қулайлик яратмоқда.

Шу сабабли, юқорида номи келтирилган чора-тадбирнинг 43-бандида нотариал идоралар ва ФҲДЁ органлари томонидан юридик хизмат кўрсатишни янада такомиллаштириш мақсадида нотариал идораларга электрон мурожаат қилиш тартибини жорий этиш назарда тутилмоқда.

Шунингдек, мазкур бандда нотариал идоралар ва ФҲДЁ органлари томонидан кўрсатилаётган хизматлар учун тўловларни тўлашда электрон тўловлардан фойдаланиш тартибини жорий этиш юзасидан таклифлар ишлаб чиқиш белгиланди.

Бирон бир соҳасининг келгусидаги такомиллашуви албатта унинг етарлича кўникма ва малакага эга бўлган кадрлар заҳираси мавжудлигига боғлиқдир.

Шу мақсадга дастурнинг 44-бандида 2017 йилнинг III-чорагига қадар амалдаги қонун ҳужжатларга ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш орқали лавозимида уч йиллик стажга эга бўлган нотариус ёрдамчисига тегишли стажировкани ўтамасдан туриб нотариус лавозимини эгаллаш учун танловда иштирок этиш имконини бериш назарда тутилмоқда.

Шунингдек, дастурда назарда тутилган нотариус ёрдамчисига ҳужжат нусхалари тўғрилигини тасдиқлаш ваколатини бериш тартиби келгусида жисмоний ва юридик шахсларга кўрсатиладиган нотариал ҳаракатлар тезкорлигини оширишга хизмат қилади.

Ҳозирги кунда давлат хизмати самарадорлигини таъминлаш, бунинг учун эса кадрларни жой-жойига қўйиш, ўз-ўзини тартибга соладиган, ривожлантирадиган механизмлардан бири сифатида ротация институтини қўллаш муҳим аҳамиятга эга бўлмоқда.

Шу сабабли, дастурда 2017 йил III-чоракка қадар нотариусларни аттестациядан ўтказиш ва уларни даврий ротация қилиш тартибини жорий этишни назарда тутадиган таклифлар тайёрлаш вазифаси қайд қилинган.

Ж.Қаршиев, Самарқанд вилоят Тайлоқ туман 1-сон ДНИ нотариус стажёри