Кучли ва одил суд-ҳуқуқ тизими-ҳуқуқий демократик давлат асоси

Дата: 19.12.2016    

Мамлакатимизда суд ҳокимияти мустақиллигини таъминлаш, уни фуқаролар ҳуқуқ ва эркинликларини ишончли ҳимоя қила оладиган мустақил давлат институтига айлантиришга қаратилган ислоҳотлар амалга ошириб келинмоқда. Хусусан, ўтган йилларда жиноят-процессуал, фуқаролик-процессуал қонунчилиги жиддий ислоҳ қилиниб, суд тизими ижро этувчи ҳокимият органлари назорати ва таъсиридан чиқарилди.

Умумий юрисдикция судлари ихтисослаштирилиб, фуқаролик, хўжалик ҳамда жиноят ишлари бўйича судлар ташкил этилди. Натижада жиноят ва фуқаролик ишларини малакали асосда кўриб чиқиш ҳамда инсон ҳуқуқ ҳамда эркинликларини кафолатловчи мустаҳкам ҳуқуқий замин яратилди.

Бугунги кунда фуқаролар биринчи инстанция суди қароридан норози бўлган тақдирда, ҳуқуқ ва манфаатларини апелляция инстанциясида, ўз адвокати иштирокида ҳимоя қилиш имкониятига эга бўлди. Шу тариқа фуқароларнинг биринчи инстанция суди қарорига нисбатан шикоятларини яширин, ёпиқ тарзда кўриб чиқиш тартиби батамом тугатилди. Жорий этилган ушбу янгилик биринчи инстанция судлари томонидан йўл қўйилган хатоларни ўз вақтида тузатиш ҳамда суд фаолиятида сансалорликка йўл қўйилмаслигининг кафолатига айланди.

Кейинги йилларда қабул қилинган бир қатор қонунлар ҳам соҳа ривожида муҳим роль ўйнамоқда.

Хусусан, 2014 йил 20 январдаги “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Қонун асосида Меҳнат кодексига, “Судлар тўғрисида”, “Аҳолини иш билан таъминлаш тўғрисида”ги қонунларга ўзгартиш ва қўшимчалар киритилиб, судьялик лавозимига сайланганлиги ёки тайинланганлиги туфайли ишдан озод қилинган ходимларга уларнинг ваколатлари тугаганидан кейин судьялик лавозимига сайланишига ёки тайинланишига қадар эгаллаб турган аввалги иши (лавозими), бундай иш (лавозим) мавжуд бўлмаганда эса, аввалгисига тенг бошқа иш (лавозим) берилилиши белгилаб қўйилди.

Шуни таъкидлаш керакки, суд-ҳуқуқ ислоҳотлари жараёнида соҳани ҳар жиҳатдан етук, ўз вазифасига масъулиятли, билимли ҳамда қасамёдига содиқ, пок виждонли кадрлар билан таъминлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Зеро, шундай юксак фазилатларга эга мутахассис ислоҳотлардан кўзланган асосий мақсадни рўёбга чиқаришга қодир. Шундан келиб чиқиб, Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Судьяларни танлаш ва лавозимларга тавсия этиш бўйича олий малака комиссиясининг 2013 йил 28 февралдаги қарори билан Судьялар одоб-ахлоқи қоидалари тасдиқланди.

Мазкур қоидалар умумий юрисдикция ва хўжалик судлари судьяларига нисбатан татбиқ этилиб, унга судьялар касбий фаолиятини амалга оширишдан ташқари, хизматдан бошқа вақтларда ҳам амал қилишлари шарт қилиб қўйилди. Эътиборлиси, илк бор судьялик лавозимига сайланган ёки тайинланган шахс судьялик қасамёдини қабул қилгач, ушбу қоидаларнинг тантанали топширилиши ҳам амалиётга жорий этилди.

Ҳокимиятлар тизимида суд хокимиятининг самарали фаолиятини ташкил қилиш ва ўрнини белгилаш муаммоларининг долзарблиги ҳуқуқий давлатда ҳокимиятнинг мазкур бўғини зиммасига юкланадиган вазифа билан белгиланади. Суд ҳокимияти фуқароларнинг ҳуқуқларини ва “умуман ҳуқуқ”ни ҳокимият ваколатларига эга мансабдор шахслар ҳамда давлат идораларининг ҳуқуққа зид бўлган ҳар қандай қарорлари, ҳатти-харакатларидан муҳофаза қилиши ва шу тариқа ҳуқуқнинг ҳукмронлигини таъминлаши лозим. Ўзбекистонда мана шундай хокимиятни вужудга келтириш суд-ҳуқуқ тизимини янада либераллаштириш ва ислоҳ этишнинг асосий вазифасидир.

“Суд-ҳуқуқ тизимини янада ислоҳ қилиш, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ишончли ҳимоя қилиш кафолатларини кучайтириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Президентининг Фармони 21 октябрдаги 2016 йилдаги ПФ-4850-сони мазкур тизимни янада демократлаштириш ва эркинлаштириш, суд, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ва назорат органлари фаолияти самарадорлигини ошириш, аҳолининг одил судловга бўлган ишончини кўчайтириш, жамиятда қонун устуворлигини таъминлаш ва қонунийликни мустаҳкамлаш мақсадларини кўзланганлиги боис Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 13-моддасида ифода этилган “Ўзбекистон Республикасида демократия умуминсоний принципларга асосланади, уларга кўра инсон, унинг ҳаёти,эркинлиги, шаъни, қадр-қиммати ва бошқа дахлсиз ҳуқуқлари олий қадрият ҳисобланади” деган нормани ҳаётга бевосита татбиқ этишга йўналтирилганлиги билан аҳамиятлидир.

Дарҳақиқат, Конституциямизнинг 106-моддасида суд ҳокимияти қонун чиқарувчи ва ижро этувчи ҳокимият, сиёсий партия ва бошқа жамоат бирлашмаларидан мустақил ҳолда фаолият юритиши белгилаб қўйилган. Бу эса амалиётда одил судловни холис, юқори савияда амалга ошириш имконини беради.

Фармон билан 2017 йилнинг 1 апрелидан жиноят, жиноят-процессуал, фуқаролик процессуал ва бошқа қонун ҳужжатларига инсон ҳуқуқ ва эркинликлари устуворлигини таъминлаш, суд муҳокамасини адолатли ва ўз вақтида ўтказиш, жазонинг адолатли ва инсонийлиги кафолатларини кучайтиришни инобатга олган ҳолда одил судлов самарадорлигини оширишга қаратилган бир қатор ўзгартишлар киритилмоқда.

Жумладан, қамоқ тарзидаги жиноий жазо тури тугатилиб, унинг ўрнига озодликдан маҳрум қилиш билан боғлиқ бўлмаган жазонинг муқобил турларини қўллаш имконияти кенгайтирилмоқда. Яъни жиноий жазолар тизимидан нисбатан қаттиқ таъсир чораларидан бири чиқарилаётганлиги жиноий жазоларни либераллаштиришга, ҳуқуқбузарларга нисбатан тарбиявий-тузатиш таъсир чораларининг илғор шакл ва услубларини кенг қўллаш бўйича олиб борилаётган сиёсатнинг мантиқий давоми ҳисобланади. Жиноят процессида фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилишнинг ҳуқуқий кафолатларини кучайтириш, жиноят ишларини тергов қилишнинг тезкорлигини ошириш доирасида: Жиноят содир этишда гумон қилинган шахсларни ушлаб туриш муддати 72 соатдан 48 соатга; Қамоққа олиш ва уй қамоғи тарзидаги эҳтиёт чораларини қўллашнинг, шунингдек жиноят ишлари бўйича дастлабки терговнинг энг кўп муддатлари 1 йилдан 7 ойга қисқартирилмоқда.

Ушбу чораларнинг жорий этилиши, бир томондан, фуқароларнинг эркинлигини асоссиз чеклаш ҳолатларидан ҳимоя қилинишини, иккинчи томондан, суриштирув ва тергов органларининг масъулияти ва фаолияти самарадорлиги ошишини таъминлайди. Асосий қонунимиздаги инсонпарварлик тамойилига мос суд-ҳуқуқ тизими ислоҳатларидан яна бири, шубҳасиз, суд амалиётига ярашув институтининг жорий этилишидир. Бу янгилик миллий урф-одатларимиз ва умуминсоний қадриятларга мослиги билан ҳам эътиборга молик. Унга кўра, ижтимоий хавфи катта бўлмаган жиноий қилмишни содир этган шахс жабрланувчига етказган зарарни қоплаган тақдирда, жиноий жавобгарликка тортилмайдиган бўлди. Фармонга асосан, томонларнинг ярашганлиги муносабати билан жиноий жавобгарликдан озод қилиш иститутини янада кенгайтириш белгилаб қўйилди.

Умуман, мазкур фармон суд-ҳуқуқ тизими ислоҳатларида янги даврини, сифат босқичини бошлаб беради. Зеро, мазкур дастуриламал хужжат асосида ишлаб чиқиладиган қонун ва бошқа норматив ҳуқуқий хужжатлар суд хокимияти мустақиллигини янада мустаҳкамлашга, одил судловни таъминлашга, фуқаролар ҳақ-ҳуқуқларининг ишончли ҳимоя қилинишини кафолатлашга, пировардида мамлакатимиз тинчлиги ва ҳалқимиз осуда ҳаётининг бардавомлигини таъминлашга хизмат қилади.

В.Ахмедов, Самарқанд вилоят адлия бошқармаси масъул ходими